Жорий йилнинг биринчи чорагида Самарқанд вилоятида 18281 нафар гўдак дунёга келди, 5455та никоҳ қайд этилди, 691та оила бузилди, яъни шунча эр-хотин ажрашди.
Самарқанд вилоят матбуот уйида фуқаролар йиғинларида оила ва никоҳ
муносабатлари, қизларни эрта турмушга узатиш, яқин қариндошлар ўртасидаги
никоҳларнинг олдини олиш, тўй-маъракаларни ихчамлаштирш масалалари муҳокамасига
бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ушбу масалалар юзасидан журналистлар
ҳузурида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими бошқаруви раиси ўринбосари
Эркин Зубайдуллаев ва ушбу ташкилотнинг бош мутахассиси Фароғат Шокирова чиқиш
қилишди.
Матбуот анжумани давомида вилоятдаги маҳаллалар, уларда амалга
оширилаётган ишлар хусусида қатор рақамлар келтирилди. Мана улардан айримлари.
Вилоятда 1105та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд, уларда 774 мингдан
кўпроқ оила истиқомат қилади. Жорий йилнинг биринчи чорагида 18281 нафар гўдак
дунёга келди, 5455та никоҳ қайд этилди, 691 эр-хотин ажралишди. Кейинги
йилларда мамлакатимизда қизларни эрта турмушга узатиш олдини олиш учун олиб
борилаётган маънавий-маърифий ишларга қарамасдан 2014 йилнинг биринчи чорагида никоҳ
ёшига етмаган 4 нафар қиз фарзанд кўрган. Булунғур туманида иккита, биттадан
Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида ана шундай ҳолат қайд этилган. 320 нафар
ота-онанинг ўз фарзандларига салбий таъсир ўтказишлари аниқланиб, улар
профилактик ҳисобга олинган.
Қайд этилган айрим рақамларнинг асосли эканлиги журналистларда шубҳа
уйғотди. Масалан, таъкидланишича, вилоятдаги барча маҳаллаларда “Ота-оналар
университети” ташкил этилган ва жорий йилнинг биринчи чорагида улар томонидан
6276та тадбир ўтказилган экан. Бу ҳар
бир маҳаллада ўртача 5-6тадан тадбир бўлиб ўтганлигини билдиради.
Ҳар биримиз маҳаллада яшаймиз, атрофдаги маҳалларда нима гаплигидан
озми-кўпми хабардормиз. Ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида турли
маҳаллаларда истиқомат қиладиган танишларимдан сўраб кўрдим. Аксарият ўзи яшаб
турган маҳаллада “Ота-оналар университети” мавжудлигидан ёки бу йўналишда
қандайдир тадбир ўтказилаётганлигидан бехабарлигини уқтирди.
Матбуот анжуманида унинг ташкилотчилари маҳаллардаги “Тўй-маъракаларни
ўтказишга кўмаклашиш” гуруҳларининг саъй-ҳаракатлари билан бугунги кунда
вилоятда тўй-маъракаларни бирмунча қисқартиришга эришилганлиги ҳақида сўз юритишди.
Бу, ўз навбатида, журналистларнинг эътирозига сабаб бўлди. 300-500 кишилик
фотиҳа тўйлари, 700-1000 меҳмон иштирокидаги никоҳ тўйлари, 2000-4000 киши қатнашаётган
наҳор ошлар шу куннинг воқелиги эмасми?!
Ёки ярим кечагача қулоқни қоматга келтирувчи мусиқа садоларининг аҳоли
тинчлигини бузаётганлиги, тўйхўрларнинг асабига таъсир этиб, соғлигига зиён
етказиши ўтмишда қолдими?
Ушбу муаммо юзасидан сўз юритган Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят
бўлими раиси, сенатор Фармон Тошев тўй-маъракаларни тартибга солиб,
рисоладагидек ўтказишга эришиш шу кунларда ўта долзарблик касб этаётганлигини
таъкидлади. “Ҳозирда ана шу муаммо муҳокамасига бағишланган вилоят фаоллар
йиғилишига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, – деди Ф.Тошев. – Унда бу йўналишдаги аниқ таклифлар
ва уларни ҳаётга жорий этишнинг механизмларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган”.
Журналистлар, шунингдек, жойларда маҳалла оқсоқолларига маҳаллий
ҳокимиятнинг муносабати масаласини тилга олиб ўтишди. Маълумки, кейинги йилларда
маҳалла ва унинг раиси зиммасига авваллари давлат органлари бажарган қатор
вазифалар юклатилди. Бу вазифалар оқсоқоллардан қунт билан, масъулият сезган ҳолда
ишлашни талаб этади. Аммо туман ва шаҳар ҳокимликларининг улардан қиладиган
талаблари орасида коммунал тўловларни амалга ошириш, металлолом топшириш,
газеталарга обуна ташкил этиш кабилар асосий талаб бўлиб қолмоқда.
Афсуски, бу ҳолга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар ва туман бўлимлари
одатий ҳол сифатида қарашмоқда. Бўлим бошқарув раислари ўзларини маҳалла
оқсоқолларига кўра ҳокимликларга яқин тутишади. Айниқса, вилоят марказидаги
маҳаллаларнинг оқсоқоллари
йиғилишлардаги қўполликларга чидамасдан, хуноб бўлишмоқда. Ушбу мавзудаги
гап-сўзлар турли учрашувларда, суҳбатлар чоғида тез-тез тилга олинмоқда. Бу ҳақда
сўз юритганларни жазолашларини билган ҳолда ҳозирча бу мавзуни шу ерда
тўхтатиб, келгусида аниқ мисоллар асосида унга қайтиш ниятим борлигини уқтирмоқчиман.
Матбуот анжуманида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд шаҳар бўлими
бошқаруви раиси ва унинг атрофидагиларнинг иш услуби эскирганлиги, улар барча
маҳаллаларга, айниқса, икки йил олдин Самарқанд тумани ҳудудидан шаҳарга ўтган
маҳаллаларга керакли услубий ва бошқа ёрдам кўрсата олмаётганлиги хусусида ҳам
фикр юритилди.
Матбуот анжуманида, шунингдек, барча маҳалла посбонларини ҳам ўз
вазифасига лойиқ деб бўлмаслиги, оилавий поликлиникалар ишидаги камчиликлар,
жумладан, хорижда ишлаб келганларни тиббий кўрикдан ўткзиш ишлари доимо ҳам ўз
вақтида бажарилмаётганлиги, айрим ҳолларда никоҳдан олдин келин-куёвлар номигагина
тиббий кўрикдан ўтказилаётганлиги ҳақида аниқ мисоллар келтирилди.
Кўрсатиб ўтилган камчиликларни тугатиш борасида “Маҳалла” хайрия жамоат
фонди вилоят бўлими бошқаруви раҳбарлари ва журналистлар очиқ тарзда фикр
алмашишди. Бу муаммоларнинг тезроқ бартараф этилиши ҳамда ўз-ўзини бошқариш
органлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилиши жамиятимиз ва
давлатимиз тинчлиги ва равнақи учун, маҳаллардаги маънавий муҳитни янада соғломлаштириш
йўлида хизмат қилиши таъкидланди.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий