четверг, 18 января 2024 г.

 

Самарқандда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун тиббий кўрик ташкил этилди 




Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган ОАВ ходимлари учун 17-18 январь кунлари чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Тиббий кўрик вилоятнинг барча шаҳар ва туманларнинг тиббиёт бирлашмалари кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ўтказилди. Самарқанд шаҳрида фаолият юргизаётган журналистлар 2-сон оилавий поликлиникасида тўпланди. 

Бу ерга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан барча ихтисослашган шифохоналардан, тиббиёт марказларидан тор соҳа мутахассислари таклиф этилган эди. Чуқурлаштирилган тиббий кўрик улар иштирогида ўтказилганлиги унинг самарали натижасини таъминлади. Буни ҳар бир журналист ҳис этди десак, муболаға бўлмайди.  

 

Кўрикнинг юқори савияда ташкил этилганлигига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти, ташкилотнинг матбуот хизмати бошлиғи Элдор Муҳаммадиев муносиб хизмат қилишди. 

Ушбу тиббий кўрикнинг муҳимлиги ҳақида сўз юритган Э.Муҳаммадиев унинг мақсади ҳақида қуйидагиларни қайд этди : “Оммавий ахборот воситалари ходимларининг иш самарадорлиги ва унумдорлигини ошириш,  уларни безовта қилаётган касалликлардан эрта халос этиш, шунингдек, профилактик тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида барча шаҳар ва туманларда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Биргина Самарқанд шаҳрида икки кун давомида 120 нафардан зиёдроқ журналист ва блогер ўз соғлигининг шу кунлардаги ҳолатидан хабардор бўлди”. 

Дарҳақиқат, бундай тадбир нафақат журналистлар соғлиғига эътибор, балки шу билан бирга уларга аҳолининг тиббий маданияти ошириш йўлида тарғибот ва тушунтириш ишларинин олиб боришда муҳим аҳамиятга эга. Журналист фуқароларга соғлом турмуш тарзи, ўзи ва яқинларининг саломатлигига эътиборли бўлиш, соғлом умр кўришлари бўйича тиббиёт ходимларининг кўрсатма ва маслаҳатларини етказишдан аввал ўзи шу тавсияларни бажарган бўлиши лозим. Акс ҳолда, унинг сўзлари қуруқ гап бўлиб қолади ва таъсир кучига эга бўлмайди.

 

 Шу ҳақда сўз юритар экан, Самарқанд телерадиокомпанияси етакчи мухбири Шаҳло Аҳророва шундай деди: “Биз иш билан банд бўлиб, кўпинча ўз соғлиғимизга эътиборсиз бўламиз. Соғлиғимизга ўзимиз масъул бўлишимизни англасак-да, врач кўригига боришни пайсалга соламиз. Шу сабабли, ушбу тиббий кўрик ташкил этилганлиги айни муддао бўлди. Ярим кун вақтим кетган бўлса ҳам, барча соҳадаги мутахассислар кўригидан ўтдим. Бу ишни бажариш учун бошқа вақт турли поликлиникаларга бориб, бир неча кун сарфлашимга тўғри келарди. Ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман”. 

Кўрикда қатнашган барча ОАВ ходимлари ушбу фикрни қўллайди десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. 

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий