ЛОЙИҲА
1.Журналист ўз бурчини ҳақиқат йўлида хизмат қилишда
деб билади.
2. Журналист холисликни асосий ахлоқий тамойил
сифатида қадрлайди.
3. Оммавий ахборот воситаси учун жамиятда ҳаққоний ахборот
олиш ҳуқуқи муқаддас саналади. Журналист фуқаронинг жамиятда рўй бераётган
муҳим ва керакли воқеалардан хабардор бўлиш ҳуқуқини таъминлашни ўзининг бош
вазифаси ҳисоблайди.
4. Журналист сўз эркинлиги имтиёзини ўз манфаати
йўлида суиистеъмол қилмайди.
5. Оммавий ахборот воситаси турли хил нуқтаи
назарларни тан олади ва уларнинг ёритилишини ёқлаб чиқади.
6. Сўз эркинлиги инсоннинг бошқа асосий ҳуқуқлари
билан тўқнаш келганида, муҳаррир ва журналист улардан қайси бири устувор
эканлигини аниқлаш масъулиятини ўз зиммаларига олишади.
7. Журналист фақат ўзи аниқ билган, ҳаққонийлигига
ишонган ахборотни тарқатади ва шарҳлайди. У ноаниқ ёки тўлақонли бўлмаган ахборот, ижтимоий аҳамиятга эга маълумотни
атайлаб яшириш ёинки унинг ёлғонлигини била туриб тарқатиш туфайли бировга зиён
етказмаслик учун бор кучини сарфлайди.
8. Воқеа ёки ҳодиса ҳақида ахборот ва унинг шарҳи, у
ҳақда журналистнинг билдирадиган шахсий фикри ҳамда тахминлари ва хулосаси
бир-биридан ажралган бўлиши шарт. Аммо бу меъёр оммавий ахборот воситасининг ўз
нуқтаи назари, шунингдек, бошқалар фикрини ёритишга тўсиқ бўлмаслиги лозим.
9. Журналист ахборот тўплашнинг касб этикасига зид
бўлмаган воситаларидангина фойдаланади.
10. Жамиятнинг хабардор бўлиш хуқуқини рўёбга
чиқариши давомида журналист ҳар бир фуқаро ўз шахсий ҳаётига эга эканлигини ва
у дахлсизлиги тамойилини инобатга олади.
Сўз эркинлиги тақозо этадиган зарурат туғилганда ҳам фуқароларнинг руҳий ҳамда
жисмоний азият чекишларига сабабчи бўлмайди.
11. Журналист болалар ва ўсмирлар билан боғлиқ
масалаларни ёритишда ўта эҳтиётлик билан ёндашади.
12. Журналист касб сирини сақлаши ва ахборот манбаини
ошкор этмаслиги шарт.
13. Журналист ҳар бир кишининг суд ҳукми билан айбдор
деб топилгунча бегуноҳ эканлиги тамойилига амал қилади. Унинг фаолияти туфайли
бировлар таъқиб остига олиниши, жабрланиши мумкинлигини ҳеч қачон эсдан
чиқармайди.
14. Журналист жиноий жавобгарликка тортилганлар ёки
айбланувчилар қариндошлари, дўстлари номини эълон қилмайди. Фақат воқеалар
ҳаққонийлигини таъминлаш учун шундай зарурат туғилганда, бу ҳол истисно
қилиниши мумкин.
15. Журналист касб этикаси талабларига зид, ўзига
бўлган ишончга путур етказувчи фаолият билан шуғулланмайди, мақсади жамиятнинг
умумий манфаатига қарши қаратилган
ташкилотларга аъзо бўлмайди.
16. Журналист фаолияти давомида кўчирмачиликка йўл
қўймайди ва уни ўз шаънига ҳамда касбига иснод келтирувчи восита деб
ҳисоблайди. Бошқа оммавий ахборот воситасидан
олинган маълумотнинг манбаини, албатта, кўрсатади. Журналист муаллифлик
ҳуқуқини ҳурмат қилади.
17. Журналист касбдошларининг касб фаолияти билан
боғлиқ ҳуқуқларини ҳурмат қилади ва уларни ҳимоя этади ҳамда ўзаро муносабатда
соғлом рақобат қоидаларига амал қилади.
18. Журналист совғалар олиш, бепул саёҳатга чиқиш,
турли имтиёзлардан фойдаланиш унинг ўзини ҳам, оммавий ахборот воситасини ҳам
ахлоқий жиҳатдан бебурд этишини инобатга олади.
19. Шахсий манфаатлар журналист фаолиятига ҳеч қандай
таъсир кўрсатмайди. Ўз шахсий ишини ижтимоий аҳамиятга молик деб кўрсатиб,
ундан фойда олишга ҳаракат қилмайди.
20. Журналист ўзи эга бўлган ахборотни эълон қилиш
ёки қилмаслик билан бошқаларга тазйиқ ўтказиб, бундан манфаатдор бўлишга интилишни
Ахлоқ кодексига зид ҳаракат деб ҳисоблайди.
21. Журналист обрў-эътибори, мавқеи, касбий
маҳоратидан реклама ёки тижорат мақсадларида фойдаланишни касб этикаси нуқтаи
назаридан номуносиб иш деб билади.
22. Журналист миллий, ирқий, диний адоват келиб
чиқишига сабаб бўладиган маълумотларни тарқатмайди.
23. Журналист ахлоқий меъёрлар талабига жавоб
берадиган топшириқларнигина бажаради.
“Моҳият” газетаси, 2003 йил 2 май, №18
Лойиҳа Тошпўлат
Раҳматуллаев ва Миршариф Хўжаев томонидан тайёрланган.
Комментариев нет:
Отправить комментарий