суббота, 21 сентября 2019 г.

Самарқанд шаҳар ҳокими Хитой делегациясини қабул қилди



Мамлакатимизга ташриф буюрган Хитойнинг Цзинань шаҳар халқ вакиллари йиғилишининг доимий қўмитаси раиси Инь Луцяан бошчилигидаги расмий делегация аъзоларини Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов қабул қилди.


Ҳоким меҳмонларни кўҳна кент аҳолиси номидан қутлаб, уларга қисқача шаҳар тарихи, унинг иқтисодий потенциали, илмий ва маданий салоҳияти ҳақида сўзлаб берди. Хитой билан ўзаро муносабатларимиз кенгайиб бораётганлиги ҳақида эслаб, ушбу мамлакат аҳолиси учун визасиз тартиб жорий қилинганлигини ҳам уқтириб ўтди.
 
Ўз навбатида Инь Луцяан делегация аъзоларига кўрсатилган эътибор учун миннатдорлик билдирди ҳамда давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган учрашув ва мулоқотлари минтақалар ўртасидаги муносабатларни ҳам жонлантирганлигини таъкидлади. “Мен юртингиз ҳақида, қадимий Самарқанд хусусида кўп эшитган эдим. Аммо кўрганларим эшитганларимдан ҳам зиёда бўлди. Биз ўзаро манфаатли алоқалар ўрната оламиз деб ишонаман. Муносабатларимизни юқори поғонага кўтариш учун Цзинань ва Самарқанд ўртасида биродарлашган шаҳарлар битимини имзоласак, мақсадга мувофиқ бўларди”, – деди жумладан меҳмон.

Шундан сўнг ҳокимлик мажлислар залида хитойлик тадбиркорлар билан учрушув бўлиб ўтди. Унда турли соҳаларда ўзаро алоқаларни ривожлантириш борасида сўз юритилди. Меҳмонлар кун давомида шаҳардаги ишлаб чиқариш корхоналарда бўлиб, бўлажак ҳамкорлик имкониятлари билан танишди.
 
Учрашув ва мулоқотлар якунида Самарқанд ва Шаньдун провинциясининг маъмурий маркази бўлган Цзинань шаҳри ўртасида иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича келишувларги эришиш кўзда тутилган эди. Томонларнинг ўзаро келишуви асосида ҳужжат Самарқанд делегациясининг Хитойга қиладиган жавоб сафари давомида имзоланадиган бўлди.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий