пятница, 30 марта 2012 г.

Ногиронларда умид учқунлари уйғотаётган саховатпешалик


Самарқандда ташкил этилган Ногиронлар спорт клуби ўз олдига ҳаракати чекланган кишиларни турли тўгаракларга бирлаштириш, мусабақаларда иштирокини таъминлаш ва уларга ҳар томонлама кўмаклашиш каби эзгу мақсадларни қўйган.  Нодавлат  нотижорат ташкилоти(ННТ)га бирлашишдан олдин ташаббус гуруҳи аъзолари ногиронларни қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш йўлида қатор хайрли ишларни бажаришди.

Ҳаммаси бундан уч йил олдин бошланган эди. Грин карта асосида вақтинчалик АҚШда яшаётган Мунира Маҳмудова ўзи туғилиб ўсган Кўкмачит маҳалласида бўлган вақтида маҳалла оқсоқоли Даврон Солиҳов унга ногиронларга ёрдам кўрсатиш имкони хусусида сўраган эди. Оқсоқолнинг саволи айни муддао бўлди. Чунки бутун иш фаолияти давомида тиббиёт соҳасида жонбозлик кўрсатиб келган тажрибали врач Мунира опа кўпдан бери ёрдамга муҳтож маҳалладошларига кўмаклашиш учун нима қилиши мумкинлигини ўйлаб юрган эди.

“Биз Ўзбекистон фуқаросимиз, шу замин фарзандимиз, – дейди М.Маҳмудова. – Биз хорижда Ватанни қўмсаб яшаймиз, унинг равнақи йўлида қўлимиздан келганини қиламиз. Бу ерда яшаш муддати тугаши билан юртимизга қайтамиз. Мен Нью-Йоркка келишим билан ўзим яхши билган юртдошларимизни тўплаб, уларни Даврон ака билан бўлиб ўтган суҳбатимиз тафсилоти билан таништирдим”. Барча йиғилганлар ногиронларга, беморларга, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдиргандан сўнг ташаббус гуруҳи ташкил этилди.  

Ташаббус гуруҳига Мунира опани раис этиб сайлашди. Гуруҳ аъзолари Шокиржон Ашуров, Фурқат Турсунов, Бахтиёр Камолов саъй-ҳаракати билан ватандошларимиздан тўпланган маблағ эвазига ногиронлар учун аравачалар сотиб олиниб, улар Самарқанддаги Афғон уруши қатнашчиларига юборилди. Иккинчи марта инсонпарварлик ёрдами 9-Меҳрубонлик уйига жўнатилди.

Шундан сўнг Мунира опанинг гуруҳига кўмаклашиш истагида бўлганларнинг сони ортиб бораверди. Бу сафар ўтган галдагилардан кўпроқ – 4 тонна юк тўпланди. Уни жўнатиш катта маблағни талаб этгани боис ташаббус гуруҳи Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги консуллигига ёрдам сўраб мактуб орқали мурожаат қилди. Мактубда Ўзбекистон Ҳаво Йўллари авиакомпанияси самолёти билан юкни Тошкентга бепул етказиш масаласини кўриб чиқиш сўралган эди. Консуллик ушбу мактубни Ташқи ишлар вазирлигига, вазирлик эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборди.

Масала Вазирлар Маҳкамасида ижобий ҳал этилди. Ўзбекистон Ҳаво Йўллари авиакомпанияси гуманитар юкни бепул олиб келишни ўз зиммасига олди. Натижада ногиронлар учун аравачалар, юролмайдиган кишиларга мўлжалланган техник мосламалар, турли хил ҳассалар, кийим-кечак ва бошқалар – ҳаммаси бўлиб 4 тонна юк манзилга етказилди.

Гуманитар юкни керакли ташкилот ва муҳтож кишиларга тўғри тақсимлаш мақсадида Самарқандда ҳам врач Анора Абдуллаева бошчилигида ташаббус гуруҳи тузилди. Юкни қабул қилиб олиш ва тарқатишда юқорида номи тилга олинган ташкилотлардан ташқари Самарқанд вилоят ҳокимлигининг хизмати катта бўлди. Шу ҳақда сўз юритиб, А.Абдуллаева биринчи навбатда ёрдам кўрсатиладиганлар рўйхати тузилганлигини таъкидлади. “Булар – Кўкмачит ва Девори Кўндаланг маҳаллалари, Самарқанд Саховат уйи, 61-сон кар болалар махсус мактаб-интернати, вилоят психоневрологик диспансери ва бошқалардир”, – дейди суҳбатдошимиз.

Д.Салиховнинг сўзларига қараганда, Кўкмачит маҳалла чойхонасида кам таъминланган оилаларни тўплаб, уларга кийим-кечак, пойафзал, шахсий гигиена воситалари тарқатилган. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Мажид бобо Содиқов, Субҳон бобо Мухторов, ногиронлар Мария Никонова, Гавҳар Наъматова уйларида бўлиб, уларга совғалар улашилди.

Юриш учун мосламани совға сифатида олган 76 ёшли Ада Прохина сўзларига қулоқ тутайлик: “Мен 4 йилдан бери ўрнимдан туролмасдим. Ана энди хона ичида бўлса ҳам оёқда туриб, ҳаракат қилиш имконига эга бўлдим. Сиз туфайли ҳаётга қайтишим учун менда умид уйғонди. Сизлар учун ибодат қиламан. Раҳмат”.

Саховатпеша юртдошларимизга билдираётган бундай миннатдорчиликларнинг сон-саноғи йўқ. “Энг асосийси, бажараётган ишимиз атрофдагиларимизга қувонч бағишлаётганлигини ҳис этиб турдик, – дейди ишчи гуруҳининг ҳуқуқий ишлар бўйича маслаҳатчиси Эркин Умидов. – Айниқса, болалар  қанчалик хурсанд бўлганлигини кўрсангиз эди! Гап фақат нарсада эмас экан. Одамлар уларга қаратилаётган эътибордан бошлари осмонга етишига гувоҳ бўлдик”.

Ўз фаолиятининг ўта муҳимлигига ишонч ҳосил қилгач, ташаббус гуруҳи расмий ташкилотга бирлашиб, муҳтожларга ёрдам кўрсатишни юқори даражага кўтаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Шу тариқа Ногиронлар спорт клуби ташкил этилди. Клуб ногиронларни спорт билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар яратиб беришни ўзининг муҳим вазифаларидан бири деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, хориждаги юртдошларимиздан ташқари мамлакатимиздаги мурувватли кишиларни ҳам саховатпешалик ишларига жалб қилишни клуб аъзолари уз олдларида мақсад қилиб қўйишган.

АҚШдаги ватандошларимиз ҳам ўз ишчи гуруҳларининг фаолият кўламини кенгайтириш ва унга ҳуқуқий мақом бериш мақсадида ўтган йилнинг охирида “Light of hope” (“Умид ёлқини”) нодавлат ташкилотини тузишди. Ташкилотни бошқараётган М.Маҳмудова сўзларига қараганда, энди Самарқанддаги Ногиронлар спорт клуби билан алоқани янада кенгайтириб, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам инсонпарварлик ёрдами юборилади.

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий