вторник, 8 мая 2018 г.

Бобомурод Абдуллаев: “Одам ўткинчидир, ҳақиқат тирик”


Бобомурод Абдуллаевнинг суд залидан озод этилганлиги яшин тезлигида бутун оламга тарқалди. Ҳақиқат учун, жамиятимиз, халқимизнинг ва ҳар биримизнинг бугунимиз ва эртамизни ўйлаб, ҳақ сўзни айтганлиги учун шунча азобга солинган қаҳрамон озод этилди! Бу ҳақдаги хабарни, касбдошимизнинг Би-би-си радиосига берган интервьюсини кўзларимга ёш билан ўқидим ва тингладим.


Буни оддий воқеа деб қабул қилиш нотўғри бўларди. Жиноят кодексининг оғир моддалари билан айбланган журналистнинг озод этилиши мамлакатимизда катта, кенг қамровли ўзгаришлар, ислоҳотлар бошланганидан далолат эмасми?! Бобомурод Абдуллаев шу ҳақда сўз юритиб, янги давр бошланганлигини, янги судлов тизими шаклланиб бораётганлигини таъкидлади ва Президент Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Бобомурод Би-би-си радиоси орқали ўзининг “Тўсиқсиз қамоқ” деган шеърини ўқиб берди. Шеърда шундай сатрлар бор:

Ҳақгўйга ноҳақлар қилади зулум,
Айбсизни айбдорлар тергайди уриб.
Одам кирар қамоққа, кирмайди фикр,
Одам ўткинчидир, ҳақиқат тирик.

Ҳали Бобомурод Абдуллаев феномени ҳақида кўп гапирилади, унинг жамиятимиз олдида, журналистикамиз ривожи йўлида қилган ишлари хусусида мақолаю китоблар битилади. Шундай қилиниши, албатта, тўғри бўлади. Ҳозир эса қалам аҳли, журналистлар дадил ҳаракат қилиш вақти келганлигини англаб етсак, шунга яраша атрофимиздаги воқеа ва ҳодисаларга тўғри муносабат билдирсак, айни муддао бўлади. Энди ҳақиқатни четлаб ўтиб, фақат маддоҳлик қилган журналистни халқимиз тушунмайди ҳам, кечирмайди ҳам. Бундайларга очиқчасига: “нимадан қўрқасан, Абдуллаев қилган ишни сен қила олмайсанми? Ахир орқангда Президент турган бўлса, яна сенга нима керак”, демайдими?

Мамлакатимиз, жамиятимиз олдида тўғаноқ бўлиб турган иллатлардан тезроқ қутулишнинг йўли, ҳалигача ўз манфаатини бошқалар манфаатидан устун қўйиб келаётган амалдорларни тартибга солишнинг воситаси журналистнинг ҳақ сўзи эканлигини барча англаб етиши учун амалий ҳаракатимизни кучайтиришимиз керак. Фақат шундагина ҳам “тепа”да, ҳам “паст”да танқидни тўғри қабул қилиш иммунитети шаклланарди.

Демак, эркин сўз, эркин журналистика сари – олға!

Тошпўлат Раҳматуллаев



Комментариев нет:

Отправить комментарий