воскресенье, 26 сентября 2021 г.

Самарқандда “Рўдакий куни” нишонланди

 

Ҳар йили 22 сентябрь Тожикистонда “Рўдакий куни” байрам қилинади. Ушбу санага бағишланган адабий-маданий тадбир бугун Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкаллари ёнида бўлиб ўтди. Тадбир Самарқанд давлат университети, Ўзбекистон ёзувчилир уюшмаси вилоят бўлими, вилоят тожик ва тожикзабонлар миллий-маданий маркази ҳамда “Овози Самарқанд” газетаси таҳририяти ҳамкорлигида ташкил этилди.

 


Унда сўзга чиққанлар буюк гуманист шоирнинг ижоди ва ибратли ҳаёти ҳақида сўз юритиб, Абўабдулло Рўдакий асарларининг бош мавзуси инсонпарварлик, халқлар ўртасидаги дўстлик, жамиятдаги тотувлик эканлигини ва улардаги ҳикмат ҳамда панду насиҳатлар эскирмасдан асрлар оша инсониятга хизмат қилажагини қайд этишди.


Келин сепига - китоблар


 Самарқандда шаклланган одат бўйича, неварамнинг фотиҳа тўйи куни куёв томони катта сандиққа солинган моддий нарсалар юборди. Ушбу сандиқ ёнида яна бир кичикроқ сандиқ ҳам бор эди.  Унинг ичида анчагина китоб солинибди. Оллоҳга шукр, куёв томони юксак маърифат ва маънавият соҳиблари эканлигининг исботи бу!



Келинга юборган сепга фақат қимматбаҳо буюмлар эмас,  китоблар ҳам берилса, айни муддао бўларди.


 Самарқанд туманидаги Кўтарма қишлоғидан бўлган қудаларимизга тасанно! Бу одатни кенг тарғиб қилса арзийди.

суббота, 18 сентября 2021 г.

Булунғурда саховатпеша инсон 2200 намозхонга мўлжалланган масжид қурди

  


Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида саховатпеша инсонлар томонидан янги масжид бунёд этилмоқда. Бир ярим йиллик меҳнат якунланиш арафасида. Масжиднинг очилиши келгуси ойга мўлжалланган.

 

Мусулмон оламида масжидлар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги уйлари сифатида катта мавқега эга бўлиб, энг покиза маконлар саналади. Масжидлар Аллоҳ таолога энг маҳбуб масканлардир. Уларда Аллоҳ таолога ибодат қилиниши сабабли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларидек, «шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир» (Имом Муслим ривояти).

 

Булунғур туманида бундан 30 йил аввал ҳаммаси бўлиб иккита масжид бўлган. Ҳозирга келиб, уларнинг сони 16тага етган. Шу кунларда яна иккита янги масжид қурилмоқда. Серқатнов кўча шундайгина ёнгинасида, М-39 халқаро автомобиль йўли устида қурилаётган масжид диққатимизни ўзига тортди. Бу “Амир Ҳамза” жоме масжиди экан. У 1989 йилда бунёд этилган ва шу кунларда унинг ҳудудида янги бино бунёд этилаётган экан.

 

Масжид имоми ва айни пайтда Булунғур туман бош имом хатиби Мамадиёр Жамонқуловни суҳбатга тортдик. Унинг уқтиришича, эски бино 500 намозхонга мўлжалланган экан. Масжид шундайгина Катта ўзбек тракти, туну кун автомобиль ҳаракати тўхтамайдиган йўл устида жойлашгани учун доимо мусофирлар билан гавжум бўлган ва намозхонлар учун торлик қилган. Шуни инобатга олиб, маҳаллий фуқаро Сайфиддин Ҳожи Ҳайитов ўзининг тадбиркор ўғиллари билан биргаликда “Амир Ҳамза” жоме масжиди ҳовлисидаги бўш ер майдонида янги масжид биноси қуриб бериш истагини билдирган.

 

“Натижада бир ярим йилга ҳам бормасдан туман аҳолиси ва меҳмонларимиз учун замонавий масжид биноси қад ростлади, – дейди М.Жамонқулов. – Ҳомийларимизга қўшилиб, бу савоб ишга бир қатор фуқаролар ўз ҳиссасини қўшди. Кимлардир қурилиш давомида уста-мардикорларга ёрдам кўрсатди, яна кимлардир уларнинг овқатидан хабар олиб турди. Бир сўз билан айтганда, ҳажиҳатлик натижасида ана шундай катта ва кўркам бино қурилди. Қурилиш жараёнлари билан танишиш мақсадида бир неча бор ушбу масжидга Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов, ҳамда Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, марҳум муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ташриф буюришган”.

