среда, 31 августа 2011 г.

Қани энди ҳамма қабристонларимиз шундай обод бўлсайди!


Бугун эрталаб ҳайит намозидан сўнг кўпчилик самарқандликлар қабристонлар сари йўл олишди. Ҳар бир аҳли мўмин дунёдан ўтган яқинларининг руҳи покини ёдлаб, дуои фотиҳа қилишга ошиқди.
Шаҳардаги энг қадимий ҳисобланмиш Шоҳизинда қабристонига келиганимда, одамлар оқимини кўриб, кейинги йилларда бизда ўтганлар руҳини ёд этиш одати чуқур илдиз отганлигига яна бир бор амин бўлдим. (Суратларга боқиб, бунга гувоҳ бўлиш мумкин). 

Қабристон эшигидан ичкарига кириб, у ердаги тозалик ва озодаликка тасанно айтгим келди. Охирги икки йил ичида Шоҳизинда қабристони таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бу ерда катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ҳар ким хоҳлаганича ўрнатган панжаралар олиб ташланди, дарахтларга шакл берилди, йўл  ва йўлакларга бетон плиткалар ётқизилди.
Зиёрат қила туриб беихтиёр хаёлимга “қани энди ҳамма қабристонларимиз ҳам шундай обод бўлсайди”, деган фикр келди. Чунки кўпгина жойларда ҳар биримиз сўнгги қўним топадиган маконни кўриб, мусулмонлар қабристонида ҳам саранжомлику тозаликни таъминлаш мумкин бўлармикин, деган саволни берардим ўзимга.  Гап Шоҳизинда қабристонидаги ҳаддан зиёда ўрнатилган қимматли тошлар устида эмас. Бу ҳам катта муаммо, бошқа доирада кўриб чиқилиши зарур бўлган масала. Мен ҳозир фақат у ернинг обод бўлганлиги фактини таъкидлимоқчиман, холос.  
Шу куни бир қатор танишларимдан “яхшиям Юртбошимиз келиб, бу қабристонни ободонлаштириш ҳақида кўрсатма берган эканлар”, деган сўзларни бот-бот эшитдим. Ҳар бир самарқандлик Шоҳизиндада амалга оширилган ишлар Президент Ислом Каримовнинг вилоят ва шаҳар раҳбарлари олдига қўйган тегишли вазифаларидан кейин рўй берганлигини яхши билади. Демак, худди шундай ишни бошқа қабристонларда ҳам амалга ошириш мумкин экан. Бунда раҳбарларнинг ташкилотчилигию биз, фуқароларнинг, саъю ҳаракатимиз бўлса бас. 
Яна бир мулоҳаза. Қабристон зиёрати ҳайитдан ташқари бошқа кунларида ҳам мунтазамлик касб этса, нур устига аъло нур бўларди. Умуман, ақлу ҳуши жойида бўлган ҳар бир одам бу фақат ўликларга эмас, балки тириклар учун ҳам муҳимлигини англаса керак. Бу ерда киши тин олади, яшашнинг маъносию мақсади ҳақида бехосдан ўйга ботади, ўзига ўзи “умргузаронлигим  қанчалик тўғри” деган савол беради. Шу сабабли ҳам айрим кеккайганларга оёғи ердан узилмаслиги учун қабристонга бориб туриш маслаҳат берилади.   

Тошпўлат Раҳматуллаев



Комментариев нет:

Отправить комментарий