вторник, 30 апреля 2019 г.

Ким Самибоев олимлар сулоласининг ёрқин вакили эди...


 Кўҳна Самарақандда илм-фан ва маориф равнақига ҳисса қўшган фидойи инсонлар қаторига Самибоевлар сулоласи вакилларининг ўз ўрни бор. Уларнинг табиий ва ижтимоий фанлар ҳамда тиббиёт соҳасида, шунингдек, халқ маорифи йўналишида меҳнати сингган бўлиб, айни кунларда сулоланинг янги авлод вакиллари боболар ишини давом эттирмоқда.

Агар ҳаёт бўлганида, ушбу сулоланинг ёрқин вакили, тарихчи олим, моҳир педагог Ким Ҳотамович Самибоев 90 ёшга тўларди. Одатда олимнинг босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида гап кетганда, туғилган йили, ўрта мактабни, олий ўқув юртини битирган йиллари, номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқлагани ва уларнинг мавзуси хусусида сўз юритилади. Бошқача қилиб айтганда, хронологик тарзда, кетма-кетлик билан ҳаётий лаҳзалари тилга олинади. Натижада қуруқ фактлар орасида қолиб кетган шахс ҳақида, унинг инсоний фазилатлари, орзу умидлари, ўй-хаёллари ҳақида у инсонни яхши билмаган одамда аниқ тасаввур пайдо бўлмайди. Ана шундай шаклда ёзилган лавҳани юбилярнинг яқинлари ўқиса, уларнинг юраги “жиз” этмайди, ундан қониқиш ҳосил қилмайди.
Хўш, шундай экан,  Ким Самибоев қандай инсон эди? Нега уни ҳозиргача, вафотидан 20 йил ўтган бўлишига қарамасдан қариндошу маҳалладошлари, дўсту шогирдлари худди орамизада юргандек эслашади?  Бу саволга лўндагина қилиб, домла етук олим, моҳир педагог бўлганлиги билан бир қаторда, юксак инсоний фазилатлар соҳиби эди деб жавоб қайтариш мумкин. У ўзининг одамохунлиги, дилбарлиги, каттаю кичикка бир хилда самимий муносабатда бўлиши  билан ажралиб турарди.
К.Самибоевнинг ўзига хос хислатлари ҳақида сўз юритишдан аввал у кишини билмаган янги авлод вакиллари учун илм-фан ва маориф соҳаларида қилган ишлари ҳақида қисқача сўз юритсак. Домла Самарқанд ҳамда унинг маданияти ва маорифи тарихи билмдони эди ва бу йўналишда қатор илмий ишлар муаллифи саналади. Номзодлик диссертацияси ҳам шу соҳада эди. 40 йил давомида СамДУ тарих факультетида ишлади, ёшларнинг таълим ва тарбиясга муносиб ҳисса қўшди, 10 йилдан кўпроқ вақт давомида Умумий тарих кафедарасига мудирлик қилди. Қайси ишга қўл урмасин, уни маҳорат билан бажарарди, ўз ишининг устасига айланарди. Қуйидаги аниқ мисолларга эътибор қаратсангиз, ўзингиз бу ҳақда хулоса чиқаришингиз мумкин, азиз ўқувчи.
Домла талабаларга жанубий ва ғарбий славянлар тарихи ўқув фанидан дарс ўтарди. Ўз предметини шунчалик пухта ўзлаштирган эдики, дарс давомида маъруза матнидан фойдаланмасдан, содда ва тушунарли тилда мавзуни ёритиб берарди. Польша, Болгария, ўша вақтдаги Югославия халқлари тарихи ҳақида гапирганда ўлкашунослик материалларидан самарали фойдаланарди. Масалан, дарс мавзусига мос равишда  талабаларга полякларнинг юртимизга келиб қолганлиги билан боғлиқ вақеаларни сўзлаб берарди.
К.Самибоев славянлар тарихини чуқур ўзлаштирганлигига Минск, Ужгород, Москвада ўтказилган халқаро анжуманларда чиқиш қилганлиги аниқ мисол бўла олади.
Домланинг одамохунлиги, бошқалар билан тезда тил топишиб кетишига кўплаб мисол келтириш мумкин. У кишининг бу хусусияти айниқса талабаларнинг танишув-ишлаб чиқариш амалиётига деярли 30 йил давомида раҳбарлик қилганлиги даврида яққол намоён бўлди. Дастлаб, 1958 йилдан бошлаб устоз амалиётни ўташи учун талабаларни бир ой муддатга Ленинград шаҳрига олиб борарди. Айни ёз палласи, туристлар оқими кўплиги шароитида меҳмонхоналардан жой топишнинг ўзи катта муаммо эди. Домла ўз маҳоратини ишга солиб, 25-30 нафар талабани жойлаштирарди, уларнинг архив ва илмий-тешириш институтларида ишлаб, малака ошириши ва бўлажак диплом ишига материал топиши учун шароит яратиб берарди.
