AҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташкил этган навбатдаги Пресс-Гап (матбуот анжумани) “Женерал Моторз Пауэртрейн Ўзбекистон” қўшма корхонасининг ишга туширилишига бағишланди. Шу муносабат билан элчихонага корхона раҳбарлари, жумладан унинг бош директори Юрген Спендел ташриф буюришди. Матбуот анжуманидан сўнг журналистлар корхонанинг ўзида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита танишдилар.
“Женерал Моторз Пауэртрейн Ўзбекистон” қўшма корхонаси(ҚК) Американинг дунёга машҳур GM автоконцерни ва "Ўзбекавтосаноат" акциянерлик компанияси томонидан таъсис этилган бўлиб, бунда хорижлик сармоядорларнинг ҳиссаси 52 фоизни ташкил этади.
Корхонада GM компанияси ихтироси ҳисобланган янги авлод B-DOHC двигателлари ишлаб чиқарилади. Уларнинг ишчи ҳажми 1,2 литр (82 от кучи) ва 1,5 литр (115 от кучи)ни ташкил этади ва заводдан чиққан дастлабки моторлар Chevrolet Spark автомабилларига ўрнатилади. Умуман, двигателлар General Motors компанияси ишлаб чиқаётган бошқа автомобиллар учун ҳам мўлжалланган. Ҳозирданоқ корхона маҳсулотига қатор хорижий давлатлардан, жумладан Хитой, Япония, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Ҳамдўстлик мамлакатларидан буюртмалар тушган.
ҚК тўла қувват билан ишга тушгач, бир йилда 225 минг двигател ишлаб чиқарадиган бўлади. Ўшанда ундаги ишчиларнинг сони 1200 нафарга етади. Қуйиш цехи ва йиғиш цехи бир том остида жойлашган бундай корхона General Motors тизимида бутун дунёда бошқа йўқ. Жиҳозланиши, технологик операцияларни назорат этиш тизими ва экологик стандартларга мослиги жиҳатидан корхона жаҳонда энг олдинги ўринларда туради. Ундаги назорат тизими ишлаб чиқариш жараёнида бракка йўл қўйилишидан сақлайди.
40 гектар майдонни эгаллаган ушбу корхонада бўлганимда ундаги ҳолатни бундан бир неча йил аввал автомобиль моторларини таъмирлаш заводида кўрганларим билан солиштирдим. Аслида, уларни бир-бирига таққослаш мумкин эмас эди, чунки улар том маънода бошқа-бошқа дунё. “Женерал Моторз Пауэртрейн Ўзбекистон” қўшма корхонасининг ҳовлиси ҳам, цехларининг ичи ҳам тоза-озодалиги билан ажралиб туради. Уни дастлаб мотор билан ёки техниканинг бошқа тури билан боғлиқ деб ҳам ўйламайсиз. Бино ичида доимо бир хил ҳарорат – 22-23 градус ушлаб турилар экан.
Барча асосий ишлар рақамли технологияга асосланган замонавий жиҳозлар ёрдамида амалга оширилади. “Ақлли” роботлар ишчи-ходимларнинг яқин ёрдамчисига айланган. Ишга олий ўқув юрти битирувчилари танлов асосида қабул қилинади. Шунигдек, коллеж битирувчиларини танлаш дастури мавжуд. Масалан, бизни қуюв цехи фаолияти билан таништирган цех бошлиғи Фарҳод Тўраев Тошкент политехника университетини битирган экан. ҚКга ишга ўтгач, АҚШ, Германия, Италияда малака ошириб қайтган.
“Женерал Моторз Пауэртрейн Ўзбекистон” ҚК ишга туширилганлигининг қатор афзалликлари ичидан фақат иккитасини кўрсатиб ўтмоқчиман. Булар – мамлакатда янги ишчи ўринларининг яратилиши ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган юқори технологияли ишлаб чиқаришнининг киритилишидир.
Тошпўлат Раҳматуллаев
E-mail: rtashpulat@yandex.ru
Комментариев нет:
Отправить комментарий