среда, 11 сентября 2019 г.

“ТЎХТАТИНГ, БАС ҚИЛИНГ!”



Мажбурий меҳнатни таг-томири билан тугатиш учун давлат сиёсати даражасида ана шундай талаб қўйилаётган бўлса-да, ҳамон айрим масъулларнинг буни англаши нега қийин кечяпти?..


“Мактаб ўқитувчилари қурилиш-ободонлаштириш ишларига жалб қилинди”, “Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилингани тўғрисидаги хабарлар бўйича текширув ишларини бошлади”...”

Гарчи сўнгги уч йил ичида мамлакатимизда ислоҳотларни такомиллаштириш доирасида мажбурий меҳнатга барҳам берилишига давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилаётган бўлса-да, ҳамон юқоридаги ахборот ва маълумотлар кузатилмоқда.

Ҳатто раҳбари бир чиқишида мажбурий меҳнат ҳақида гапириб, “бу менда нафрат уйғотмоқда, ўқитувчиларни мажбурлаб ободонлаштириш, кўча супуришга жалб этиш – бу биз олиб бораётган сиёсатга хиёнат. Бу нафақат менга, балки давлатимиз олиб бораётган сиёсатга хиёнатдир» деган бўлса, бошқа сафар бундай ҳолатларни «фавқулодда ҳолат» сифатида кўриб чиқишни ҳукуматга топшириқ қилди. 12 август куни Президентимиз  видеоселектор йиғилишида  «Бу йил пахта [терими]га мактаб, институт — умуман, бирорта бюджет ташкилотлари олиб чиқилмайди, эсларингдан чиқмасин» деган эди.

Республика ҳукумати томонидан ҳам мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича ҳужжат эълон қилинди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сон «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қароридир.

Шуларга қарамасдан, мажбурий меҳнат у ёки бу кўринишда давом этиб келаётганлиги ушбу шармандалик ҳолатнинг олдини олишга қаратилган муносабатлар қонунчилигимизда ҳали етарлича тартибга солинмаганлигидан далолат эмасми? Бундай ҳолатнинг яна бир сабаби онгу шууримизда чуқур илдиз отган қарашлар билан ҳам боғлиқ. Асрлар давомида амалдор оддий аҳоли вакилларини хоҳлаган тарзда ишлатиб келган. Ҳеч ким бунга лом-мим демаган. Айтолмаган ҳам. Оддий халқ шунга кўникиб борган. Натижада “тепа”дагилар тўрачилик, “паст”дагилар эса қарамлик психологиясидан қутила олмаяпти.

Шунча гапдан кейин ҳам 14 августда Халқ таълими вазирлиги сайтида Самарқанд ва Наманган вилоятларида ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқанганлиги ва улар вазирлик томонидан ўрганилаётганлиги хусусида материал эълон қилинган эди.

Мажбурий меҳнат турлари

Мажбурий меҳнатнинг турлари ва кўринишлари бўйича турли таснифлар асосида тузилган рўйхатлар мавжуд. Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 2001 йилдаги ҳужжатларидан бирида мажбурий меҳнатнинг қуйидаги 8та тури кўрсатиб ўтилган: қуллик ва одам савдоси; жамоат ишларини бажаришга мажбурлаш; қишлоқ хўжалигида  мажбурий меҳнат ва узоқ жойларга мажбуран ишга юбориш; уйдаги хизматгорларнинг мажбурий меҳнати; асорати оғир шартномага асосланган мажбурий меҳнат; ҳарбий хизмат вақтидаги мажбурий меҳнат; одам савдоси натижасида келиб чиқадиган мажбурий меҳнат; қамоқда бўлганлар меҳнати.

Бизнинг шароитда мажбурий меҳнатнинг кенг тарқалган кўринишлари қуйидагича эди. Кўча тозалаш, ободонлаштириш, дарахтлар экиш, кўча ва маҳаллалардаги чиқиндиларни чиқариш, дала ишларига ўқувчи ва талабаларни, бюжет ташкилотлари ходимларини жалб этиш. Турли ташкилот раҳбарларини шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун ўз ҳамёнларидан қиммат нархларга гуллар сотиб олишга мажбурлаш. Аҳолини қурилиш ишларига ва янги қурилган объектларни тозалаш ишларига жалб этиш. Ободонлаштириш  ишларига ишчи кучи ёллаш учун пул йиғиш ва бошқалар.

Аслида ушбу ишларни бажариш учун алоҳида корхона ва ташкилотлар мавжуд. Бундан ташқари, ҳукуматимиз вактинча банд булмаган ахолини жамоат ишларига жалб килиш учун каттагина маблағ сарфламоқда. Масалан, ана шу мақсадда 2018 йилда 714 млрд сўм ажратилган эди. Лекин маблағни ўзлаштириш ишлари жуда суст кетмоқда. Шу ҳақда сўзлар экан, ўтган йилги чиқишларидан бирида бош вазир Абдулла Арипов ажратилган маблағнинг катта қисми ўзлаштирилмасдан турганлигини, ҳокимларга бундан кўра бюджет ташкилотларини олиб чикиб ишлатиш осонлигини таъкидлаб шундай деган эди: “Бу кўп хокимларнинг хужжатлар билан ишлашни ёки Президент ажратиб берган имкониятлардан тўғри фойдалана билмасликларига яққол далилдир!» 

