среда, 18 апреля 2018 г.

Самарқандда ихтисослашган касса ўз фаолиятини бошлади


Самарқандда ишга туширилган ихтисослашган касса вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оишриш учун республика ташқарисига чиқиб кетаётган фуқароларга тимир йўл ва авиа чипталарини 20 фоиз чегирмада сота бошлади.


Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги  Самарқанд вилояти филиали ҳузурида ихтисослашган касса ташкил этилди. 1 апрелда касса ўз фаолиятини бошлади ва шу кунгача 282 фуқаро тегишли тартибда рўйхатга олиниб, улардан 92 нафарига чипталар сотилди.

Журналистлар учун ташкил этилган брифингда бу ҳақда филиал директори Абдуазиз Ҳафизов маълумот берди. Унинг уқтиришича, чипталар сотишдаги қулайликдан ташқари мигрантлар учун яна қатор енгилликлар яратилган. АТ “Алоқабанк” томонидан соддалаштирилган тартибда, минимал комиссияли “VIZA MIGRANT” пластик карточкаси жорий этилиб, йилда бир марта чипта харажатларининг 300 минг сўми беғараз ёрдам сифатида қоплаб берилади. Бундан ташқари, мигрант иш жойига етиб борганича унинг соғлиги ва ҳаёти суғурталанади.    

Ҳозирча чегирмали чипталар фақат Россия ва Қозоғистон давлатларига бораётган мигрантларга сотилади ҳамда темир йўл чипталари плацкарт ва умумий вагонларга, самолётга эса иқтисодий (эконом) класс авиачипталар тақдим этилади.

Самарқанддаги ихтисослашган касса Бўстонсарой кўчаси, 54-уйда (вилоят ИИБ биноси қаршиси)да жойлашган.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ,
Самарқанд вилоятидаги ўз мухбиримиз

Муаллиф туширган сурат

“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоатчилик” бўлими, 18.04.2018

Комментариев нет:

Отправить комментарий