 

Биз Сайфиддин Ҳожи Ҳайитов билан ҳам учрашдик. Суҳбатдошимиз муқаддас динимизда масжид қуриш ва уни обод этиш энг савобли амаллардан саналишини уқтириб, қуйидаги ҳадиси шарифни келтирди: “Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради». 

 

Масжиднинг янги биноси қуришга нима туртки бўлганлигини сўраганимда, С.Ҳайитов қуйидагича жавоб қайтарди: “Катта ўғлим Азамат Тошкентда ишлайди. Ҳайит намозларига келганида, масжидга одам сиғмай кетганлигини кўриб, хайрли ишга қўл уриб, масжид ҳовлисида бўш ер майдонида янги бино қуриш таклифини билдирди ва буни оилавий қўллаб-қувватладик. Хайрли иш ўтган йилнинг июнь ойида бошланган эди. Бино тўла қурилиб, фойдаланиш учун тайёр ҳолга келтирилган. Бирор ой ичида очамиз. Масжид икки қаватдан иборат бўлиб, 2200 намозхонни сиғдира олади”.

 

Қурилиш ишларига холисона бош-қош бўлган Умид Атахоновнинг сўзларига қараганда,

қурувчи усталар Андижондан таклиф қилинган. Ажойиб гумбаз наманганлик, эшиклар эса самарқанлик қўли гул усталарнинг иши экан.

 

Энди масжидга “Амир Ҳамза” деб ном берилганлиги ҳақида.  М.Жамонқулов бунга изоҳ бериб, масжид  машҳур саҳоба – Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталиб (р.а.)  номлари билан аталганлигини таъкидлади. 

 

Тошпўлат Раҳматуллаев

“Олтин тўй”га ҳам етказди. Шукр!




Ярим аср давомида биргамиз. Вақтнинг шиддат билан ўтишини қаранг! Тўйимизга 50 йил ўтибди. Университетнинг биринчи курсига қабул қилинганимизга эса нақ 55 йил тўлди!

 

Ҳа, София Мўминова билан умр ришталарини бирга боғлаганимизга ярим аср ўтди. Шунча муддат бирга бўлишнинг гашти ва бахту тахти ўзгача! Буни ҳис қилиш, чуқур англаш лозим.

 

Мана, бу кунга келиб, фарзанд, невараю эваралар оғушида мазмунли ҳаётимизни давом эттиряпмиз. Ҳанузгача ўзгаларга юк бўлмасдан, қўлимиздан келгунича атрофимиздагиларга мададкор бўлишга имкон топаётган эканмиз, бунинг учун меҳрибон Оллоҳга ҳамду санолар айтамиз.

 

Ҳа, олти мучални кўриб, 50 йил оилавий ҳаётда бўлишлик ҳам Оллоҳнинг иноятидир. Афсуски, бу кунга етиб келмаганлар қанча. Бундан ташқари, кейинги йилларда оиладек муқаддас қўрғонга жиддий муносабатда бўлмаганлар сони ортди. Оилавий жанжаллар ва ажралишлар кўпайиб кетаётганлиги шундан далолат эмасми?

 

Шу сабабли турмуш қурганига 25, 40-50 йил бўлганларнинг тажрибасини ўрнак қилиб кўрсатиш, ёшларга оила муқаддаслиги ҳақидаги тушунчаларни сингдириш ва буни миллий қадриятларимиздан бири сифатида тарғиб этиш тарбиянинг ажралмас қисмига айланса, айни муддао бўларди...

 

У вақтлар тўйлар бошқача ўтарди. 1971 йилнинг 18 сентябрида тўйимиз бўлиб ўтган эди. Ўша давр одатига кўра никоҳ қайди (ЗАГС)ни икки кун олдин ўтказган эдик. Унда 15 нафарга яқин дўсту қариндошлар иштирок этган эди. Қайддан ўтгач, камторона дастурхон ёзилган эди.

