Самарқанд шаҳрида 1-3 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган БМТ Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Ижроия кенгашининг 99-сессиясига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етмоқда.
Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти жорий йилнинг июнь ойида Испанияда бўлиб
ўтган 98-сессиясида ўзининг навбатдаги сессиясини Самарқандда ўтказишга бир
овоздан қарор қилган эди. Шундан сўнг 2014 йилнинг 1 августида Ўзбекистон
Республикаси Президентининг “Самарқанд шаҳрида БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти
Ижроия кенгашининг 99-сессиясини ўтказишни ташкил қилиш чора-тадбирлари ҳақида”ги
махсус фармойиши қабул қилинди. Ушбу фармойишни бажариш ва халқаро тадбирга
пухта тайёргарлик кўриш мақсадида вилоят ташкилий қўмитаси ва мувофиқлаштирувчи
штаб тузилди.
“Ўзбектуризм” миллий компанияси
Самарқанд минтақавий бўлими бошлиғи Илҳом Суванов маҳаллий журналистлар учун
ўтказилган брифингда ЮНВТО Ижроия кенгаши сессиясини юқори савияда ўтказиш учун
олиб борилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Ўзбекистон ЮНВТОга 1993 йилда аъзо бўлган эди. Ушбу ташкилотнинг 2011
йилда бўлиб ўтган Бош ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси иккинчи марта ЮНВТО
Ижроия кенгаши аъзоси этиб сайланди. Шуни таъкидлаш жоизки, бу мақомга дунёнинг
саноқли мамлакатларигина сазовор бўлишган. Самарқандда 2004 йилдан буён Бутунжаҳон
сайёҳлик ташкилотининг Буюк ипак йўлида сайёҳликни ривожлантиришни
мувофиқлаштириш бўйича минтақавий офиси фаолият юритмоқда.
Илҳом Сувановнинг сўзларига қараганда, айни пайтда халқаро анжуман
қатнашчиларини кутиб олиш, жойлаштириш, самарали ишлашини ва мароқли дам
олишини таъминлаш мақсадида 11та ишчи гуруҳи ташкил этилган. Сессия ўтказиладиган
“Форумлар мажмуаси”ги хонлар Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти берган кўрсатмалар
асосида тайёрлаб қўйилган. Таржимонлар ва журналистлар учун керакли шароитлар
ҳозирланган.
Сўнгги маълумотлар бўйича, Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия
кенгашининг 99-сессиясига қатнашиш учун 43та мамлакатдан 149 нафар иштирокчи
ташриф буюради. Бундан ташқари, ЮНВТОнинг ўзидан ҳам иштирокчилар бўлади. Кўплаб
мамлакатлардан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Бундай нуфузли анжуманнинг Самарқандда ўтказилиши бежиз эмас. Бу жаҳон ҳамжамияти
томонидан Ўзбекистоннинг улкан сайёҳлик салоҳияти эътироф этилишининг ёрқин
намунасидир.
Тошпўлат Раҳматуллаев
"Форумлар мажмуаси" 'это где у нас такое?
ОтветитьУдалитьТак теперь называется бывшая обкомовская дача, что недалеко от пищевого техникума
Удалить