Россия телевидениесининг "Мўъжизалар майдони" кўрсатувини ёшу қари қизиқиш билан томоша қилади. Кўрсатув бошловчиси Леонид Якубович энг машҳур телеюлдузлар орасидан жой олган. "Мўъжизалар майдони" ва Леонид Якубович жозибасининг сири нимада? Йигирма йилдан ортиқроқ давомида кўрсатув ўзининг юқори рейтингини сақлаб қолишга қандай эришмоқда?
2005 йилнинг 9 декабрида намойиш этилган "Мўъжизалар майдони"да иштирок этиб, унинг тайёрлаш ва ёзиб олиш жараёни давомида юқоридаги саволларга жавоб топишга интилдим.
Иштирокдан мақсадим ҳам журналист сифатида энг машҳур кўрсатувлардан бирини ичидан кузатиш, уни тайёрлаш жараёнини ўз кўзим билан кўришдан иборат эди. Октябрь ойининг бошларида"Мўъжизалар майдони"га юборган бир энли мактубимга жавобан 40 кундан сўнг кўрсатувга таклиф этилганлигим билдирилган телеграмма олдим.
Икки кун давомида Останкино телестудиясида бўлиб, кўрсатувни тайёрлаш ва ёзиб олиш жараёнида иштирок этиб, у ўз номига яраша ток-шоу эканлиги, унинг тайёрловчилари унга спектакл сифатида қарашларига амин бўлдим. Бир ойда намойиш этиладиган 4та кўрсатув иштирокчилари, яъни 36 киши бир йўла таклиф этилган эди. Бизга дастур бош муҳаррири ток-шоунинг мақсад ва вазифалар ҳақида батафсил гапириб берди. У иштирокчи нималар ҳақида гапириши мумкину, нималарни тилга олмаслиги керак, студияда ўзини қандай тутиш ҳақида маслаҳатлар берди. Биринчи навбатда, совғага келтирилган буюм ва турли маҳсулотларни билиб ёки билмасдан реклама қилишдан тийиниш зарурлигини уқтирди. Маҳсулот қайси корхонада ишлаб чиқарилганлигини тилга олмаслик керак экан. «Масалан, «арман коньяги» дейилса, реклама бўлади, «Арманистонда ишлаб чиқарилган коньяк» деб вазиятдан чиқиш мумкин», деди жумладан бош муҳаррир.
Якубович билан «юзта-юзта қилиш» имконияти хақида берилган саволга бош муҳаррир қуйидагича жавоб қайтарди: «Бизга Леонид Аркадьевичнинг соғлиғи керак, ҳар қалай унинг ёши олтмишдан ошди, битта кўрсатув давомида ҳам ароқ, ҳам вино, ҳам кефиру сут ичган ошқозон қай аҳволга тушишини тасаввур қилиб кўриш қийин эмас. Шунинг учун агар кўрсатув эфирга узатиладиган кун иштирокчининг тўғилган куни ёки оила қурган кунига тўғри келса, ўшанда «қита-қита»га рухсат берамиз».
Шундан сўнг тўпланганларни 9 кишидан иборат тўртта гуруҳга бўлиб, ҳир бир иштирокчи билан алоҳида муҳаррир ярим соат давомида яккама-якка суҳбат қилди. Суҳбат давомида у ҳар бир кишининг касби, нима билан қизиқиши, қўлидан қандай ишлар келиши, қандай совға билан келганлиги, уни қандай топшириши каби кўплаб саволларга жавоб топишга интилди. Ўйин иштирокчиси ҳақидаги барча маълумот Якубовичга тайёрлаб берилар экан.
Томошабинларни қизиқтирадиган омиллардан бири совғалар ва уларни топшириш билан боғлиқлиги инобатга олиниб, бунга катта эътибор берилар экан. Кўпгина совғалар иштирокчиларга ўйин ташкилотчилари томонидан Москванинг ўзида сотиб олинади. Масалан, таомлар Останкино телемарказининг ошхонасида тайёрланади, ҳар хил консерваю ичимликлар студиядаги алоҳида хона — ўзига хос омборхонадан олинар экан. Агар иштирокчи «мен балиқ ушлаш билан қизиқаман», деса унга иккита катта балиқ сотиб олинади, ширинликлар пиширишни касб қилганлар учун эса турли пишириқлар ҳозирланади. Масалан, бизнинг гуруҳдаги Вологда шаҳридан келган қиз учун сариёғ, уйида вино тайёрлашини айтган бошқа бир иштирокчи учун вино, қишлоқ жойларидан келганлар учун тузланган бодринг сотиб олиб берилди.
Муҳаррир билан суҳбатимиз давомида ўзбекистонлик аксарият эркаклар қатори мен ҳам овқат пишириш қўлимдан келишини айтим. Москвада бир танишимникида турганлигим ва палов пишириб кела олишим мумкинлигини уқтирдим. Бунга жавобан суҳбатдошим «овора бўлиб нима қиласиз, паловни студиямиз ошхонасида тайёрлаб беришади», деди. Дарҳақиқат, кўрсатув ёзиладиган кун камина учун палов, украиналик иштирокчи учун боршч, қозоқистонлик учун манти тайёрлаб қўйилган экан. Амалга оширилган ана шу тайёрлик ишларининг мақсади битта — томошабинни қизиқтириш, кўрсатув рейтингини кўтариш ва реклама берувчилар сонини кўпайтириш.
Таъкидлаш жоизки, ток-шоу ижодкорлари маълум маънода ўз мақсадларига эришишмоқда ҳам. Кўрсатув давомида берилаётган рекламанинг кўплиги бунга мисол бўла олади. Шу сабабли баъзи бировларнинг "Мўъжизалар майдони"да иштирокчиларга бериладиган совғалар кайтариб олинмайдими», қабилидаги саволи ўринсиз. Чунки ушбу ток-шоу реклама берувчилар учун Россия телеканаллари орасида энг қиммат кўрсатувлардан саналади. Рекламанинг бир дақиқаси ўша вақтлар 70 минг долларга яқин турарди. Кўрсатув давомида10-15 дақиқа намойиш этиладиган рекламадан қанча тушишини ҳисоблаб кўриш қийин эмас.
Кўрсатувнинг қизиқарли чиқишида Леонид Якубовичнинг ўйин иштирокчиларига ва залда ўтирган томошабинларга муносабати ҳам ўз таъсирига эга. Ўйин ёзиб олинишадан 10 дақиқа олдин биз, иштирокчилар ўтирган хонага кириб келган Якубович «ўзларингни эркин тутинглар, менинг сўз бойлигимда бугун «йўқ» ва «мумкин эмас» деган сўзлар бўлмайди, хоҳлаганларингни гапиришларинг мумкин», деди мулойимлик билан. Иштирокчи истаганини айтиши боис кўрсатув 2-2,5 соат давомида ёзиб олинади. Эфирда эса 42 дақиқа намойиш этилади.
Демак, "Мўъжизалар майдони"нинг ўта машҳурлигида ҳеч қандай сир ёки мўъжиза йўқлиги, бу Якубович ва унинг камида 15 кишидан иборат командасининг ғайрати ва ҳаракати натижаси эканлигини қайд қилиш ўринлидир.
Тошпўлат Раҳматуллаев
"Mo`jizalar maydoni"ni fosh qip tashlabsizu, qoyil.
ОтветитьУдалить