воскресенье, 13 июля 2014 г.

Ифторлик хайр-эҳсондир, манманлик учун қилинган зиёфат эмас

Аслида эҳсон ҳисобланмиш ифторлик Самарқандда кўп ҳолларда хўжакўрсинга, яқин дўсту биродарлар учун ташкил этилган зиёфатга ўхшаб қолмоқда.

Хайр-эҳсоннинг асосий мақсади муҳтожларга, бева-бечораларга, фақирларга моддий ёрдам кўрсатишдир. Бизда эса 100-200 киши қатнашаётган ва баъзан ресторанларда ўтаётган ифторликлар бошқа зиёфатлардан фарқ қилмаяпти. Одатда ўзига тўқ кишилар томонидан ташкил этилаётган ифторликларда маърака эгасининг ўзи каби тўқ, эҳсонга муҳтож бўлмаганлар қатнашмоқда. Дастурхон ёзганлар ўзича “обрўли” деб ҳисоблаган таниш-билишларини узоқ-яқиндан чақириб, қўли калта маҳалладошини таклиф қилишни “унутади”.

Яқинда бир ифторликда қатнашдим. 120 кишига жой тайёрланган экан. Оғиз очилишидан 20 дақиқа один жой тўлди. Бироз ўтмасдан даврада ғала-ғовур бошланди. Ўтирганлар ўзаро шундай баланд овоз билан гаплашардики, четдан кузатган одам маст-аластлар даврасига тушиб қолдим деб ўйларди.

Дастурхон атрофидагилар ўзларини худди тўйда ўтиргандек тутишарди. Энг четдаги столда ўтирганлар кун ботишига 10 дақиқа қолганда, бемалол овқталана бошлашди. Энди ифторлик деб аталмиш ушбу зиёфатда аксарият ўзини тутолмай нега баланд овозда гапиришганини тушунган бўлсангиз керак? Ҳа, йиғилганларнинг кўпчилиги  рўза тутмаган эди.

Бу ифторликнинг асл моҳиятини унутганимиз натижасидир. Аслида ифторлик рўза тутгану, лекин ифторга егулиги бўлмаганлар учун ташкил қиланган. Рўзадорларга ифторлик қилиб берганлар улар дуосидан баҳраманд бўлади. Маросимнинг мақсади ҳам, савоби ҳам шунда. Диний адабиётимизда ноўрин қилинган эҳсон исроф эканлиги таъкидланган. Қуръони каримнинг Исро сурасида шундай дейилади: “Қариндошга, мискинга ва йўловчига (хайр-эҳсон қилаш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка йўл қўйманг! Чунки исрофгарчилик шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорга ўта ношукр эди”.

Ушбу битикларимда кўтарилган мавзу бўйича тақводор, Самарқанддаги масжидлардан бирида имом-хатиб бўлиб ишлаган танишим билан суҳбатлашиб қолдим. У киши мавзу долзарблигини уқтирар экан, ўзи кейинги 15 йилда ифторлик ташкил этишнинг баҳридан ўтганлигини қайд этди. “Чунки дастурхон ёзсам, таниш-билишларим ва қўшниларимни таклиф этишим керак, – дейди танишим. – Улар орасида эса рўза тутмаганлар ҳам бор. Бунда ифторликнинг эҳсонлиги қоладими?! Шунинг учун ифторлик ўрнига муҳтож оилаларга, бева-бечораларга хайр қиламан”.  

Унинг фикрича, қилинган ҳар бир ҳаракатимизнинг ўз ўрни бўлиши керак. Акс ҳолда, эзгу мақсад билан, лекин бировлар кўрсин деб қилинган эҳсон риёкорликка киради. Ҳар қандай риёкорлик эса савоб ўрнига гуноҳ келтиради.

Тошпўлат Раҳматуллаев













).


Комментариев нет:

Отправить комментарий