БОҒИМАЙДОН: НОМИГАГИНА, ҲИСОБОТ УЧУН ЎТКАЗИЛМАГАН
МАЪНАВИЙ ТАДБИР
Самарқанд шаҳрида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида уч
босқичдан иборат “Маҳаллада дув-дув гап” тадбир ўтказилади. Тадбир Дастури вилоят
ҳокими Э.Турдимов ва шаҳар ҳокими Ф.Умаров томонидан тасдиқланган. Вилоят марказидаги
барча 215 та маҳаллада 3 январдан бошлаб ўтказилиши режалаштирган тадбирда 64
минг 500 нафар нуроний ва зиёли, маҳалла фаоллари, уюшмаган ёшлар,
тадбиркорлар, имконияти чекланган фуқароларни жалб этиш кўзда тутилган.
Дастурнинг изоҳида уқтирилишича, тадбирнинг ўтказилишига шаҳар ҳокими,
шаҳар прокурори, шаҳар бўйича ИИО ФМБ бошлиғи, солиқ инспекцияси раҳбари, шаҳар
ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, маҳалла уюшмаси раиси, шаҳар
Маънавият бўлими раҳбари масъул этиб белгиланган.
Бугун бир қатор маҳаллаларда, жумладан, Боғимайдонда ҳам “Маҳаллада дув-дув гап” тадбири бўлиб ўтди. Тадбир
соат 11-00да 60-мактабнинг фаоллар залида бошланиши лозим эди. Унда бир
нафардан тарғиботчи, хонанда, имом-хатиб ва шоир иштирок этиши керак эди. Аммо 10-15
дақиқа кутганимиздан сўнг, ўзимиз “дув-дув гап” қила бошладик.
Ўзимнинг бир вақтлар тарғиботчи бўлганлим эзимга тушиб кетди. СамДУда
ишлаганимда маҳаллаларга, туманларга чиқардик, “Билим” деган жамият бўларди. Турли
йўналишларда суҳбату тарғибот ишлари олиб борардик. Ҳозир олий мактабдан келган
тарғиботчи нимани ҳам гапирарди? Ҳаётдан узоқ китобий чиқишлари билан барчани
зериктармиди?!
Камина чиқишим давомида ўзи бу тадбир нега маҳаллаларда бунчалик кенг
қамровли ўтказилаётганлиги ҳақида сўз юритдим. Йиғилганларни Президент Шавкат
Мирзиёев раислигида 22 декабр куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат
кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида билдирилган хулосалар билан таништирдим.
Давлат раҳбари нега «илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият устувор
масала» эканини эслатди. Нима учун Республика Маънавият ва маърифат кенгашига ўзи
раислик қилаётганини, ҳудудларда эса бу соҳага биринчи раҳбарлар масъул
эканини таъкидлади.
Аҳолининг, биринчи навбатда, ёшларимизнинг маънавий тарбияси, маданий-маърифий
даражаси юқори бўлиши жуда муҳимлиги кўриниб турибди. Шуни инобатга олиб, Президент маънавият бошқа соҳалардан олдинда
юриши кераклигини уқтирди ва ўз чиқиши давомида 9 та йўналишда ўз фикрларини
билдириб, муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Президент раислигида ўтган йиғилишда кўтарилган масалаларни шундай
борича гапирмасдан, биз 60-мактаб директори Ш.Улуғова билан ўз чиқишимизда шу кунлардаги
мавжуд реалликдан, атрофимиздагиларнинг қарашлари, жумладан, мактаб
ўқувчиларининг қиёфасидан келиб чиққан ҳолда, маънавий-маърифий ишларни ташкил
этиш йўллари, воситалари ва бунинг қанчалик муҳимлиги хусусида сўз
юритдик.
Тўпланганларнинг аксарияти ушбу мактаб ўқувчиларининг буви ва бувалари
бўлганлиги учун Ш.Улуғова аниқ мисоллар орқали тарбиянинг қанчалик муҳимлиги
устида тўхталди.
20 йилдан кўпроқ мактаб директори бўлиб ишлаган маҳалламиз фаоли А.Аламов
ушбу тадбир ҳақида ўз фикрини билдирар экан, уни ўз кучимиз билан ўтказганимиз ва
чиқишларда мавжуд ҳолат инобатга олинганлиги, ҳаётий мисоллар келтирилганлиги барча
учун фойдали бўлганлигини қайд қилди: “Ҳеч ким олдиндан тайёрланган матндан
фойдаланмади, “шпаргалкасиз” гапирилди ва бу айтилган гаплар йиғилганлар
қалбига етиб боришига асос бўлди”.
Тадбирни юқори савияда ташкил этишда ҳисса қўшган мактаб
маънавиятчилари сардори Д.Муҳамадиевага, маҳалла ходимлари ва фаолларига
миннатдорчилик билдирамиз.
Тошпўлат Раҳматуллаев