четверг, 6 сентября 2018 г.

Самарқанд эронийлари тарихи ҳақидаги илмий тадқиқод нашрдан чиқди


Бағрикенглик тамойили ҳақида гап кетганда, дунё мамлакатлари орасида Ўзбекистон биринчилар қаторида тилга олиниши бежиз эмас. Юртимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат вакиллари ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Ана шундай халқлардан бири эронийлар ҳисобланади. Самарқандик олимлар Фотима Алиева ва Саъдулло Шариповнинг “Ватан ягонадир, Ватан биттадир” китобида эронийларнинг мамлакатимизда чуқур илдизга эга бўлган тарихи батафсил ёритилган.


242 бетдан иборат китобнинг сўзбошисида республикамиздаги миллий масалага доир барча ишлар демократик, конституциявий асосда ҳал этилаётганлиги, мустақиллик йилларида халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик учун қулай шарт-шароитлар юзага келганлиги таъкидланган. Шу билан бирга, Ўзбекистонда бағрикенгликнинг илдизлари узоқ асрларга бориб тақалиши ҳақида сўз юритилиб, қатор тарихий мисоллар келтирилган.

Китобда эронийларнинг Марказий Осиёга тарқалиши, “Самарқанд эронийлари” атамасининг этник маъноси ва мазмуни ҳақида батафсил сўз юритилади. Эронийлар Самарқанд вилоятининг қатор шаҳар ва туманларидан ташқари мамлакатимизнинг Бухоро, Жиззах, Кармана шаҳарларида, Тошкент, Хоразм, Қашқадарё вилоятларининг ва Фарғона водийсининг айрим жойларида ғуж бўлиб яшаши уқтирилган. Уларнинг асосий гуруҳи – 200 минг нафардан ортиқроғи Самарқанд вилоятидаги 36та маҳаллада истиқомат қилади ва илмий тадқиқодда ушбу кўҳна шаҳар ва унинг атрофидаги эронийларнинг тарихи, ижтимоий-иқтисодий, мадани-маърифий ҳаёти ҳақида сўз юритилади.

Эронийларнинг юртимиз ривожи ва равнақи йўлида қилган хизматлари тилга олиниб, улар азал-азалдан уста боғбон, мироб, соҳибкор, маҳоратли заргар, меъмор, хаттот, шийибоф, табиб бўлганликлари таъкидланади. Айниқса шойибофликда катта маҳоратга эга бўлган эронийлар ҳақида қатор тарихий мисоллар келтирилган. Масалан, йирик шойибофлардан бири Муҳаммад Козим 1898 йилда Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган ипак моллари кўргазмасида ўз ҳовлисида тўқилган шойи чойшаблар билан иштирок этиб, олтин медалга сазовор бўлган эди.

Китобда Ўзбекистондаги меъморий ёдгорликларни яратишда эронлик усталарнинг иштироки ҳақида батафсиз сўз юритилган. Тарихий манбаларга кўра, Самарқандда амалга оширилган қурилиш ишларида Шероз, Табриз, Исфаҳондан келтирилган меъмору мусаввирлар, ҳунармандлар қатнашган. Улардан айримларининг номи ёдгорликларда муҳрланган.

Эронийлар яшаётган маҳалалар тўғрисида, улар учун муқаддас саналмиз қадамжолар ҳақида, бу халқнинг диний урф-одатлари ва миллий қадриятлари хусусида ҳам тақдиқодчилар кўплаб қизиқарли маълумотлар тўплаган. Ўзбекистоннинг равнақига ҳисса қўшган ва айни пайтда бу йўналишда фаолият юргизаётган эронийлар ҳақида китобда алоҳида боб ажратилган. Унда давлат бошқарув органларида, иқтисодиёт, фан, маориф, маданият, санъат соҳаларида самарали ишлаганларнинг таржимаи ҳоллари келтирилган.

Жумладан, маърифатпарвар Сайид Ризо Ализода, йирик давлат арбоби Жўрабек Исмоилов, профессор Эркин Ҳожиев, ёзувчи ва таржимон Ирфон Ҳасан, шоир Раим Фарҳодий, журналистлар Аҳмаджон Мухторов, Ўктам Ниёзов, Ғулом Алиев, қишлоқ хўжалиги соҳасида тонг таратган Фотима Қосимова ва бошқалар ҳақида кўп нарсани билаб олиш мумкин.  

Китобнинг хотимасида шундай сўзларни ўқиймиз: “Самарқанд эронийлари учун Ватан ягона, Ватан битта – бу жонажон Ўзбекистон. Чунки уларнинг ота-боболари қадим-қадим замонлардан бошлаб шу тупроқда яшаб келганлар, шу тупроқда мангу ором олмоқдалар. Ҳозирги кунда ҳам мамлакатимизнинг тинч-тотув ҳаёти ва фаровонлиги йўлида шу муқаддас заминнинг барча фарзандлари қаторида халқ хўжалигининг ҳамма соҳаларида ҳормай-толмай меҳнат қилмоқдалар”.

Муаллифлар китоб сўнгида асарни дунёга келишида меҳнати сингган “Ўзбекистон-Эрон” дўстлик ва маданий алоқалар жамияти Самарқанд бўлимининг ижрочи директори Ҳайдар Холовга ўз миннатдорликларини билдирганлар.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий