среда, 16 мая 2018 г.

“Ҳалол” стандарти талаблари нималардан иборат, қандай маҳсулот ушбу стандартга мос келади?



“Ўзстандарт” агентлиги Самарқанд стандартлаш ва метрология бошқармаси томонидан “Туризм соҳасида умумовқатланиш шахобчалари фаолиятини ташкил этишда “Ҳалол” стандартларининг ўрни” мавзусида семинар бўлиб ўтди. 

Унда чиқиш қилган мутасадди идоралар вакиллари туристик ташкилотлар ходимларини мамлакатимизда “Ҳалол” стандартларини жорий этиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва ушбу стандартларнинг талаблари билан таништирдилар.  

Семинарда “Ўзстандарт” агентлиги Самарқанд стандартлаш ва метрология бошқармаси бошлиғи Мамасодиқ Саидов, “Ўзбек-турк тест маркази” МЧЖ қўшма корхонаси директори Музаффар Ҳамзаев, Самарқанд синов ва сертификатлаштириш маркази бўлим бошлиғи Фарида Шакирова, Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилоят бош имом хатиби ўринбосари Ёқубжон Мансуров маъруза қилишди.   
 
“Ҳалол” стандартлари Ислом давлатлари стандартлаштириш ва метрология институти томонидан 2011 йилдан жорий этила бошланган эди. Ўзбекистонда ушбу стандарт 2018 йилнинг февралидан жорий этилди. “Ҳалол” стандартларининг асосий манбаи Қуръони карим ва Пайғаримиз (с.а.в) ҳадислари ҳисобланади. Муқаддас китобимизнинг “Бақара” сурасининг 168-оятида шундай дейилган: “Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир”. 

 Мутахассисларнинг фикрича, “Ҳалол” стандартларининг жорий этилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ўз бозорларини кенгайтиришга янги имкониятлар яратади ва зиёрат туризмини ривожланиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда “Ҳалол туризм” дунёда жадал ривожланиб бормоқда ва унинг ҳажми 2017 йилда 126 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2020 йилга бориб, камида уч баробарга ортиши ва 378 млрд долларга етиши кутилмоқда.

“Ҳалол” стандартлари талаблари асосида сертификатлаштириш Туркия давлатининг Турк стандартлари институти билан ҳамкорликда амалга оширилади. Сертификатланган маҳсулот ҳалол сертификатланган маҳсулотлар ягона реестрига киритилади ҳамда “Ҳалол” мувофиқлик белгисидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

“Ҳалол” сертификатлаштириш деганда нималар тушунилади? Хомашёлар, қўшимчалар, зираворлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, ишлаб чиқариш объектлари (масалан, цех), ишлаб чиқариш воситалари (жиҳозлар), бизнесни бошқариш ва кўрсатилаётган хизматларни “Ҳалол” стандарти талабларига мувофиқлигини учинчи тараф (бетараф) томонидан тасдиқлашга оид фаолият “Ҳалол” сертификатлаштириш ҳисобланади.
 
“Ҳалол” стандартларига мос бўлган озиқ-овқат маҳсулотларига нималар киради, улар қандай тайёрланади, уларни сотишда нималарга эътибор берилади каби кўплаб саволларга жавобни “Ўзстандарт” агентлиги томонидан тайёрланган махсус қўлланмадан билиб олиш мумкин. У Туркияда 2011 йилда тайёрланган “Ҳалол озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича умумий қўлланма” асосида жорий йилнинг январ ойида ишлаб чиқилган.

Қўлланманинг аввалида таъкидланганидек, тавсия этилаётган стандартлар Ислом тамойиллари ва шароитларига биноан ҳалол маҳсулотлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, тайёрлаш, қайта ишлаш, етказиб бериш, тарқатиш, сақлаш ва хизмат кўрсатиш каби ҳар бир босқичда риоя қилиниши зарур бўлган қоидаларни ўз ичига олади.

Қўлланмада истеъмол қилишга рухсат этилган озиқ-овқатлар, гўшти ҳалол ҳисобланган мол ва паррандалар рўйхати келтирилган. Мол ва бошқа ҳайвонларни сўйиш қоидаларининг ўзи тўрт саҳифани ўз ичига олади. Шунингдек, қўлланмада қадоқлаш материаллари бирор-бир ҳалол бўлмаган моддадан таёрланмаслиги кераклиги уқтирилган. Машиналар, жиҳозлар, материаллар, ишлаб чиқариш линиялари ҳамда маҳсулотларни сақлаш, тахлаш, транспортда ташиш ва хизмат кўрсатиш жараёнида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳам батафсил белгилаб берилган.

Мамлакатимизда “Ҳалол” стандартларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб қилиш ички ва ташқи туризмни, айниқса зиёрат туризмини ривожлантириш учун хизмат қилиши Самарқандда бўлиб ўтган тадбирда бот-бот такрорланди.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоатчилик” бўлими, 16.05.2018

Комментариев нет:

Отправить комментарий