Камина ҳам курсдошларим билан 1969 йилда Ленинградда амалиётни ўтаган эдим. Шунда Ким Ҳотамовичнинг турли вазиятлардан қандай чиқиб кетишига, унга умуман  бегона бўлган одамлар билан ҳам тезда тил топа олишига гувоҳ бўлган эдим. Домланинг  сўз санъати бобидаги маҳоратига қойил қолмасликнинг иложи йўқ эди. Иш кўзини ана шундай билиши  талабаларнинг танишув-ишлаб чиқариш амалиёти Болгарияга кўчганда ҳам иш берди. Беш йил давомида София университетида бўлган ёшларимиз ушбу мамлакатнинг тарихи, университетдаги ўқитиш тизими, илмий тадқиқодлар жараёни билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишган эди. Талабалар таржимон қидириб вақт сарфламасин деган мақсадда узтоз “Қисқача болгарча-ўзбекча луғат” ҳам тузган эди. Қисқа вақт ичида болгар тилини ўзлаштириб олганлиги у кишида тил ўрганишда ҳавас, иштиёқ ва истеъдод борлигидан далолат эди. Бунга яна домланинг уч тилда – ўзбек, тожик ва рус тилларида бир хилда маъруза ўқий олиши далолат бера олади.
К.Самибоевнинг шогирди, кўп йиллар давомида бирга ишлаган доцент Беҳзод Тўрақулов узтоз ҳақида шундай фикр билдирди:
- Ким Ҳотамович адолатли, тўғри сўз, чуқур билимли, ўз касбининг устаси, маънавий етук, маданиятли ва мард инсон эди. Доимо бировга ёрдам қўлини чўзишга тайёр турарди, ўта оқибатли эди. Менинг СамДУнинг тарих факультетида ишлашимга ана шу устозим сабабчи. 1972 йилнинг охирида ҳарбий хизматни ўтаб келганимдан кейин аввалги ишимга тиклаш илинжида юрган вақтимда домла мени йўқлаганлигини эшитдим. Борсам, менга Умумий тарих кафедрасига ишга ўтишни таклиф қилди. Шундан сўнг кўп ўтмай кафедрада ишлай бошладим. Мана, шунга ҳам ҳа демай ярим аср тўлади. Мен бир умр устозимдан миннатдорман.
Домламизнинг қанчалик меҳрибон устоз эканликларига ўзим ҳам шахсан гувоҳ бўлганман. У кишининг раҳбарлиги остида Самарқанд маорифи тарихига бағишланган диплом иши ёзган эдим. Керакли материалларни вилоят архивидан олишни тавсия қилган устозим бу маълумотлар қайси фондда, қайси жилдда бўлиши ҳақида кўрсатмалар бериб, улар билан ишлаш хусусиятлари ҳақида аниқ йўл-йўриқ кўрсатган эди. Диплом ишини ёзишим давомида ҳам домла билан тез-тез учрашиб турардик.
Аслида Самибоевлар оиласи билан бир маҳаллада бўлганлигимиз учун Ким Ҳотамович ва у кишининг ота-оналари, ака-укалари, сингилларни яхши билардим. Устозимиз нафақат олимлар ва маорифчилар ўртасида, балки ўзи туғилиб ўсган Сўзангарон ва унга қўшни бўлган маҳаллаларда ҳам катта обрў ва эътиборга сазовор эди. У кишига нисбатан оддий одамларнинг ҳурмати ўзгача эди. Чунки домланинг ўзи барчага бир хилда муносабат қиларди. Ҳамма билан самимий бўлишга интиларди ва бу ишни уддаларди.
К.Самибоев ҳақида сўз кетганда, ҳозир ҳам кўпчиликнинг лабида табассум пайдо бўлади. Чунки домла ҳазил-мутойибани ёқтирадиган, суҳбатдошининг феълига қараб гапирадиган, ўзганинг кўнглини оғритмайдиган ажойиб бир инсон эди. У киши билан бир-икки марта суҳбат қилган одам албатта қайта учрашиш илинжида бўларди, шундай донишманд инсоннинг суҳбатидан яна баҳраманд бўлай дерди. Масалан, турли касб эгаларидан иборат дўстлар гурунги – гаштагимизга устозимиз меҳмон бўлиб турарди. У кишидан бизда шунчалик ёрқин хотира қолганки, биз ўз даврамизни “Ким бобо гаштаги” деб атаймиз.
Ким Самибоевнинг илм-фан, маориф соҳасидаги хизматлари, ўзгаларга беғараз ёрдам кўрсатишга доимо тайёрлик хислати, одамийлиги миннатдор авлод хотирасида абадий муҳрланиб қолади. Устознинг фарзанду неваралари ўз ота ва боболари ишини давом эттириб, Самибоевлар сулоласи номини янада баландроқ кўтаришга интилмоқда. Бу ишда уларга омад ёр бўлсин.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ  

Комментариев нет:

Отправить комментарий