четверг, 21 мая 2020 г.

МФЙ раисларининг янги ўринбосарлари ишга киришди



Самарқанд шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига маҳалла тизими раҳбарлари таклиф этилаётганлиги, бу ерда лавозимга янги тайинлаганлар билан суҳбат ўткзилаётганлиги ҳозирги карантин даврида қанчалик тўғри? Шу ишни кейинга қолдириб, карантин тугагач ўтказиш мумкин эмасдими? 


Бу ва шунга ўхшаш саволлар вужудга келгани боис, уларга жавоб олиш учун Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутахассиси Зокир Давроновга мурожаат қилдим. Мутахассиснинг жавоби қуйидагича бўлди:

-Жорий йилнинг 18 февралида давлатимиз раҳбарининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва унга мувофиқ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори эълон қилинган эди.

Қарор билан  вазирликка икки ой муддат ичида ҳудудий бўлинмаларни шакллантириш вазифаси юклатилган эди.  Маҳалла тизимида рўй берган ўзгаришлар туфайли маҳалла раисининг икки нафар – томорка, тадбиркорлик, ободонлаштириш ишлари бўйича ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича ўринбосарлари лавозимлари жорий этилган эди. Шу муносабат билан илгари мавжуд бўлган хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис ва фуқаролар йиғини масъул котиби билан меҳнат шартномаси бекор қилинган эди.

Карантин бўлмаганда, янги тайинланган ўринбосарлар билан суҳбат ўтказиш жараёнини бир ой олдин ўтказардик. Лекин кутишга мажбур бўлдик. Эндиликда карантин қачон тугаши маълум эмас. Маҳллаларда эса иш жуда кўп. Айниқса, кам таъминланган оилаларга, кундалик даромаддан қолиб, оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолганларга кўмаклашиш ҳамда ишсизларни иш билан таъминлаш бўйича кейинга ташлаб бўлмайдиган вазифалар мавжуд. Бу ишни фақат маҳалла раислари бажариши мушкиллигини инобатга олиб, уларнинг ўринбосарларини тезроқ жой-жойига қўйиш масаласини ҳал қилиш лозим эди.

Шуларни инобатга олиб, биз маҳалла раиси ўринбосарлари билан суҳбат ўтказиб, уларнинг тезроқ ишга киришишига йўл очмоқчи бўлдик. Бунда, албатта, карантин талабларини инобатга олган ҳолда иш тутишга ҳаракат қилдик. Маҳалла вакилларини жадвал асосида 15 дақиқали оралиқ билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига таклиф қилдик. Уч кишидан иборат вакиллар (маҳалла раиси ва икки нафар ўринбосари)ни кўпи билан 7-8 дақиқа ушлаб турдик. Шу сабабли ишимиз айни кунлардаги шароитга мос ташкил этилди деб, айта оламан.

Тошпўлат Раҳматуллаев ёзиб олди








Комментариев нет:

Отправить комментарий