 

Ўша даврнинг яна бир одати, тўй базми қиз чиқарганнинг хонадонида бўлиб ўтарди. Тўй кечаси жуда мазмунли ва қувноқ ўтди. У пайтда сўз қадрини билганлар ва тушунганлар кўпчиликни ташкил этарди. Тўй соҳиблари ва ёшларни табриклаганлар ўта маданият ва донишмандлик билан тилак билдиришади. Ҳозирги тўйлардан табриклаш одати деярли кўтарилди, икки оғиз сўзни ҳам адабий тилда гапириш қўлидан келмайдиганлар кўпайди...

 

Софияхонум кўп йиллар Самарқанд кооператив институтида ва ушбу институтнинг академик лицейида ёшларга сабоқ берди. Иш билан бирга уй ишлари, фарзандлар тарбияси ҳам унинг диққат марказида бўлди. Ҳаётда ҳамма нарса бўлади. Ҳаёт текис ва равон йўл каби силлиқ эмас. Худога шукр, биз елкама-елка туриб, барча қийинчиликларни енгдик, синовлардан ўтдик.

 

Узоқ ва бахтли оилавий ҳаётнинг муҳим омиллари ўзаро ҳурмат ва керакли пайтда бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ёрингнинг дардига дармон бўлиш десам, тўғри бўлар. Ана шу омиллар ҳақида энди оила қураётганларга гапириб бериш учун ҳам кумуш ё олтин тўйни оврўпача деб улардан воз кечмаслик керак. Гап шаклда эмас, мазмунда ва бу тадбирларни қандай ўтказишда...

 

Машҳур ҳофиз Фахриддин Умаровнинг шоир Тўра Сулаймон шеъри билан айтиладиган “Умр ўтмоқда” қўшиғини жон дилимиз билан тинглаймиз.

 

Эсиз, болаликни қолдириб ортда

Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

Қолдириб, қолдирмай из бу ҳаётда

Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.

 

Жуда тўғри, умр оқар дарё сингари ўтиб кетади. Охирида “эсиз” деб қолмаслик учун умрни мазмунли, фойдали ва самарали ўтказишга эришмоқ лозим. Жумладан, оилавий ҳаётда ҳам эр-хотин бир-бирига таяниб яшаса, умрнинг мазмуни янада ошади.

 

Тошпўлат Раҳматуллаев

Уддалай олмайдиган ишингни бошлама, қўлингдан келадиганини қил!

 Шаҳар электр тармоқлари идораси раҳбарлари диққатига!

 



Андишани ҳам расво қилдинглар. Неча марта бир муаммо бўйича мурожаат қилиш мумкин? Раҳбарларингга телеграм ва телефон орқали чиқиб, ўз зиммаларингдаги ишни бажаришларингни сўраган эдим. Аммо бугун-эрта деб қанча вақт ўтиб кетди. Эски тос, эски ҳаммом...


Боғимайдон маҳалласида “Еттигўр” қабристони девори ёнидан кабель кўмиш учун 100 метрача узунликдаги чуқур қазилганига беш ойча бўлди. Хандақ қазилгач, тезда кўмилмади ва у ахлатхона айланди, ҳамма ёқ чангу ғуборга тўлди. Бир неча марта қилган мурожаатимиздан сўнг кабель ётқизилиб, чуқур кўмилди. Аммо иш охиригача етказилмади, мошина ўтса ёки шамол кўтарилса, ҳамма ёқни чанг тўзон қоплайди. Ёғингарчилик бошланса, лой кечишга тўғри келади. 

 

Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва унинг шаҳар бўлими раҳбарларига муражаатимиз самарасиз қолиб кетмоқда. Биламан, вилоятда қилишингиз лозим бўлган иш жуда кўп. Шу сабабли имкониятдан келиб чиққан ҳолда бу ишга киришиш керак эди. Ўша савил қолгур кабелни улаш ишларини охиригача етказиш иложи бўлмаса, ишни бошлаб нима қилардингиз? Ҳаммасини тайёрлаб бир неча кун ичида ишни якунлашни режалаштириш керак эмасмиди?!

 

Маҳалламиздаги эскирган, қийшиқ симёғочларни алмаштириш дастурга кирган дейилган эди. Лекин қани натижа? Икки йил давомида юқори ташкилотлардан маҳаллани ободонлаштириш бўйича нималар қилиш керак деган саволлар юборишади. Биз жумладан 70та эски симёғочларни янгисига алмаштириш лозимлигини ёзиб юборамиз. Ҳаммаси қоғозда қолиб кетмоқда.

