понедельник, 7 мая 2018 г.

Бўларкан-ку! Самарқанддаги Жом қишлоғининг қиёфаси тубдан ўзгарди


2018 йил давомида “Обод қишлоқ” дастури доирасида Самарқанд вилоятининг иккита шаҳридаги 4та маҳаллада ва 14та туманидаги 28та қишлоқда кенг кўламдаги ободонлаштириш ва қайта қуриш ишлари амалга оширилади. Айни пайтда керакли маҳалла ва қишлоқлар рўйхати тузилиб, ишларни бошлашга ҳозирлик кўрилмоқда. 


Белгиланган ишлар амалга оширилса, 104 минг нафардан кўпроқ аҳоли истиқомат қилаётган 17565 хонадон обод бўлади. Натижада юртимиз гўзал қиёфа касб этади, аҳоли руҳиятида ижобий ўзгариш юз беради, келажакка бўлган ишонч мустаҳкмланади. Шу ҳақда сўз юритиб, Президент Шавкат Мирзиёев 26 апрелда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида қуйидагиларни уқтирган эди: “Хароб ва файзи йўқ жойда яшаётган аҳолининг кайфияти ҳам, келажакка интилиши ҳам бўлмайди. Агар биз қишлоқларни обод қилсак, у ердаги халқнинг кайфияти ўзгаради, ўз ҳаётини янада яхшилашга интилиш пайдо бўлади, қишлоқлар иқтисодий юксалади. Буларнинг бари Ватанимизнинг ободлиги ва иқтисодий юксалиши учун яна бир муҳим туртки бўлади”.

Кейинги икки ой давомида вилоятнинг Жом қишлоғи ва унинг атрофидаги маҳаллаларда амалга оширилган ишлар “Обод қишлоқ” дастурини рўёбга чиқаришнинг дастлабки тажрибаси сифатида катта аҳамиятга эга. Бу ерда 3166 та аҳоли хонадони бўлиб, уларда қарийб 25 минг нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Мазкур қишлоқлар инфратузилмасини тубдан яхшилашда, аҳоли учун етарли турмуш шароитларини яратиш ишларида давлат органлари, хўжалик юритувчи ва тадбиркорлик субъектлари, жамоатчилик вакиллари ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Жом ва Гирдиқўрғон маҳаллаларидаги турар-жой бинолари хатлови ўтказилганда 663 та бино таъмирталаб эканлиги аниқланди. Улардан 469 таси таъмирланди, уйлар ва уларнинг атрофи тўсиқ деворлар билан ўралди. Ҳозирда 194 та турар жойда таъмирлаш ишлари давом этмоқда.

Кўп йиллардан бери деярли фойдаланимаган аҳоли томорқаларидан банк кредитлари ҳисобидан бир сотихлик иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Шу кунгача 230 дан ортиқ хонадонда ана шундай иссиқхоналар қуриш учун хандаклар қазилди. “Томорқа хизмати” томонидан 21 та иссиқхонанинг усти ёпилди, томчилатиб суғориш воситалари ва кўчатлар билан таъминланди.
 
Жомда шу вақтгача мактабгача таълим муассасаси бўлмаган. Дастур бўйича бу ерда иккита болалар боғчаси қурилиши режалаштирилган. Айни пайтда улардан биттасининг қурилиши тугалланиб, пардозлаш ишлари олиб бориляпди.

Қишлоқдаги мактаблар таъмирдан чиқарилиб, мебеллари янгиланди, ҳудудлари ободонлаштирилди, 8 минг туп мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилди. Иккита мактабда иссиқхона ташкил этилди.

Жом деҳқон бозори тўлиқ бузиб ташланди ва унинг ўрнида замонавий лойиҳалар асосида 420 ўринли деҳқон бозори қурилаяпти. Бозор май ойида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Қишлоқнинг йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Масалан, 23,1 км масофадаги йўлга тош тўкилди, 0,55 км масофада асфальт ётқизилди. Яқин кунлар ичида яна 4,85 км йўлга  асфальт ётқизилади.

Бу ерда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда катта муаммолар мавжуд эди ва у ўн йиллар давомида ҳал этилмасдан келиниётган эди. Одамлар узоқ масофага сув ташиб боришга мажбур эди.

Эндиликда бундай ноқулайликларга барҳам берилади. Ҳозиргача 18 км масофага сув тармоғи тортилди, битта янги сув иншооти қурилиб, ишга туширилди ва иккитаси таъмирланди.
 
Электр таъминотини яхшилаш бўйича ҳам бир қатор амалий ишлар бажарилди.  Жумладан, 8 та трансформатор, 483 дона бетон устунлар ўрнатилди, 22,3 км масофага кабел тортилди. Бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда. Яна 7та янги трансформатор, 100тага яқин бетон устунлар ўрнатилади.

Қишлоқ аҳолисини соғлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Бу йўналишда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот олиш учун Самарқанд шаҳар шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Хуршид Ниёзовга мурожаат қилдик. Суҳбатдошимнинг сўзларига қараганда, кейинги икки ой давомида вилоят ва шаҳар тиббиёт муассасаларининг тор соҳа мутахассисларидан иборат 4та гуруҳи томонидан ҳудудда доимий истиқомат қилаётган аҳолининг асосий қисми – 90 фоиздан ортиғи чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Аниқланган касалликларни амбулатор ва стационар даволаш учун беморларга тавсиялар берилди. Бир қатор беморлар даволаниш учун тиббиёт муассасаларига ётқизилди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов кам таъминлаган оилаларга берилган амалий ёрдам ҳақида гапириб, шундай деди: “Биз ҳам катта ишдан ўзимизни четга олганимиз йўқ. Санатория шароитида даволанишга муҳтож бўлганлардан 10 нафарига Нуробод туманидаги Ибн Сино санаториясига бепул йўлланма ажратдик. 20 нафар болани эса ёзги дам олиш оромгоҳларига юборамиз. Шунингдек, 5та кам таъминланган оиланинг турар жойини 14 млн сўмгача маблағ сарфлаб таъмирдан чиқардик. 10та оилага маиший техника сотиб олиб беришни, икки нафар фуқарога 4 млн сўмгача дори-дармон олиб бериш ёки уларнинг даволаниш харажатларини қоплашни режалаштирганмиз”.

Шунингдек, “Обод қишлоқ” дастури доирасида Жомда қишлоқнинг қиёфасини тубдан ўзгартиришга қаратилган бошқа ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Тез фурсат ичида белгиланган барча ишлар тугатилади. шундан кейин бу ҳақда алоҳида сўз юритиш ниятимиз бор

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

​“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоатчилик” бўлими, 30.04.2018

Комментариев нет:

Отправить комментарий