Сиёб бозорига мартабали меҳмон келди дегунча бозор ёпилади. Меҳмонлар келишидан анча аввал енгил автомобиллар йўли тўсилади, ҳатто автобусларнинг бозорга яқинлашишига йўл қўйилмайди. Натижада минглаб одамлар, бозорга кундалик юмуши билан келадиганлар азият чекади.
Бозор ўз номи билан бозор. У музей эмас. Бозорда, айниқса, Шарқ бозорида жимжитлик ҳукмрон бўлишига интилиш, унга танланган харидорларни киритиш – уни мозорга айлантириш билан баробар эмасми?
Албатта, ҳозирги нотинч замонда юқори мартабали меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш муҳим. Аммо ўрта-миёна раҳбарлар, кичик делегациялар ташриф буюрганда бозорга олиб борадиган йўлларнинг ёпиб қўйилишини соғлом ақл билан тушуниш мумкин эмас.
Тўғри, Сиёб бозори ёнидаги бекатга автомобилларнинг беҳисоб киритилиши тартибсизликка олиб келмоқда. Бу ҳолни меҳмонлар кўзидан яшириш учун ҳам бозорга машиналар яқинлаштирилмайди. Аммо бундай тартибсизликларнинг олдини олиш ва бозорга келувчиларнинг сарсон-саргардон қилмаслик учун автобекатни кенгайтириш керак эмасми? Нега ҳозир очилган катта майдон бекат учун ажратилмасдан унда савдо дўконлари қурилмоқда? Тушунамиз, пул, фойда ҳаммага керак. Лекин аҳолини овора қилмасдан, жамият осойишталигини таъминлаш асосий вазафалардан-ку!
Самарқандликлар учун шаҳар кўчаларининг соатлаб, ҳатто кун давомида тўсиб қўйилиши одатий ҳолга айланган. Чунки келадиган меҳмонларнинг кети узилмайди. Бу ҳам хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга оширилишини барча билади. Лекин меҳмон келишидан анча аввал автомашиналар ҳаракатининг тўхтатилиши ёки меҳмон шаҳарнинг бир чеккасида ёдгорликларни томоша қилаётганида, шаҳарнинг бошқа бурчагида йўлларнинг тўсилиши, пиёдалар ҳаракатининг чеклаб қўйилиши барчани қаттиқ ранжитмоқда.
Агар юқоридаги муаммони ҳал қилиш йўлида меҳмонлар хавфсизлиги билан бир қаторда, яъни шунга муштарак равишда маҳаллий аҳоли манфаати ҳам ҳисобга олинса, айни муддао бўларди.
Тошпулат Раҳматуллаев
Жуда яхши макола. Сиёб бозорининг муамолари анчагина. Масалан бекатдан айвонинг олиб ташланиши мусофирлар учун чазирама кунларда ва ёмгиргарчилик вактида катта нокулайликлар яратди. Душанба кунини санитария куни деб эълон килиб эшикларни ёпиб куйиш бу Марказий Осиёда катта обруга эга бозорни рейтингини туширди.
ОтветитьУдалить