суббота, 18 июля 2020 г.

Судьянинг адолатли қарор қабул қилишига таъсир ўтказувчи омиллар тугатиладими?



Одил судлов тизими ҳуқуқий демократик давлатнинг бош мезонларидан биридир. Адолат бўлмаган жойда ўзибўларчилик, қариндош-уруғчилик, коррупция авж олади, одамларда ҳеч нарсага ишонч қолмайди. 


Айнан шу сабабли кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш йўлида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Аммо бу ишлар унча ҳам самарали бўлмоқда деб бўлмайди. Буни ҳам ўз сабаблари бор. Йиллар давомида ҳукмрон бўлган тартиб, аниқроғи тартибсизликни қисқа муддатда тугатиш оғир. Чунки эски тартиб айрим гуруҳлар, амалдорлар учун жуда қулай эди. Улар судьялар қўли билан хоҳлаган ишларини амалга оширарди.

Каминага журналист бўлганлигим учун тадбиркорлар, ўз ҳақ-ҳуқуқи топталган деб ҳисоблаган шахслар мурожаат қилади. Шу сабабли ҳам хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш амалиёти орқали кўплаб ватандошларимиз сарсону саргардон бўлаётганлигидан хабардорман. Янги ҳоким келса, ўзидан аввалгисининг ер ажратиш ҳақидаги қарорини бекор қилдиришга ҳаракат қилади, прокурор эса протест киритиш ҳуқуқидан фойдаланади, айрим пайтлар ўтган даъво муддати тикланади ҳам...

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурди.

Йиғилишда хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни бекор қилиш, умуман, давлат идораларининг бундай ташаббус билан чиқишига йўл қўймаслик ва бу қонунда мустаҳкамланиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

“Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, – дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Мамлакатимизда судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Аммо бундай ҳақли талаблар пастга, маҳаллий ижроия органларига етиб келиши ва амалда тадбиқ қилиниши оғир кечади. Чунки “ўз” ҳудудида ўзини ҳокими мутлақ деб ҳисоблаш қон-қонига сингиб кетган амалдорлар осонликча бу мутлақ ваколатларини бериб қўймайди. Бунинг учун талаб қаттиқ бўлиши лозим. Биринчи навбатда судьялар ва суд раислари ўзларига босим ўтказилиши ҳақида хабар бериши билан бу хабарни холисона текшириш ва уларни ҳокими мутлақ ғазабию қасосидан ҳимоялаш йўлини қилиш зарур. Судья у ҳақ бўлганида, унга ҳеч ким зарар етказа олмаслигига ишонч ҳосил қилмоғи лозим.

Одил судлов тизимининг жорий этилиши орзу бўлиб қолмасдан ҳаётимиздан чуқур жой олиши учун гапдан амалий ишга ўтмоғимиз даркор.

Тошпўлат Раҳматуллаев


Комментариев нет:

Отправить комментарий