 

Ўтган йилги реконструкциядан сўнг Афросиёб кўчасида битта эски столба қолиб кетди. Мутасаддилар  бригадир Акмал ака бошчилигида келиб, тез орада уни янгисага алмаштиришни ваъда қилиб кетган эди. Шунга ҳам бир ярим йил бўлди...

 

Тошпўлат Раҳматуллаев

 

Қабристонларни сақлаш ва ободонлаштиришга масъул бўлганлар ўз вазифасини қандай бажармоқда?

Шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси Қабристонларни сақлаш участкаси раҳбари диққатига!

 


Олти ой мобайнида ўз зиммасидаги оддийгина вазифани ҳал қилаолмаган мутасаддини нима деб аташ мумкин? Боз устига гап қабристон ободлиги ҳақида кетаётган бўлса, ишни пайсалга солишдан мақсад нима? Ўзимизни савобталаб қилиб кўрсатамизу, аммо савоб ишни, ҳатто бу иш ўзимизнинг бевосита вазифамизга кирса ҳам ўз вақтида бажармаймиз.

 

Март ойида “Еттигўр” қабристонидаги қуриган дарахт шохларини кесиш ва уларга шакл бериш кераклиги ҳақида Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси Қабристонларни сақлаш участкаси раҳбари Ином Раҳмоновга мурожаат қилган эдик. У бунинг учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органидан рухсатнома олиш шартлигини айтиб, бу иш билан шуғулланишини уқтирган эди.

 

Ўтган ярим йил давомида кўп марталаб И.Раҳмоновга ва Ободонлаштириш бошқармаси мутасаддиларига чинорларнинг қуриган шохлари кесиб ташланмаса, улар айвоннинг томи ва қабртошлар устига тушиб, уларга зиён етказиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришимизга қарамасдан, ҳеч қандай амалий иш қилинмади.

                 

Албатта бу ишни ўзимиз маҳалладошлар билан бажаришимиз мумкин эди. Аммо Давлат хизматлари марказига қабристонга масъул бўлган давлат ташкилоти бевосита мурожаат қилиши ҳамда тўловларни амалга ошириши керак эди.

 

Қуйида дарахтларнинг қуриган шохлари билан бирга “Еттигўр” қабристонида маҳалламизнинг савобталаб фуқаролари томонидан амалга оширилган ободонлаштириш ишлари намоён этувчи суратлар жойлаштирилганлиги бежиз эмас. Охирги йилларда қабристонни ободонлаштириш йўлида каттагина ибратли ишлар амалга оширилди. Марҳамат, хоҳлаганлар келиб кўриши мумкин.

 

                  

                                      

Ушбу материални тайёрлаш давомида Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда унинг таркибидаги Қабристонларни сақлаш участкасининг вазифалари ва ҳукумат томонидан улар олдига қўйилган талаблар нимадан иборатлиги билан танишдим.  

 

Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган “Шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармалари тўғрисида”ги Намунавий низомда қабристонлар ҳудудида зарур тартиб ва тозаликни таъминлаш Ободонлаштириш бошқармасининг вазифаси сифатида белгилаб қўйилган.

 

“Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги Вазирлар маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги қарорида қабристонларни тартибга келтириш ва ободонлаштириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган. Мана, улардан айримлари:

 

Қабристонларда ҳар бир қабрни (шу жумладан рақамланмаган қабрларни) рақамлаш ва ҳисоб дафтарида тизимли қайд этиб бориш. Мудати – 2018 йил июль.

 

Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2018 йил бошига мавжуд маблағининг тасдиқланган айланма касса маблағлари миқдоридан ошган қисми ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига 3 млрд. сўмдан маблағ ажратиш ва ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш. Мудати – 2018 йил биринчи ярим йиллигида.

 

Икки ой муддатда диний қоидалар ва миллий урф-одатларни эътиборга олган ҳолда қабристонлар тузилиши (қабристон ҳудуди, қабрлар орасидаги йўлаклар, қабр тошлари)нинг ягона намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

 

Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни зиёрат қилиш одоблари бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш. Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларда зиёрат қилиш одоблари ёзилган лавҳаларнинг тегишли жойларда ўрнатилишини таъминлаш. Мудати – 2018 йил февраль.

 

Хўш, азизлар, Ободонлаштириш бошқармаси таркибидаги Қабристонларни сақлаш участкаси ҳукумат қарорида белгилаб берилган қайси вазифани бажаришда жонбозлик кўрсатди?

 

Тошпўлат Раҳматуллаев