Амир Темур таваллудининг 678 йиллигига бағишланган мамлакат миқёсидаги тантаналар Самарқанддаги тадбир билан бошланиб кетди.
Халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими ва
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ҳамкорлигида Соҳибқирон таваллуд топган кун
арафасида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Ҳар йили 9 апрелда нишонланадиган
ушбу сана муносабати билан Самарқандда ана шундай катта тадбир ташкил этилди. Унда
маҳаллий олим ва адиблар билан бирга Тошкентдан ташриф буюрган мутахассислар
ҳам иштирок этишди.
Анжуманни жамғарманинг Самарқанд вилоят бўлими раиси профессор Қўзибой
Мамараимов очиб, анжумандан кўзланган мақсад ва вазифалар ҳақида сўз юритди. Шундун
сўнг сўз олган Ўзбекистон Республикаси Халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси
раиси Нозим Ҳабибуллаев Соҳибқирон таваллуд куни муносабати билан
мамлакатимизда қатор тадбирлар режалаштирилганлигини таъкидлади. “Ана шундай
тадбирларнинг дастлабкиси Самарқандда ўтаётганлигидан мамнунмиз, – деди
жумладан нотиқ. – Чунки буюк саркарда ва давлат арбоби бўлган Амир Темурнинг ҳаёти
ва фаолияти ушбу кўҳна шаҳар билан қанчалик
муштараклиги ҳаммамизга яхши маълум”.
Анжуман қатнашчилари профессор Убайдулло Уватовнинг чиқишини илиқ кутиб
олишди. Бу олимнинг номи нафақат мамлакатимизда, балки ундан ташқарида ҳам яхши
маълум. Айнан У.Уватовнинг саъй-ҳаракатлари билан ибн Арабшоҳнинг Амир Темур
ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китоби Мисрдан келтирилган эди. Ва айнан шу
олим китобни ўзбек тилига таржима қилиб, нашр эттирган эди.
Профессор Уватов ўз чиқишида ибн Арабшоҳ асарининг топилиши ва таржима
этилиши жараёнига оид бир қатор ибратли
маълумотларни келтирди ҳамда бу китобни тўла англаб етиш учун каттагина
тадқиқот ишлари олиб бориш зарурлигини уқтирди.
Шундан сўнг анжуманда тошкентлик ёзувчи Тўлқин Ҳайит, СамДУ профессори
Зиёдулло Муқимов, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош директори Маҳмуд Бобоёров,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раиси Ориф Ҳожи сўзга чиқиб, Соҳибқироннинг кўпқиррали
фаолиятидан айрим лавҳар келтиришди.
Анжуман қатнашчилари Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини тўлақонли ёритиш
учун олимлар, шоиру ёзувчилар, кино ва театр санъати вакиллари ҳали кўп иш
қилишлари лозимлигини таъкидлашди. Жумладан, шундай буюк ватандошимиз ҳақида
ҳозиргача халқимизга манзур бўладиган кино асари яратилмаганлиги афсус билан
қайд этилди.
Анжуман сўнгида Нозим Ҳабибуллаев икки йилдан сўнг нишонланадиган
Соҳибқироннинг 680 йиллик юбилейи олдидан Халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси олдида
катта масъулият турганлигини уқтирди. Жамғарманинг
Самарқанд вилоят бўлими ҳам юбилей муносабати билан бажарадиган тадбирлар
рўйхатидан иборат дастур тайёрлаш ҳаракатини бошлаши лозимлигини таъкидлади.
Тошпўлат Раҳматуллаев
Комментариев нет:
Отправить комментарий