понедельник, 24 марта 2014 г.

Наврўзни нишонлаш самарқандлик адвокатлар учун анъанага айланди

Умумхалқ байрамимиз – Наврўзи оламни тантанали, уюшқоқлик билан нишонлаш самарқандлик адвокатлар учун яхши анъанага айланмоқда. Мана, иккинчи йилдирки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси вилоятда фаолият юргизатаётган адвокатларнинг қадимий байрамни биргаликда қайд этиши учун жонбозлик кўрсатмоқда.


Бу йил ҳам адвокатлар баҳорнинг кириб келишини тантанали равишда нишонлаш мақсадида “Темуршоҳ” ресторанида тўпландилар. Тадбирни Адвокатлар палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Аҳтамов очиб, барча касбдошларини байрам билан табриклади. Бу йилги Наврўз бутун халқимизга, жумладан, вилоятдаги адвокатларга, уларнинг оиласига бахт ва омад келтиришини тилади.  Вилоятаги мавжуд 60та адвокатлик тузилмаларида 325 нафар адвокат фаолият олиб бормоқда, улардан 100 нафарга яқинини хотин-қизлар ташкил қилади.

Навбати билан сўзга чиққан адлия соҳаси фахрийси Алишер Мардиев, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси ўринбосари Шуҳрат Содиқов, адвокатлардан Лидия Папчинская, Мастура Абдужалилова, Эшқувват Қодиров, Баҳодур Раҳматуллаев тўпланганларни яшариш ва янгиланиш байрами билан қутлашди. Улар турли тадбирларни биргаликда нишонлаш, қувончли дамларда бирга бўлиш ҳамжиҳатлик ришталирини мустаҳкамлашга асос бўлишини уқтиршди. Бу эса, ўз навбатида, касб соҳасида ҳам ижобий натижалар манбаи бўлиб, профессионал алоқаларни юқори поғоналарга кўтаришга туртки бўлиши алоҳида таъкидланди.      
 
Адвокатлар оқшом давомида ўзларининг хушчақчақ, ашула ва рақсга, шеъриятга бефарқ эмасликларини амалда намойиш этишди. М. Абдужалилова ва Э. Қодировнинг шеърлари,   Б. Раҳматуллаев ижро этган қўшиқлар йиғилганлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди.

Таниқли хонанда, мумтоз қўшиқларнинг моҳир ижрочиси Асатулла Атоуллаев ўз қўшиқлари билан даврага ўзгача файз бахш этди.
 

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий