четверг, 3 июля 2014 г.

Маҳаллийчилик – миллат хасталиги нишонаси

Миллатнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ривожланиши йўлидаги улкан тўсиқлардан бири маҳаллийчилик саналади. Миллий бирликка, Ватан хавфсизлигига таҳдид солувчи ушбу хасталикни даволамасдан мамлакатдаги кўпгина ҳаётий муаммоларни ҳал этиб бўлмайди.

Бундан 17 йил аввал “Самарқанд” газетасида “Маҳаллийчилик – миллат оёғидаги кишан” номли мақолам эълон қилинган эди. Бу мақола “Ҳуррият” газетасининг1997 йил 15 октябдаги сонида “Оғайни, қаерликсиз: воҳаданми, водийданми ёки Ўзбекистондан?” сарлавҳаси остида чоп этилган эди. (Мақола Ziyouz.com сайтида жойлаштирилган “Эркин фикр парвози” китобимнинг 60-64-бетларидан ўрин олган:    http://n.ziyouz.com/yangi-kitoblar/toshpo-lat-rahmatullayev-erkin-fikr-parvozi).
Ана шу узоқ тарихга эга ва чуқур илдиз отган иллат хусусида аввал билдирган фикрларимга қўшимча яна бир-икки оғиз сўз айтмоқчиман. Бу ҳақда қанча кўп гапирсак ва ҳамжиҳатликда уни таг-томири билан қўпора ташлай олсак, миллитимиз келажаги учун шунча яхши бўларди.

Изоҳли луғатлардан бирида маҳаллийчиликка шундай таъриф берилган: “Айрим ҳудудларнинг манфаатларини юқори қўйиб, давлат манфаатини инкор этиш ёки умуман тан олмаслик”. Демак, маҳаллийчилик – бу айримачилик, гуруҳбозлик дегани. У миллатни, мамлакатни бўлиб юборишга хизмат қилувчи мудҳиш иллат ҳисобланади. Келиб чиқиши, миллати, ирқига қараб одамларни гуруҳларга бўлиш миллат тақдирига бефарқлик ҳисобланади. Миллат келажагига қайғурадиган инсон ушбу иллатлардар йироқ юради. Бу нафақат миллат бирлигига, балки халқларнинг бир-бирини тушуниб, ўзаро яқинлашишига ҳам қаттиқ зарба етказади. Маҳаллийчилик касалига мубтало бўлган шахс фақат ўзига маҳлиё бўлиб, ўзини бошқалардан устунроқ, ақллироқ, уларга нисбатан кўпроқ ҳақ-ҳуқуққа эга деб ҳисоблайди


Маҳаллийчилик миллатчилик, уруғ-аймоқчилик, гуруҳбозлик, таниш-билишчилик       каби ижтимоий адолатсизлик кўринишидаги вайронкор ғоялар сирасига киради. Чунки у   миллатни ичидан кемиради ва охир-оқибат уни емиради, миллий бирликка болта уриб, хавфсизликка таҳдид солади. Ўз ичида бирлаша олмаган халқ эса ташқи таҳдид қаршисида ожиз бўлиб қолаверади.

Мамлакат равнақи, миллат бирлиги бунёдкор ғояларга асосланмоғи керак. Энг аввало, бутун аҳоли тан олган, ҳаммага тушунарли бўлган миллий ғоя мавжуд бўлиши ва барча, қайси ҳудуддан эканлигига қарамасдан, унинг атрофида бирлашиши зарур. Фақат манфаатлар муштараклигини англаган тақдирдагина бир миллат бўлиб бирлашиш ва биргаликда ягона мақсад сари интилиш мумкин. Қашқадарёданми, Бухороданми, Самарқандданми, Фарғонаданми – ким қаерда туғилиб ўсганлигидан қатъи назар, ўзини Ўзбекистон фарзанди деб англамас экан, Ватан туйғусини қалбида жо этмас экан, ҳеч қандай тараққиётга эриша олмаймиз, ҳар томонлама ривожланган маданиятли деб жаҳон тан олган миллатлар сирасига ҳам ҳеч қачон кира олмаймиз.   

Маҳаллийчилик миллатнинг оғир хасталиги нишонаси эканлигини инобатга олиб, ана шу касалликдан қутулиш йўллардан бири сифатида унинг ҳар қандай кўриниши учун жиноий жазо жорий қилиш зарур назаримда. Айниқса, бу хасталикка йўлиққан мансабдор шахснинг ижтимоий хавфли эканлиги сабабли бундайларга нисбатан жазо чорасини кучайтириш лозим.  

Маҳаллийчилик кундалик ҳаётимизда турли кўринишларда намоён бўлмоқда. Агар у кўчада, бозорда ёки бошқа бир жойда баҳс-мунозара пайтида маиший жанжал кўринишида бўлса, бу – бир масала. Лекин ишга олишда, бирор-бир вазифага тайинлашда ишга даъвогарнинг келиб чиқиш ҳудуди бош мезон бўладиган тақдирда, бу катта – фожиа. Ҳар иккала кўринишдаги маҳаллийчилик хусусида аксариятимиз хабардормиз. Камина ҳам бунга мисоллар келтиришим мумкин.

