воскресенье, 6 мая 2018 г.

Самарқандда фавворалар сайли ўтказилди




 1 май куни Самарқандда тўртинчи марта “Фавворалар сайли” ўтказилди. Байрамона тус олган фавворалар атрофида ёшлар иштирокида оммавий-маданий тадбирлар бўлиб ўтди.


“Фавворалар сайли” Самарқанд шаҳридаги Кўксарой ва Театр майдонларида, Университет хиёбонида, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги майдонда, Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкаллари ўрнатилган ҳудудда, “Шоирлар боғи” ва Самарқанд темир йўл вокзали майдонидаги фавворалар атрофида ўтказилади.
 
Тадбирда қатнашган таниқли санъаткорлар, ёш ижрочилар, бадиий ҳаваскорлик жамоалари ўз  чиқишлари билан тўпланганларга хуш кайфият улашдилар. Оммавий рақс, ўйин-кулгу кечгача давом этди.

Шаҳардаги мавжуд 35та фавворанинг иккитаси нурли-мусиқали, 31таси нурли, иккитаси оддий фавворалардир. Кейинги бир йилда шаҳарда битта янги фаввора қурилди, иккитаси реконструкция қилинди.

Фаввора ва унинг атрофи аҳолининг севимли масканига айланган. Шу сабабли турли хилдаги фавворалар яратиш билан бир қаторда уларнинг атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Фонтанларга яқин ҳудудда майсазор ва гулзорлар барпо этилди, каштан, япон сафораси, лола дарахти, қрим соснаси  экилди ва дарахтларга шакл берилди.
 
Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида 18,2 минг кв.м кўкаламзорлаштирилган майдон бўлиб, жумладан, 15,3 минг кв. м. майдонда яшил майсазор ташкил этилган. 86 012 туп манзарали ва игна баргли дарахтлар мавжуд. Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида 15 туп қрим қарағайи, 1000 туп қораарча (можжевельник), 282 туп бутасимон ўсимликлар ва бошқа ноёб дарахтлар ўтқазилди.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоатчилик” бўлими, 2.05.2018

Комментариев нет:

Отправить комментарий