2003 йилда камина раислик қилаётган Ўзбекистон Миллий матбуот маркази (ЎзМММ) Самарқанд вилоят бўлимида мамлакатимизда биринчи марта журналистларнинг ахлоқ кодексининг лойиҳаси тайёрланган эди. Лойиҳа ўша йили “Моҳият” газетасининг 2 майдаги 18-сонида “Баҳс” рукни остида эълон қилинди. Унинг кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилиши газетанинг ўша вақтлардаги бош муҳаррири Абдуқаюм Йўлдошевнинг ўзига хос жасорати эди.
Бундай ҳужжат биринчи марта жамоатчиликка тақдим этилаётганлигини
инобатга олиб, Ахлоқ кодекси ўзи нима эканлиги, унинг қандай зарурати борлигини
тушунтириш мақсадида лойиҳа билан бирга газетанинг ўша сонида каттагина мақолам
ҳам эълон қилинган эди. Юқорида кўрсатилган сабабга кўра мақола Сангин Пўлатов тахаллус
билан чиққанди.
Энди Ахлоқ кодекси лойиҳаси муаллифларини тилга олсам бўлади. Уни кўп
соҳаларда кенг қамровли билимга эга бўлган ажойиб инсон, журналист Миршариф
Хўжаев ва камина тайёрлаган эдик. Кодексни тузиш жараёнида хорижий мамлакатларда эълон қилинган 50дан ортиқ шу
мазмундаги ҳужжатларни ўрганиб чиқдик. Шу нарсага амин бўлдикки, кодекслар
мазмун-моҳияти жиҳатидан бир-бирига анча яқин экан. Бу – қаерда бўлмасин, журналистика вазифаси бир-бирига
муштараклигидан далолат беради.
Афсуски, “Моҳият”да чоп этилган лойиҳа хусусида ҳеч ким ўз фикрини
билдирмади. Ё журналистлар жамоаси Ахлоқ кодекси моҳиятига етиб бормади, унинг
зарурлигини англамади ёки юқоридан кўрсатмани кутиб турди. Юқоридагилар эса ўзларига
яқин бўлмаганлар ишини маъқуллашни лозим топмади. Улар худди ҳеч нарса
бўлмагандек эътиборсиз эди. Натижада биз тузган Ахлоқ кодекси лойиҳаси
шундайлигича қолиб кетди.
Айримлар ҳалигача “қонунлар бор-ку, яна Ахлоқ кодекси нимага керак”,
деган мулоҳазани билдиришади. Гап шундаки, журналистлик фаолияти аҳоли билан
яқин боғлиқлиги бор бошқа касблар (масалан, тиббиёт соҳаси) каби нафақат
қонунларни, балки ижтимоий ахлоқ нормаларини ҳам инобатга олмоғи лозим. Фақат шундагина
инсонлардан иборат жамиятда оммавий ахборот воситаси ва унинг ходими ўз вазифисини
тўлақонли бажара олиши мумкин.
Кодексда журналист ва муштарий, журналист ва ахборот манбаи, журналист
ва асар қаҳрамони, журналист ва муҳаррир, журналист ва таҳририят аъзолари,
журналист ва касбдошлари орасидаги муносабатда вужудга келиши мумкин бўлган ҳар
хил ҳолатлар инобатга олинади. Шу йўл билан журналситикада ўзин-ўзи чеклаш
тамойили жорий этилади. Акс ҳолда, журналистика ушбу соҳа ходимлари фаолиятини чеклаш илинжида бўлган бошқа кучлар таъсири остида қолиб
кетиши мумкин.
Обрўсизланишдан ўзини сақламоқчи бўлган Ғарб журналистикасида “ўз-ўзини
цензура қилиш”, “ўзини-ўзи бошқариш” каби иборалар ишлатилмоқда. Журналистлар ва
журналистик жамоалар ўз фаолиятини тартибга солишга қаратилган амалий ишларни
бажармоқда. Умумий характердаги кодекслардан ташқари жамоадаги ҳар бир ҳолатни
инобатга олган низомлар яратилди. Таҳририятларда омбудсман вазифаси жорий
этилди, профессионал ташкилотлар ҳузурида этика бўйича комиссиялар ташкил
этилди.
Нима, бу гапларнинг бизга дахли йўқми? Бизга “журналист обрўси”, “уни
сақлаш зарур” деган тушунчалар бегонами?
Тўғри, мажбурий обуна орқали мажбурий ўқишга маҳкум этилганлар орасида қандай
қилиб журналистнинг обрўйи бўлсин?! Аммо Ахлоқ кодексимизга эга бўлиб, унинг
талаблари асосида фаолият юргизсак, бундан аҳоли хабардор бўлиб турса,
обрў-иззатимиз бошқача бўлармиди?! Масалан, реклама материалини реклама десак,
материал тайёрлаганда таъмагирликка берилмасак, янгилик ҳақида сўз юритаётганда
ўз қарашларимизни унга тиқиштирмасак, кўчирмачиликка йўл қўймасак, вазифамизни
ҳақиқат йўлига хизмат қилишда деб билиб, ахлоқий меъёрларга жавоб берадиган
топшириқларнигина бажарсак, жамиятдаги мавқеимиз ошарди, албатта.
Журналистларнинг ахлоқ кодекси лойиҳаси билан танишиб, ҳар ким ўз
фикрини билдирса, мамнун бўлардик.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий