среда, 4 апреля 2018 г.

Самарқанддаги “Хайрли ният” жамғармаси 20 йиллигини хайрия тадбири билан нишонлади


 Самарқанд вилоят “Хайрли ният” хайрия жамғармаси вилоят маркази ва бир қатор  туманлардан меҳнат фахрийлари, ногиронлар, етим болалар, “Саховат” уйидан қарияларни бир пиёла чойга таклиф этиб, дастурхон тузди ҳамда уларга совға-саломлар улашди.  


Жамғарма раиси Баҳодир Абдуллаевнинг сўзларига қараганда, Наврўз байрами ва жамғарма ташкил топганлигининг 20 йиллигига бағишланган тадбир бир қатор корхона, ташкилот ҳамда хусусий тадбиркорлар кўмагида уюштирилди. “Дастурхон тузатишда ўз ҳисоб рақамимиздаги пуллардан ташқари, “Умар” компанияси ажратган   маблағдан фойдаландик. Самарқанд туманидаги “Амир ул-Бахр” МЧЖ томонидан 50 жуфт пойабзал ажратилди, Ургут туман прокуратурасининг совғаларини тумандаги 38-оилавий поликлиника мудираси Нигора Муҳамадиева бизга етказди”, – деди Б.Абдуллаев.  
         

“Хайрли ният” жамғармаси номидан Ургут тумани Бешконли маҳалласида истиқомат қилувчи Вилоят Ўринбоевага ногиронлик аравачаси топширилди. “Амир ул-Бахр” МЧЖ совғаларини корхона ходими Баҳора Ахмедова эгаларига бериб чиқди.

       
Тадбирда сўзга чиққанлар “Хайрли ният” жамғармаси раҳбариятига ногирон ва етим болалар ҳолидан доимо хабардор бўлиб, тадбирлар ташкил этаётганлиги, уларга совға-салом ва, энг асосийси, меҳр улашаётганлиги учун ўз миннатдорликларини билдиришди. В.Ўринбоева ўз шеърларини ўқиб берди.  

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз

Муаллиф туширган суратлар

“Новости Узбекистана” сайти “Жамоатчилик” бўлими, 03.04.2018

Комментариев нет:

Отправить комментарий