пятница, 10 января 2020 г.

Саъдулло Шарипов: зукко муаллим, самимий дўст, бағрикенг инсон


Орамизда ҳар қандай ишни сидқидилдан бажарадиган, ўз вазифасига масъулият билан ёндашадиган, Оллоҳ берган истеъдодни эзгулик йўлида бахшида этадиган замондошларимизнинг борлиги бизнинг, жамиятимизнинг бахти. Ана шундай инсонлардан бири ўзининг 70 ёшга тўлишини нишонлаётган СамДУ доценти Саъдулло Шарипов десам муболаға бўлмайди.


Ишонч билан шундай дейишимга асос бор. Чунки биз Садриддин Айний номидаги ўрта мактабда бир синфда ўқидик, СамДУ тарих факультетида бирга таҳсил кўрдик, шу даргоҳда бирга ишладик, бир неча йил давомида “Самарқанд” газетаси таҳририятида фаолият юргиздик.

Саъдулло нимага эришган бўлса, ҳаммаси унинг тиришқоқлиги, эзгу мақсадлар сари тинимсиз интилишлари, ижод йўлидаги уйқусиз тунлари натижасидир. Ҳали мактабда ўқиб юрган вақтларидаёқ намунали одоби, самимийлиги ва ўқиб-ўрганишга бўлган интилиши билан бошқа синфдошларимиздан ажралиб турарди. Мактабда драма тўгараги ташкил этиб, турли кичик асарларини саҳналаштирганини биз, унинг дўстлари, ҳанузгача эслаймиз.

Дўстимиз кўп қиррали истеъдод эгаси эканлигини турли соҳаларда ишлаб, хизмат қилиб намойиш этди. Масалан, у бир муддат музейда ишлади. Музейшуносликни чуқур ўрганганлиги унга СамДУ музейини ташкил этиш ишига бош-қош бўлишда ва бир неча йиллар давомида унга раҳбарлик қилишда жуда асқотган эди.

Саъдуллонинг одамохунлиги, ҳамма билан чиқиша олиши, ўзгалар дардини англаб яшашга қодирлигини инобатга олиб, ўзи яшайдиган Халфа Иброҳим маҳалла аҳли у ҳали 30 ёшга тўлмаган пайтида уни ўзларига раис этиб сайлашган эди. С.Шарипов бу жамоатчилик ишини шундай уддаладики, шаҳарда Сиёб тумани тузилганда, у туман маҳаллалар ишини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи этиб тайинланди. Кейинчалик эса у Самарқанд шаҳар маҳаллалар кенгашини бошқарди.

Дўстим илмий ва илмий-оммабоп мақолалари билан танилган. Турли соҳалар бўйича ёзган мақолалари илмий журнал ва тўпламлар билан бир қаторда даврий нашрларда ҳам мунтазам чиқиб туради. “Саъдулланинг ўзбек, тожик ва рус тилларида ижод қилиши ва топширилган вазифани ўз вақтида масъулият билан бажаришини инобатга олиб, СамДУ тарих факультети томонидан нашр этилаётган китобу тўпламларга уни масъул қилиб қўямиз. Унинг таҳриридан чиққан китобда камчилик тополмайсиз”, – дейди дўстимнинг устози профессор Мавлон Жўрақулов.

Айнан уни қадрлайдиган устозининг қатъий таклифи билан бундан бир неча йил аввал нафақага чиққан С.Шарипов яна жонажон университетига қайтди ва айни пайтда Археология кафедрасида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Саъдуллонинг уч тилда ижод қилишини инобатга олиб, камина “Самарқанд” газетаси бош муҳаррири вазифасида ишлаб юрган пайтимда уни таҳририятга ишга таклиф қилган эдим. Бошқарув тизимида кўп йиллар давомида фаолият юргизганлиги унга бош муҳаррир ўринбосари сифатида меҳнат жамоаси ишини ташкил этишда мададкор бўлди. С.Шарипов ўзи ўзбек ва тожик тилларида мақола ва хабарлар тайёрлашдан ташқари чет муаллифларнинг материалларини таҳрир қилишда жонбозлик  кўрсатди.

Саъдулло Шарипов – намунали оила бошлиғи. Унинг курсдошимиз Малика Нусратова билан турмуш қурганига бу йил ярим аср тўлади. Улар  шириндан шакар фарзанду набиралари оғушида ҳаёт лаззатидан баҳраманд бўлиш насиб этганлигини Оллоҳнинг инояти сифатида қабул қилишмоқда.

Биз дўстимизга яна узоқ йиллар оиласи, қадрдонлари ва шогирдлари даврасида сорбон бўлиб юришини тилаб қоламиз.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий