вторник, 24 февраля 2015 г.

Божхона органлари тадбиркорликни ривожлантиришда қандай ҳисса қўшмоқда?

       

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси 24 февралда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) қатнашчилари бўлган тадбиркорлар иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Унда божхона органларида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган қулайликлар ҳамда қабул қилинаётган маъёрий ҳужжатларнинг моҳияти ҳақида сўз юритилди. 


Дастлаб вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Улуғбек Ғафуров соҳа ходимларининг  мавжуд қонунчиликка таяниб, Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш  борасида амалга ошираётган ишлари устида тўхталиб ўтди. Жумладан, 2014 йилда вилоят божхона бошқармасида расмийлаштирилган товарлар бўйича ТИФ қатнашчиларига маҳаллийлаштириш дастури юзасидан берилган имтиёзлар 13,56 миллиард сўмни ташкил этган. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур йўналишда 680,9 миллион сўм имтиёз қўлланилган.

2013 йилнинг 1 январидан бошлаб товарларни электрон декларациялаш тизими интерактив хизмат сифатида жорий қилинганлигини  У.Ғафуров тадбиркорларга яратилган қулайликлардан бири сифатида таърифлаб ўтди. Ўтган йили давомида жами расмийлаштирилган божхона-юк декларациясининг 99,8 фоизи электрон шаклда расмийлаштирилган. 2015 йилнинг 20 феврал ҳолатида эса 3748та божхона-юк декларациясининг ҳаммаси янгича усулда расмийлаштирилган.

Бунинг натижасида божхона расмийлаштирув вақти қисқарди, юкларнинг божхона омборида сақлаш харажатлари камайди ва юкнинг эгасига қисқа муддатларда етиб келишига имкон яратилди.

Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўтган йилнинг май ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қўмитасининг такомиллаштирилган янги веб-сайти ишга туширилганлигини таъкидлади. Айни пайтда сайт орқали 17та ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 6та интерактив хизматлар татбиқ этилган.  

Эндиликда чегара божхона постларидан ўтаётган фуқаролар Йўловчи божхона декларациясини электрон тарзда тўлдириш имконига эга бўлишди. Масалан, хорижга чиқаётган фуқаронинг аэропортга анча олдин келиб, вақтини божхона декларациясини тўлириш учун сарфлашига ҳожат қолмади. У уйида ёки ишхонасида ўтириб олиб, Интернетдан декларация шаклини юклаб олиши, тўлдириши ва чоп этиши мумкин.

Матбуот анжуманида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бўлими бошлиғи Улуғбек Тошниёзов республикамизда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширилаётганда қўлланиладиган имтиёз ва преференциялар ҳамда ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш борасида яратилган қулайликлар тўғрисида маълумот берди. Бошқарманинг статистика ва таҳлил бўлими катта инспектори Алишер Ғафуров электрон декларациялашнинг ўзига хос жиҳатлари ва афзалликлари хусусида батифсил сўз юритди.

 Шундан сўнг мутахассислар журналистлар ва тадбиркорларнинг кўплаб саволларига жавоб қайтаришди. Матбуот анжумани охирида бундай учрашувларни мунтазам ўтказиб туриш зарурлиги ва бу аҳоли хабардорлик даражасини ошириш учун муҳим омил бўлиши таъкидланди. Шунингдек, вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати ишини янана такомиллаштириш муҳимлиги уқтирилди.


Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий