Кейинги йилларда жаҳоншумул аҳамият касб этиб бораётган барқарор ривожланиш алоҳида фуқарога нима беради-ю, ҳар бир шахс барқарор ривожланиш йўлида нима қила олади? Бу савол фақат назарий аҳамиятга эга, амалий жиҳатдан бизга нима ҳам бериши мумкин, деб ўйлайдиганлар қаттиқ адашган ҳисобланади. Буни биттагина мисол – “Зарафшон” нодавлат нотижорат ташкилоти(ННТ) амалги оширган ишлар тимсолида яққол кўриш мумкин.
Асрлар давомида иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт учун табиатдан иложи борича кўпроқ юлиб олиш, табиий ресурслардан фойдаланиш даражасини юксалтириш, табиатни инсонга бўйсиндириш йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслик зарур, деган тушунча устун бўлиб келди. Шунга мос равишда ҳаракат ҳам қилинди. Натижда она табиатимизга катта зарар етказилди. Аҳвол шундай давом этаверса, фақат бугунни деб яшасак, эртаги кунимиз ўта аянчли бўлиши мумкинлиги хусусида фикрлар ўртага ташлана бошланди. Ана шундай бир вақтда “барқарор тараққиёт” тушунчаси вужудга келди.
Ушбу тушунча биринчи марта 1987 йилда Атроф-муҳит ва тараққиёт бўйича халқаро комиссия томонидан кенг муомалага киритилган эди. Барқарор тараққиёт деганда шу куннинг эҳтиёжини қондириб, келажак авлоднинг ҳам ўз эҳтиёжини қондириш имкониятини таҳдид остига қолдирмайдиган тараққиёт тушунилади. Ана шу йўналиш тарафдорлари техника ва технологияни такомиллаштириш, ишга ва ишни ташкил этишга бўлган муносабатни ўзгартириш билан иқтисодий ривожланишни таъминлаш мумкинлиги ва бунда табиатга зарар етказмаслик имконияти мавжудлигини исботлашга ҳаракат қилишди.
Келинг, назарий масалаларни олимлар ихтиёрига қўйиб турсак. Каттаю кичик корхоналарнинг атроф-муҳитга етказаётган зарари хусусида ҳам гапирмасдан, амалда ҳар бир фуқаро бу борада нима қила олиши мумкинлиги масаласини мисоллар ёрдамида кўриб чиқсак. Ўсиб турган тарахтни кесаётганлар, доривор ўтлар ўсиб ётган майдонда мол боқаётганлар ёки “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонни овлаётганлар табиатга қанчалик зарар етказишаётганликларини англашмаяптими? “Зарафшон” ННТ ўтказган тадқиқотлар айримлар бу ишларга билмай қўл урса, бошқалар чорасизликдан табиатга қарши ҳаракат қилаётганлигини кўрсатди.
Биология фанлари номзоди Гавҳар Деушева раҳбарлик қилаётган ушбу ННТ аъзолари қатор йиллар давомида Самарқанд вилоятининг Жомбой ва Булунғур туманалари ҳудудида жойлашган Зарафшон қўриқхонаси ҳамда Оқдарё туман ўрмон хўжалиги атрофидаги қишлоқлар аҳолиси билан ҳар томонлама алоқани йўлга қўйган. Улар қишлоқ маҳаллалари ва мактабларида бўлиб, аҳоли хабардорлигини ошириш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида қатор ишларни бажаришди.
“Биз дастлаб қишлоқ аҳолисининг табиатга бўлган муносабатини, у ёки бу дарахт ё ўсимлик ҳамда доривор ўтлар хусусияти ҳақида нималар билишларини аниқлаш мақсадида улар орасида сўровлар ўтказдик, – дейди Г.Деушева. – Натижада қайси йўналишда ва қандай ишлаш лозимлигини аниқлаб олдик”.
Зарафшон қўриқхонаси атрофида истиқомат қилаётган аҳолининг хабардорлик даражаси пастлиги ҳамда иқтисодий қийинчиликлар уларнинг табиатга салбий муносабатида намоён бўлмоқда. Масалан, қурилиш материалларига бўлган эҳтиёж, газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар одамларни қўриқхона ва унинг атрофида ўсаётган дарахтларни кесиб кетишаётганликларининг сабабларидандир. Аҳолининг доривор ўсимликлардан фойдаланиш ва уларни сотиш ҳамда муқобил хўжалик тури билан шуғулланиш орқали оила даромадини кўпайтириш хусусида етарли маълумотга эга эмаслиги аҳоли орасида ишсизликнинг келиб чиқиши омиллардан бирига айланган.
