Ҳамид Олимжон номидаги Самарқанд давлат драма ва мусиқа театри ўзининг юзинчи мавсумини бошлади. Мавсумни театр жамоаси катта тайёргарлик билан кутиб олди. Ташкилий ва ижодий йўналишлардаги янгиланишлар театр санъати ихлосмандларини бефарқ қолдирмаслиги аниқ.
Театр бирносига қадам қўйишингиз билан унинг кириш қисми тўла таъмирдан
чиққанлигини кўриб, хурсанд бўласиз. Самарқандда театр санъатининг 100 йиллик
тарихини ўз ичига олган кўргазма ташкил этганлар хизматига таҳсинлар айтмасдан иложингиз йўқ. Охирги
йиллардаги эътиборсизлик оқибатида анча оғир аҳволга тушиб қолган театрнинг
янги раҳбар – Баҳодир Шаропов бошчилигида қисқа вақт мобайнида амалга оширган
бу ва бошқа ишлари самарқандлик санъатсеварлар учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Театрнинг
юзинчи мавсумини очилиши маросимига ташриф буюрганлар бундай ўзгаришларни
мамнуният билан кутиб олишди.
Б.Шаропов, Д.Сафоев, Б.Сафоев кўргазма очилишида |
Маросимга шаҳар жамоатчилиги вакиллари, зиёлилар ва олий ўқув юрти
талабалари иштирок этишди. Қисқача табрик сўзларидан сўнг меҳмонлар таниқли
рассом Даврон Сафоевнинг театр юбилейига атаб махсус ташкил этилган асарлари
кўргазмаси билан танишдилар. Д.Сафоев 43 йилдан буён Самарқанд давлат драма ва
мусиқа театрида саҳналаштирувчи рассом сифатда жонбозлик кўрсатмоқда. Деярли 20
йил давомида у билан ёнма-ён ўғли Баҳром ижод қилиб келмоқда.
Шундан сўнг меҳмонлар иккинчи қаватига кўтарилиб, театр тарихи бор
бўй-басти билан гавдаланган экспонатларни кўздан кечирдилар. Жамоа қисқа вақт
ичида театрнинг ўтмиши ва бугунги куни тасвирланган ажойиб музей ташкил этишга
эришган. Унинг дастлабки стендида қуйидаги сўзларни ўқиймиз: “Самарқанд театри
1914 йилнинг 15 январида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси билан ўз
ижодий фаолиятини бошлаган”.
Самарқанд давлат драма ва мусиқа театри тўйни муносиб тўёна билан қарши
олди. Энг қувонарлиси шундаки, бир қатор театр жамоалари бу улуғ санъат турини
ерга уриб, фақат пул топиш илинжида майда-чуйда мавзуларга ўралашиб қолган бир
пайтда, Самарқанд санъаткорларининг ўта жиддий мавзуни кўтариб чиққанлиги
диққатга сазовордир.
Театр ўзининг юзинчи мавсумини режиссёр Авлиёқул Хўжақулов томонидан
саҳналаштирилган Нафас Шодмоновнинг “Қоб-Ил” спектакли билан бошлади. Спектаклга
Жорж Байроннинг “Каин” асари асос қилиб олинган. Саҳналаштирувчи рассом – Баҳром Сафоев.
"Қрб-Ил" спектаклидан бир кўриниш |
Саҳна асарида инсоният тарихидаги дастлабки хиёнат ва жиноят ҳақида
ибратли тарзда баён қилинган. Уни бирданига тушуниш, “ҳазм” қилиш осон эмас. Айниқса,
қайнона ва келин ҳамда турли оилавий можароларни саҳнада кўравериб, диди
пасайиб кетган айрим тамошабинлар учун бундай жиддий спектаклнинг охиригача
ўтириш жуда мушкул. Адабиётдан, дин тарихидан хабардор одам саҳнадаги воқеалар
ичига тез “кириб кетади”, уларнинг ривожини қизиқиш ва диққат билан кузатиб
боради.
Режиссёр ва театр жамосининг катта меҳнати, таъбир жоиз бўлса, жасорати
туфайли Одам Ато ва Момо Ҳавонинг ўғиллари Қобил ва Ҳобил ҳақидаги ривоят (Инжилда
уларнинг исмлари – Каин ва Авел) ўзига хос талқинда саҳналаштирилган. Ушбу саҳна
асарининг мазмуни, унда банд бўлган актёрларнинг маҳорати ҳақида алоҳида
мақолада батафсил сўз юритса арзийди. Бу ерда фақат шуни таъкидламоқчи эдимки,
юзинчи мавсумни Б.Шаропов раҳбарлигидаги театр жамоасининг катта ишлар ва энг
аввало “Қоб-Ил” спектакли билан кутиб олганлиги мақтовга арзийди.
Самарқанд маданий ҳаётидаги ана шундай муҳим воқеа вилоят ва шаҳар
раҳбарларининг эътиборидан четта қолганлиги ачинарли ҳолдир. Улардан ҳамда
маънавият соҳасига ўзини мутасадди деб ҳисоблайдиган амалдорлардан ушбу
тадбирда ҳеч ким қатнашмади...
Тошпўлат Раҳматуллаев
Очень рад,видеть здоровым,Даврон ака. Долгих лет ему жизни.
ОтветитьУдалить