среда, 8 января 2020 г.

“Ўзтрансгаз”мутасаддилари диққатига: газ лимит бўйича бериладими ёки эҳтиёжга қарабми?

Самарқандда кейинги кунларда табиий газ босимининг кескин пасайиб кетиши аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда. Айрим ҳудудларда эса газ муаммоси йил-ўн икки ой одамларни қийнамоқда.


Бизнинг Боғмайдон маҳалламизда уч-тўрт кунлик айрим танафусларни инобатга олмасак, газ босими кўнгилдагидек эди. Аммо беш кундирки, вазият тубдан ўзгарди. Англаб турган бўлсангиз керак: ёмон томонга ўзгарди. Вилоят ва шаҳар газ идораларига қилган кўп сонли мурожаатларимизга “биз ҳеч нарса қила олмаймиз, Ўзтрансггаз лимит қўйган. Тошкентга ҳар соатда қўнғироқ қилиб турибмиз, ўзгаришни кутяпмиз” деган жавоб олдик.

Охири бугун эрталаб «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ шаҳар филиали раҳбари Баҳриддин Турдиев навбатдаги мурожаатимга жавобан, боши маломатдан чиқмаётганлиги, ҳар куни одамлардан сўкиш ва қарғиш эшитиш жонига текканлигини, юқоридан лимит қўйилганлиги сабабли қўли боғлиқлигини қаттиқ асабийлашган ҳолда маълум қилди. Маълум бўлишича, Самарқанд ўз эҳтиёжига нисбатан 50 фоиздан ҳам камроқ газ олаётган экан.

Буни қандай тушуниш мумкин? Ахир, бундан икки ой аввал вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов матбуот анжуманида шу вақтгача табиий газ лимит асосида берилган бўлса, эндиликда талабга қараб етказилишини маълум қилган эди. Мамлакатимиздаги аҳолиси энг кўп вилоят раҳбари бу гапларни “Ўзтрансгаз” АЖдан олган маълумот асосида айтган бўлса керак-ку?!

Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ кейинги йилларда эскириб қолган тармоқ ва иншоотларни янгилаш учун катта куч ва маблағ сарфлашди. Масалан, ана шу мақсадда 2018 йилда 16 миллиард сўм сарфланган бўлса, ўтган йили 76 миллиард сўм ажратилди. Бу қувурларда газнинг бўлмаслиги шунча маблағ беҳудага совурилганлигини билдирмайдими?

“Ўзтрансгаз” АЖ мутасаддилари, айтингчи: газ аслида лимит бўйича берилиши керакми ёки эҳтиёжга қарабми?

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ, 

Комментариев нет:

Отправить комментарий