четверг, 25 сентября 2014 г.

“Озодлик” радиоси журналистларининг этика кодекси борми?

Журналист суҳбатдошининг овозини диктофон ёки бошқа ускунада ёзиб олишдан аввал уни бу ҳақда огоҳлантириши лозимлиги журналистиканинг ёзилган ва ёзилмаган қонун-қоидалари сирасига киради. Бу қоидага “Озодлик” радиоси журналистлари қанчалик амал қилишмоқда?

Самарқандда бирор-бир ҳодиса юз берганда, у ҳақда батафсилроқ маълумот олиш ё фикримни билиш мақсадида “Озодлик” радиосидан телефон орқали менга мурожаат қилишади. Мен мулоқотдан ўзимни олиб қочмайман. Билганларимни гапириб бераман. Билмасам, у ҳақда маълумотга эга эмаслигимни айтаман. Аммо журналист саволини  устма уст такрорласа, бу унга жуда зарур экан деган истилоҳа билан муаммо хусусида умумий тарзда фикр билдиришга ҳаракат қиламан. Ўз тажрибамдан биламанки, соҳа мутахассисининг  билдирган ўзига хос фикри журналистда янги ғоялар туғилишига олиб келиши, масалага бошқача қарашга туртки бўлиши мумкин.

Аммо негадир “Озодлик” радиоси ходими суҳбатдошининг овозини ёзиб олишдан аввал уни бу ҳақда огоҳлантирмайди. Мен ўзим шу аҳволга тушиб, дастлаб жуда ҳайратланган эдим.  Касбимиз этикаси талаби бўйича суҳбатдошимизнинг розилигисиз унинг овозини ёзиб олиш мумкин эмас. Шуни назарга олиш лозимки, оддий суҳбат бошқаю интервью бошқа. Суҳбат ёзиб олинишини билган шахс ортиқча тафсилотларга берилмасдан, фақат керакли гапни айтиб, тўғри жумла тузишга ҳаракат қилади, ҳар бир сўзига масъулият билан ёндошади.

Шунингдек, агар интервью бераётган одам “мана бу гапларим газета учун ёки эфир учун эмас” деса, унинг ана шу сўзларини чоп этиш ё эфирга узатиш журналистларнинг касб этикасига тўғри келмайди. Негадир “Озодлик” радиосида ушбу қоидаларга риоя этишмас экан. Келтирадиган иккита мисолим масалага ойдинлик киритади деган умиддаман.

Бундан бир неча муддат олдин “Озодлик”дан қўнғироқ қилиб, “Самарқанд вилоятида ёш қизлар жонига қасд қилибди, шу ҳақда хабарингиз борми” деб сўрашди. Мен бу тўғрида ҳеч нарса эшитмаганимни айтдим. Шунда журналист мендан қизларнинг ўз жонига қасд қилиши сабаблари хусусидаги фикрим билан қизиқди. Унга бу тўғрида руҳшуносларга мурожаат қилиб, аниқ маълумот олишини маслаҳат бердим. Яна саволни такрорлаб, шахсий фикримни билмоқчи эканлигини айтганидан кейин қисқачи ўз қарашларимни баён қилдим.

Бунда “Озодлик” журналисти суҳбатимизни ёзиб олаётганлиги ҳақида ҳеч нарса демади. Бир неча кундан сўнг бир-икки танишим қизлар жонига қасд қилганлиги хусусидаги сўзларимни радиодан эшитишганлигини айтганда, ҳайрон қолдим. Иккинчи марта ўн кун аввал шу ҳолатга тушдим. Бу гал “Озодлик” ходими Ўзбекистонда пахта теримига 18 ёшга тўлмаганларни жалб қилиш ҳақидаги фикримни билмоқчи бўлди. Мен бу хусусда блогимда мақола жойлаштирганлигимни, ўшандан фойдаланиши мумкинлигини айтдим. Бир-икки саволига одоб юзасидан жавоб берар эканман, Прагада ўтирган суҳбатдошим сўзларимни ёзиб олаётганлигидан бехабар эдим.

Аввал танишлардан радиода чиқишим ҳақида эшитдим, сўнгра “Озодлик”нинг веб-сайтида жойлаштирилган “Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаганлар ҳам пахтага чиқариляпти” сарлавҳали материалга кўзим тушди. Яна ўша гап. Огоҳлантирмасдан, розилигимни олмасдан сўзларим оммага тарқатилган. “Озодлик”даги касбдошларим “нимадан норозисиз, биз фақат сизнинг айтганларингизни эфирга узатдик” деб, мендан хафа бўлишлари мумкин. Ҳа, мен ҳеч қачон айтган сўзимдан тонмайман. Аммо суҳбатни ёзиб олишдан аввал манбани бу ҳақда огоҳлантириш зарур эканлигини касбдошлар билишларини истардим. Журналистлар касб этикасининг талабларидан бири айнан ана шундан иборат.  

Каминага Би-би-си радиосидан ҳам тез-тез мурожаат қилиб туришади. Қўнғироқ қилган журналист аввал масала моҳияти билан мени таништириб, суҳбатлашиб олади. Агар муаммо хусусидаги фикрим унга маъқул бўлса, интервью беришимни сўрайди. Розилигимни олгач, овоз ёзиш ускунасини созлаб, бироздан сўнг қайта қўнғироқ қилишини билдиради.

Би-би-си журналистларининг каттагина этика кодекси бор экан. “Озодлик” радиосида ҳам шундай ҳужжат борми?

Тошпўлат Раҳматуллаев











1 комментарий:

  1. Siz etika qoidasi haqida yozibsiz.Ular o'z saytlarida yozib qoygan "prinsip va qoidalar"ni qo'pol ravishda buzishyapti.Men bu haqda bir necha marta sharh yozdim yo sharhim yetib bormadi yoki yetib borgani bilan e'lon qilinmadi.Vaqtim bo'lganida bu haqda batafsil yozarman.

    ОтветитьУдалить