вторник, 29 июля 2014 г.

Олимлар қўл бериб кўришишнинг хавфи хусусида огоҳлантиришди

Кўпгина халқлар учун анъанага айланган қўл бериб кўришиш соғлиқ учун зарарли бўлиб, бир қатор юқумли касалликларга сабабчи бўлаётганлиги ҳақида олимлар бонг ура бошлашди.

Британиянинг The Independent газетасиги таяниб, “Новости” Россия ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра олимлар саломлашганда қўл узатмаслик йўли билан юқумли касалликлар тарқалиш хавфини анча камайтириш мумкинлигини уқтиришган. Ғарбий Уэльс университетларидан бирида ўтказилган тадқиқотлар асосида олимлар ана шундай хулосага келган. Улар қўл кафти ўрнига муштларни бир-бирига текизиш орқали касаллик юқтириш эҳтимолини 10 мартага камайтириш мумкинлиги ҳақида фикр билдиришган. Тадқиқот муаллифлари саломатлик манфаати йўлида анъанавий саломлашиш баҳридан ўтиш зарурлигини уқтиришмоқда.

Биз бу ҳолда қандай йўл тутмоғимиз лозим? Мушт билан саломлашиш одати бизда йўқ. Мен АҚШда бўлган пайтимда мексикаликларнинг шу тарзда саломлашганлигини кўрган эдим. Менимча, биз қадимий одатимизга кўра қўлимизни кўксимизга қўйиб, “ассалому алайкум” десак, шунинг ўзи кифоя. Шундай эмасми?

Афсуски, ҳозирча кўп ҳолларда қўл узатганга биз ҳам қўл бермасак, бу унга жуда ёмон таъсир қилади. Баъзилар ҳатто дастурхон устида ҳам қўл бериб кўришади. Маҳалламизда 80 ёшга яқинлашган бир отахон яшайди. У киши даврага яқинлашиши билан “ассалому алайкум, кўрганимиз-кўришганимиз”, дейди.  Айримлар бу отахонни тўғри тушунишмайди.

Бир куни 4-5 киши чойхонадаги водопровод сувида қўлларимизни ювиб, маъракага бораётган эдик. Шу пайт узоқда ўрта ёшдаги бир маҳалладошимизни кўриб қолдик. У  йўлда учраганлар билан қўл бериб, саломлашиб келаётган эди. Бизга яқинлашиб, қўлини узатди. Биз унинг қўлини сиқишга мажбур бўлдик. Фақат отахон “ассалому алайкум, кўрганимиз-кўришганимиз”, дейиш билан кифояланди.  Ҳалиги киши “нима, мендан ҳазар қиласизми, ҳали сизнинг қўлингиз ҳалолу бизники ҳаром бўлдими?”, деган сўзлар билан ўшқира кетди. Уни зўрға тинчлантирдик. Кўп йиллар ўтганлигига қарамасдан, ўша маҳалладошимиз бўлган воқеани унутгани йўқ. Узоқдан отахонни кўрса, истеҳза билан “ана, “кўрган-кўришган” келяпти”, дейди.  

Ота-боболаримиз саломлашиш қоидалари ва тартиблари хусусида кўп ва хўп гапларни айтиб ўтишган. Уларни  ўрганиб, уларга риоя қилишимизнинг кони фойда. Соғлигимиз учун ҳам.

Тошпўлат Раҳматуллаев






Комментариев нет:

Отправить комментарий