Мажбурий меҳнат юқорида тилга олинган турлардан ташқари яна бошқа кўринишларда намоён бўлади. Масалан, айрим корхона раҳбарлари ходимнинг ишдан бўшатиш ҳақидаги аризасини қаноатлантирмасдан, уни мажбуран ишлатади. Ёки иш вақтидан кейин ушланишни, йиғилишу тадбирларда иштирок этишни талаб қилади. Умуман олганда, ходимни қўрқитиш, жазо қўллаш, меҳнат фаолияти ва рағбатлантиришни чеклаш каби усуллар орқали бевосита  мансаб вазифасига кирмайдиган ҳар қандай ишга жалб қилиш мажбурий меҳнат ҳисобланади.

Иш вақтидан ташқари ишлаш мумкинми?

Ҳар бир ишчи ва ходим учун белгиланган кундалик иш муддати мавжуд. Белгиланган кунлик иш соатларида ташқари ҳамда дам олиш ва байрам кунлари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади ва унга фақатгина ходимнинг розилиги билан уни жалб этиш мумкин. Аммо шунда ҳам иш вақтидан ташқари ишларга иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлганда ва меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда йўл қўйилмайди. 

Меҳнат кодекси талабига кўра иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун сурункасига 2 кун давомида 4 соатдан ҳамда меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда бир кунда 2 соатдан ошмаслиги, йилига эса 120 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Иш вақтидан ташқари иш учун икки ҳиссадан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади.

Энди ҳашар ниқоби остида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди

Мажбурий меҳнатга қарши давлат миқёсида кураш бошланиши билан бепул ишчи кучига ўрганиб қолган айрим раҳбарлар кўчага  одамларни ҳашар ниқоби остида чиқаришга киришди.

Ана шундай шароитда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиевнинг “ҳашар” ва “мажбурий меҳнат” фарқини тушунтириб берганлиги айни муддао бўлди. Вазир ҳашар урф-одатимиз эканлигини, аммо агар у ерда мажбурлаш аломати бўлса, катта миқдорда одамлар сафарбар этилса, бу ҳеч қандай ҳашар бўла олмаслигини таъкидлади.

Ҳашар фақатгина Ўзбекистон Президенти ёки республика ҳукуматининг қарори билан ўтказилади. Одатда ҳашар мамлакатимизда икки марта - Наврўз ва Мустақиллик байрами олдидан ўтказилади. Бу йил 17-18 август кунлари ана шундай умумхалқ ҳашари ўтказилди.

Мажбурий меҳнатни ҳашарга айлантиришга бўлган урунишларни  кўзбўямичилик деб айтадиган бўлсак, унинг яна бир кўриниши мавжуд. Бунга ўтган йили Жиззах вилоятида коллеж ўқувчилари корхона ишчилари сифатида тақдим этилганлиги мисол бўла олади.

Янги фармони олий қабул қилинди. Вазият ўзгарар энди...

2019 йил 29 июль Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Фармонда кейинги йилларда мамлакатимизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатни таг-томири билан йўқўтиш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилиб, айни бир вақтда одам савдосига ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши самарали курашишга тўсқинлик қилаётган бир қатор салбий омиллар сақланиб қолаётганлиги кўрсатиб ўтилган.

Фармонга биноан мазкур йўналишларда мавжуд вазиятни тубдан ўзгартириш учун қатор тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Жумладан, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинади. Унинг таркибида Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия ташкил этилади.

Миллий комиссияга бир ой муддатда 2019-2020 йилларда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”)ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси топширилган.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи  институти таъсис этилади ва у одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида мамлакатимиз ва жаҳонда юзага келаётган вазият тўғрисида, ушбу жиноят турига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жазолаш ҳамда одам савдоси қурбонларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар йили ахборот тақдим этади.

Фармонда икки ой муддатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик нормасини белгилайдиган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги лойиҳа ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари 14 августдаги яна бир фармони билан ҳокимликларга тадбиркорлик субъектларини ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ҳамда бошқа ишларга мажбурий жалб қилишни тақиқлади.

Аммо-лекин шундан кейин ҳам бирор бир кўринишдаги мажбурий меҳнат бўлганлиги ҳақида гап-сўз тарқалса, уни соғлом ақл билан тушунтирилиши оғир ҳолат сифатида баҳолаш лозим бўлади. Балки энди мажбурий меҳнатга эскилик сарқити сифатида қарайдиган бўлармиз? Ахир, унга йўл қўйганларга нисбатан Жиноят кодекси моддалари қўлланилади.

Дарвоқе, мулоҳазалар якунида эслатиб ўтиш жоизки, агар Сиз меҳнат ҳуқуқи бузилаётган бирор бир ҳолатга дуч келсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг +99871 200-06-00 ишонч телефони ҳамда @mehnathuquqbot Телеграм боти орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Мурожаатчининг шахси сир тутилади. Унутманг, меҳнат ҳуқуқимиз ҳимоясида барчамиз бирдек масъулмиз.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ, шарҳловчи

Даракчи”, №35, 29 август 2019 йил

Комментариев нет:

Отправить комментарий