Аксарият ҳовлиси ёнгинасида ўсиб турган доривор ўсимликни ишлатишни билмайди. Айримлар сотиш учун чаканда (облепиха) ёки наъматак тераман деб, дарахт шохларини синдиради, яъни ҳозирги куни ҳақида қайғуриб, эртага нима бўлишини ўйламайди. Баъзилар эса даласининг атрофини ўраб олиш учун дарахт шохлари ёки буталарни аяб ўтирмайди.
“Уй ҳайвонларини қўриқхона ёки тўқайзорларда боқиш ҳам табиатга катта зарар етказмоқда, - дейди “Зарафшон” ННТ фаолларидан бири, СамДУ биология факультети катта ўқитувчиси Лейла Белялева. – Ноёб ўсимликлар майдони, у ердаги парранда уялари топталмоқда, атроф-муҳит бундан тузатиб бўлмас даражада зиён кўрмоқда. Маҳаллий аҳоли мол боқиш ва озуқа тайёрлашнинг самарали усулларини эсдан чиқарган”.
Табиатга, унинг бойликларига бундай муносабатнинг сабаби, юқорида тилга олинганларидан ташқари, аҳолида табиат неъматлари текин, у ҳеч кимники эмас, деган ақиданинг ўрнашиб олганлигидадир. Аммо айнан барқарор тараққиёт концепцияси доирасида бундай қараш нотўғрилиги кўрсатиб ўтилди ва кейинги пайтда табиат ресурсларини баҳолашнинг турли йўллари таклиф этилмоқда.
Мавжуд аҳволдан келиб чиққан ҳолда олимлар юқорида тилга олинган туманларда кейинги тўрт йил мобайнида қатор лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этди. Улардан айримларини санаб ўтамиз: “Қишлоқ аҳолисининг доривор ўсимликлардан самарали фойдаланиш орқали қўшимча даромад олиши – барқарор ривожланишга қўшилган ҳисса”, “Қишлоқ оиласида экологик хавфсизлик мактаби”, “Минтақанинг доривор ўсимликлари – қишлоқ аҳолиси саломатлиги хизматида”, “Зарафшон водийси тўқайзорларини қайта тиклаш – минтақада биологик хилма-хилликни сақлаш имконияти”.
Шуни таъкидлаш лозимки, амалга оширилган барча ишлар Табиатни муҳофаза қилиш вилоят бошқармаси ва унинг туманлардаги бўлимлари, туман ҳокимликлари, маҳалла фаоллари, мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилар иштироки ҳамда кўмагида бажарилди.
Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти, Шарқ тиббиёти институти мутахассислари иштирокида ўтказилган семинар ва тренингларда уй ҳайвонларини сақлаш ва парваришлаш ҳамда доривор ўсимликлардан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш, оила даромадини кўпайтириш учун шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари каби керакли масалалар хусусида сўз юритилди. Қўриқхона атрофида яшаётган аҳолида табиатга нисбатан янгича қараш ва муносабатларнинг шаклланиб бориши уларн барқарор тараққиёт йўлида онгли равишда ҳаракат қилиши учун имконият яратади.
Ҳар бир тадбир сўнгида сўров ўтказилиб, иштирокчилар фикри ёзиб олинди. Айниқса, мактаб ўқувчиларининг янгиликларга қизиқиши катталаги олимларни ҳайратга солди. Бундай тадбирларнинг муҳимлигини тан олган ҳолда, Г.Деушева уларни мунтазам ўтказиб туриш кутилган натижа бериши мумкинлигини уқтиради. Дарҳақиқат, ТАБИАТ-ЖАМИЯТ- ИНСОН тизимида ривожланишни сақлаб қолиш муаммосининг ўта муҳимлиги бу йўналишда иккинчи даражали иш бўлмаслигини кўрсатмоқда.
Тошпўлат Раҳматуллаев
rtashpulat@yandex.ru
Комментариев нет:
Отправить комментарий