Афсуски, орамизда ҳозиргача бир маҳаллага бошқа жойдан, ҳатто қўшни маҳалладан келиб яшаётганларга ҳам ёв қараш қиладиганлар бор. Масалан, Самарқандда айрим фикри бузуқлар бошқа ҳудуддан келиб қолган қўшниларига нисбатан “сойкелди” сўзини ишлатишади. Бошқа ҳолатларда ўзини маданиятли, бағрикенг қилиб кўрсатиб юрган баъзи шахслар бундан ўн йиллар олдин шу маҳаллага кўчиб келган қўшниси билан ўзаро гап-сўзга борганда, жанжал пайтида уни камситиш мақсадида юқоридаги иборани ишлатади.  

Айрим ҳолларда корхона, муассаса, идора, ўқув юрти раҳбари қаердан бўлса, унинг ходимлари ёки муҳим вазифаларни эгаллаганларнинг аксарияти ўша жойдан бўлишади. Яқинда Самарқанддаги академик лицейлардан бирининг ўқитувчиси ўқув юртидаги камчиликлар ҳақида гапирар экан, куюнчаклик билан қуйидагиларни гапириб берган эди: “Лицейимизга ўтган йили асли Қўшработ туманидан бўлган ёш бир директор тайинланди. Тез орада молия ва хўжалик ишларига масъуллар, жумладан бухгалтер ҳам қўшработликлар билан алмиштирилди.  Ушбу тумандан бўлган бир қатор ўқитувчилар ишга олинди. Агар улар ўз жойига арзийдиган бўлганда, майли, ҳеч ким бунга қаршилик  қилмасди. Лекин... Масалан, информатика ўқув фанидан дарс берадиган ўқитувчи компьютерни деярли билмайди”.

Тилга олинаётган иллат бошқа соҳалар каби спортимизга ҳам кириб борганлиги ҳақида спортчилар, уларнинг устозларидан бир неча марта эшитганман. Спорт жамоатчилиги ўртасида ҳакамларнинг мусобақа ғолибларини аниқлашда маҳаллийчиликка таяниб иш тутаётганлиги, жамоа устозларининг нуфузли мусобақага спортчини танлашда ошна-оғайнигарчиликка йўл қўйишаётганлиги ҳақидаги гаплар юрибди.

Масалан, футбол бўйича ўтказилаётган бу йилги Ўзбекистон биринчилигида ҳакамлар Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасига ён босганлиги хусусида интернетда маълумотлар мавжуд. Бунга   пойтахтнинг номдор жамоаси билан Самарқанднинг “Динамо” ва Наманганнинг “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги иккита учрашув мисол бўла олади. “Динамо” билан боғлиқ воқеа ҳақида камина ҳам ёзган эдим.  (http://rtoshpulat.blogspot.ru/2014/04/blog-post_29.html#more). “Навбаҳор” билан бўлиб ўтган ўйиндан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида ушбу жамоанинг бош мураббийси Бахтиёр Ашурматов “Бугун ҳакам “Пахтакор”нинг ғалабасини жуда ҳам хоҳлади”, деб таъкидлаган (http://stadion.uz/news/detail/82481).   

Ўзбекистон Футбол федерацияси Ижроия қўмитасининг 2014 йил бошида бўлиб ўтган йиғилишида ЎФФ презинденти қуйидагиларни уқтирган:  «Футболчилар рўйхатини мураббий тузади, тузаверсин, марҳамат. Мураббийнинг ишига аралашмаймиз. Ҳаққимиз йўқ. Лекин, мана шу ерда таниш-билишчилик, маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик бўлса, биз бунга жим қараб туролмаймиз. Одиллик бўлсин. Ҳеч ким кимнингдир қариндоши бўлганлиги сабаб терма жамоага келишига йўл қўймаймиз».

Ушбу битикларим сўнгида шоир Шукур Қурбоннинг “Маҳаллийчилик” шеърини диққатингизга ҳаволи этмоқчиман.
Душман керак бўлса, дунёда қанча,
Дўстларинг — омонат,
ҳамкорлар — қаллоб.
Кўнгилни орзулар шиддати янчар,
Юрак — меҳрталаб, муҳаббатталаб.
Ҳар жой, ҳар кўйингга жонимни қоқай,
Халқим, жаҳолатда токай қақшайсан?!
Калта ўйлаб гоҳо қийнайсан токай,
Маҳаллийчиликни қачон ташлайсан?
Ҳасрат, ҳаяжонлар бўғизга етди,
Кўзинг оч, сен ҳам бир атрофга қара.
Оламда ўт ва сув бирлашиб кетди,
Лайли-Мажнун бўлди оқ билан қора.
Пастлар баландларни кўтарди бошга,
Қайноқлар кўксига босди совуқни.
Нега сен ҳамиша қоқилдинг тошга?
Нега ўз кўксингга отдинг шу ўқни?
Номи бир ўзбексан, ўзингга бексан,
Яхлит бир парчасан туркий жаҳондан.
Юракда дард билан сен қадди тиксан,
Чегара чизиғи ўтмаган қондан
.

Тошпўлат Раҳматуллаев











































Комментариев нет:

Отправить комментарий