вторник, 30 сентября 2014 г.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти сессияси сайловларга тайёргарлик масаласини кўриб чиқди

Самарқанд вилоятида бу йилги сайловларда 2 миллион 290 минг 802 нафар киши қатнашади. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказишни ташкил этиш масалаларига бағишланган Халқ депутатлари Самарқанд вилояти ўттиз бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Уни вилоят Кенгаши раиси Зоир Мирзаев бошқарди.


Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияси таркибига номзодлар кўрсатилди ва рўйхат Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилди. Вилоят ҳудудида Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 14та сайлов округи ташкил этиладиган бўлди.

Сессия, шунингдек, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссиясини тузиш тўғрисида ҳамда вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округларининг сонини ва сайловчилар нормасини белгилаш ҳақида қарорлар қабул қилди.

 Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси 15 кишидан иборат таркибда тузилди ва унга депутат, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаётган Азамат Умаров раис этиб тасдиқланди. Вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи сайлов округлари сони 60 этиб ва битта сайлов округига тўғри келадиган сайловчилар нормаси 38,1 минг сайловчи ҳисобидан белгиланди.

Вилоят ҳудудида туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 480та сайлов округлари ҳамда ҳаммаси бўлиб 946та сайлов участкалари ташкил этилади.

Самарқанд вилоятида 2014 йилнинг 1 январ ҳолати бўйича 3 миллион 115 минг 342 нафар аҳоли бўлган. Шулардан 18 ёшдан юқори фуқароларнинг сони 2 миллион 216 минг 482 нафарни ташкил этган. Сайлов кунигача яна 74320 фуқаро 18 ёшга тўлади ва умумий сайловчилар сони 2 миллион 290 минг 802 кишига етади.

Тошпўлат Раҳматуллаев  



Комментариев нет:

Отправить комментарий