Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибидаги муассасаларда Ўзбекистон
Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80
йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, шаҳардаги 2-оилавий
поликлиникада ҳам ушбу санага бағишлаб маънавий-маданий тадбир ўтказилди.
Поликлиника бош врачи Матлуба Турдиева Ислом Каримовнинг мамлакат
ҳаётидаги ўрни ҳақида сўз юритиб, унинг тиббиётимиз равнақи учун қилган
ишларини тилга олиб ўтди. “Биз фаолият юргизаётган ана шу поликлиника биноси ўз
вақтининг энг замонавий тиббий муассасаси сифатида қурилишида Биринчи Президентимизнинг
катта ҳиссаси бор”, – деди нотиқ. Унинг сўзларига қараганда, ўтган асрнинг
30-йилларида бунёд этилган бино 80-йилларнинг бошига келиб, яроқсиз аҳволга
тушиб қолган эди. Шунда поликлиника бош врачи Хайриниса Азизова бинони капитал
таъмир этиш лозимлиги ҳақида давлат идораларига мурожаат қилади.
Ушбу муаммо ўша вақтда Давлат план қўмитаси раиси лавозимида ишлаган
Ислом Каримовгача етиб боради. У киши О.Азизовага энг зўр поликлиника андазаси
асосида янги бино қуриш мақсадга мувофиқ эканлигини уқтиради. “Шунда раҳматли Ойниса опа собиқ шўролар
давлатининг марказий шаҳарларига бориб, шароитни ўрганади ва фақат Киев шаҳрида
ўша давр талабига тўла жавоб берадиган поликлиника мавжудлигига гувоҳ бўлади
ҳамда унинг лойиҳа ҳужжатларини олиб келади.
Шу тариқа Ислом Каримовнинг маслаҳати ва амалий ёрдами билан Самарқандда Ўзбекистонда ҳар жиҳатдан биринчи
ўринда турган, беморларга сифатли хизмат кўрсатиш учун барча имкониятлар мавжуд
бўлган поликлиника ташкил этилади”, – деди ўз сўзини давом эттириб М.Турдиева.
Шундан кейин 30 йилдан ортиқроқ вақт ўтиб, ушбу тиббиёт муассасасини
капитал таъмирлаш эҳтиёжи туғилди. Ўтган йили амалга оширилган ишлар ва сарф
қилинган 5,5 миллиард сўм эвазига поликлиника таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бош
врачнинг уқтиришича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт соҳасига
кўрсатаётган эътибори муносабати билан энг замонавий асбоб-ускуналар харид
қилиш учун 450 минг АҚШ доллари ажратилган. Айни пайтда тиббиёт муассасаси 80
минг кишига хизмат кўрсатмоқда ва унда 38 нафар врач ва 90 нафар патронаж тиббиёт ҳамширалари меҳнат
қилишмоқда.
Тадбирда меҳнат фахрийлари Биринчи Президентнинг ҳаёти ва турли
жабҳаларни ўз ичига олган қўп қиррали фаолияти
ҳақида сўз юритишди, ёш шифокор Ойниса Мансурова эса Ислом Каримовга атаб ўзи
ёзган шеърини ўқиб берди.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоат” бўлими,
30.01.2018
Комментариев нет:
Отправить комментарий