Самарқанд шаҳрининг Боғимайдон-2 маҳалласида яшовчи саховатпеша тадбиркорлардан бирининг ташаббуси билан ушбу муборак Рамазон кунлари маҳалладаги кам таъминланган, боқувчисинин йўқотган 12 нафар фуқаронинг ҳолидан хабар олинди ҳамда уларга хайр-эҳсон қилинди.
Боғимайдон-2 маҳалласида турли байрам ва мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим
саналарни ўзига хос тарзда нишонлаш анъанага айланган. Унга кўра маҳалладаги кам
таъминланган, боқувчисини йўқотган фуқаролар ва ўрнидан туролмайдиган беморлар ҳолидан хабар олинади, имкониятдан
келиб чиққан ҳолда уларга совға-салом улашилади. Ушбу анъанага мувофиқ маҳалладаги
12 оилага муборак Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан эҳсон тарқатилди. Гўшт,
тухум, шакар, ўсимлик мойи, чой, макарон каби рўзғор учун зарурий маҳсулотлардан
иборат эҳсон ўз номини ошкор этилишини хоҳламаган тадбиркор томонидан тайёрланди.
Маҳаллада тўй-маърака ва маросимларни ўтказиш комиссияси фаоли ҳамда
ислом аҳкомларидан яхши хабардор бўлган Қодир Тоҳировнинг уқтиришича, муборак Рамазон
ойида хайр-эҳсон қилмоқ, лутф кўрсатмоқ, бева-бечораларнинг ҳолидан хабар олмоқ,
бировнинг корига ярамоқнинг савоби ўта юксакдир. Рамазон энг кўп савоб олиш
имконини берувчи муқаддас ойдир.
Қуръони каримнинг “Бақара” сурасида қуйидаги оят мавжуд: “Мол (бойликларни)
кечаю-кундуз, пинҳона-ю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари
ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва
улар ташвиш ҳам сезмаслар”. Диққатингизни яна қуйидаги ҳадисга жалб этмоқчи
эдик: “Агар инсон вафот этса, ҳамма амали тўхтайди. Фақат ҳаётлик вақтида
қилган учта амалини савоби етиб туради. Булар садақаи жория (савоби етиб
турадиган садақа), манфаатли, фойдали илм ва дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд”.
Боғимайдон-2 маҳалла фуқаролар йиғини раиси Паҳлавон Хўжаев, диний-маърифий ва ахлоқий тарбия масалалари
бўйича маслаҳатчи Масуда Тўраева ёрдамга муҳтож оилаларга кириб, хонадон соҳибларига
эҳсонни улашиш билан бир вақтда улар ҳолидан хабар олишди, ширин суҳбат билан
кўнгилларини кўтаришди. Ўз навбатида, отахон ва онахонлар қўли очиқ, бағри кенг
ва қалби эзгуликка лиммо-лим бўлган маҳалладошлари ҳақига дуолар қилиб,
миннатдорчилик билдиришди.
Ҳозирги кунда якка бўлиб қолган, Чернобиль фожиасида ягона ўғлини
йўқотган ёши 80га яқинлашиб қолган Қамарой ая Ҳамидова қўлини дуога очиб,
шундай деди: “Сизлар доимо ҳолимдан хабар олиб турасизлар. Шу сабабли мен
ёлғизлигимни сезмайман. Ҳаммаларингдан миннатдорман. Мени йўқлаганларни Оллоҳ
йўқласин. Илоҳо, юртимиздаги тинчликка кўз тегмасин.”
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий