Самарқанд шаҳридаги “Садаф” тўйхонасида 22 нафар кам таъминланган оила
фарзандларининг суннат тўйи ўтказилди. Тўй харажатларини Сўзангарон маҳалласида
яшовчи тадбиркор Султоной Бобокалонова қоплади.
Тадбиркорнинг ўғли Зафар тўйга тайёргарлик кўриш ишлари анча олдин
бошланганини уқтириб шундай деди: “Биз ишни маҳалламизнинг фаол ва жонкуяр
инсонларидан бири Баҳрон Ҳожи Абдураҳмонов билан хатна тўйини ўтказишга тайёр
бўлган оилаларни аниқлашдан бошладик. Изланишларимиз натижасида Самарқанд
шаҳрининг бешта маҳалласидан ҳамда Булунғур, Оқдарё, Ургут туманларидан 22та
оиланинг розилигини олдик”.
Тўй тантанасига ҳар бир оиланинг 10 нафардан меҳмонлари ва маҳалла
фахрийлари, жамоатчилик вакиллари таклиф этилди. Хатна тўйи ўтказилаётган
болаларга миллий чопон ва қалпоқлар кийгизилди. Хонандаю созандаларнинг куй ва
қўшиқлари остида болажонлар ўйнаб кулишди, катталар эса уларга қарата дил
сўзларини изҳор қилишди.
Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари Зебиносо Рахмонова, Сўзангарон МФЙ
раиси Ислом Ахмеджонов ва бошқалар ўз чиқишларида болаларни табриклаш билан
бирга ўз ихтиёри билан ана шундай савоб ишга қўл урган С.Бобокалоновага
нисбатан илиқ сўзлар айтишди. Баҳрон Ҳожи Абдураҳмоновнинг уқтиришича,
тадбиркор бундан аввал ҳам хайрли ишларни амалга оширган эди. Масалан, ўтган
йили шаҳардаги Халфа Иброҳим масжидини қайта таъмирлаш учун каттагина маблағ
ажратган экан.
“Бугунги тадбир иймонли ва эътиқодли, бой, ўзига тўқ ватандошларимизнинг
кўпайиши қандай ажойиб оқибатларга олиб келишига яққол мисолдир” – дейди Б.Абдураҳмонов.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Комментариев нет:
Отправить комментарий