суббота, 18 сентября 2021 г.

Қабристонларни сақлаш ва ободонлаштиришга масъул бўлганлар ўз вазифасини қандай бажармоқда?

Шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси Қабристонларни сақлаш участкаси раҳбари диққатига!

 


Олти ой мобайнида ўз зиммасидаги оддийгина вазифани ҳал қилаолмаган мутасаддини нима деб аташ мумкин? Боз устига гап қабристон ободлиги ҳақида кетаётган бўлса, ишни пайсалга солишдан мақсад нима? Ўзимизни савобталаб қилиб кўрсатамизу, аммо савоб ишни, ҳатто бу иш ўзимизнинг бевосита вазифамизга кирса ҳам ўз вақтида бажармаймиз.

 

Март ойида “Еттигўр” қабристонидаги қуриган дарахт шохларини кесиш ва уларга шакл бериш кераклиги ҳақида Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси Қабристонларни сақлаш участкаси раҳбари Ином Раҳмоновга мурожаат қилган эдик. У бунинг учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш органидан рухсатнома олиш шартлигини айтиб, бу иш билан шуғулланишини уқтирган эди.

 

Ўтган ярим йил давомида кўп марталаб И.Раҳмоновга ва Ободонлаштириш бошқармаси мутасаддиларига чинорларнинг қуриган шохлари кесиб ташланмаса, улар айвоннинг томи ва қабртошлар устига тушиб, уларга зиён етказиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришимизга қарамасдан, ҳеч қандай амалий иш қилинмади.

                 

Албатта бу ишни ўзимиз маҳалладошлар билан бажаришимиз мумкин эди. Аммо Давлат хизматлари марказига қабристонга масъул бўлган давлат ташкилоти бевосита мурожаат қилиши ҳамда тўловларни амалга ошириши керак эди.

 

Қуйида дарахтларнинг қуриган шохлари билан бирга “Еттигўр” қабристонида маҳалламизнинг савобталаб фуқаролари томонидан амалга оширилган ободонлаштириш ишлари намоён этувчи суратлар жойлаштирилганлиги бежиз эмас. Охирги йилларда қабристонни ободонлаштириш йўлида каттагина ибратли ишлар амалга оширилди. Марҳамат, хоҳлаганлар келиб кўриши мумкин.

 

                  

                                      

Ушбу материални тайёрлаш давомида Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда унинг таркибидаги Қабристонларни сақлаш участкасининг вазифалари ва ҳукумат томонидан улар олдига қўйилган талаблар нимадан иборатлиги билан танишдим.  

 

Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган “Шаҳарлар ва туманлар ободонлаштириш бошқармалари тўғрисида”ги Намунавий низомда қабристонлар ҳудудида зарур тартиб ва тозаликни таъминлаш Ободонлаштириш бошқармасининг вазифаси сифатида белгилаб қўйилган.

 

“Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги Вазирлар маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги қарорида қабристонларни тартибга келтириш ва ободонлаштириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган. Мана, улардан айримлари:

 

Қабристонларда ҳар бир қабрни (шу жумладан рақамланмаган қабрларни) рақамлаш ва ҳисоб дафтарида тизимли қайд этиб бориш. Мудати – 2018 йил июль.

 

Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2018 йил бошига мавжуд маблағининг тасдиқланган айланма касса маблағлари миқдоридан ошган қисми ҳисобидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига 3 млрд. сўмдан маблағ ажратиш ва ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш. Мудати – 2018 йил биринчи ярим йиллигида.

 

Икки ой муддатда диний қоидалар ва миллий урф-одатларни эътиборга олган ҳолда қабристонлар тузилиши (қабристон ҳудуди, қабрлар орасидаги йўлаклар, қабр тошлари)нинг ягона намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

 

Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни зиёрат қилиш одоблари бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш. Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларда зиёрат қилиш одоблари ёзилган лавҳаларнинг тегишли жойларда ўрнатилишини таъминлаш. Мудати – 2018 йил февраль.

 

Хўш, азизлар, Ободонлаштириш бошқармаси таркибидаги Қабристонларни сақлаш участкаси ҳукумат қарорида белгилаб берилган қайси вазифани бажаришда жонбозлик кўрсатди?

 

Тошпўлат Раҳматуллаев


Комментариев нет:

Отправить комментарий