понедельник, 7 октября 2019 г.

БОҒИМАЙДОН ЯНГИЛИКЛАРИ. Биргаликда қилган меҳнатимиз мия қаришининг олдини олади



Америкалик нейробиолог Тара Сварт “Мия ёшлиги ва соғломлигини сақлашга кўмаклашувчи учта оддий тавсия” сарлавҳали мақолисида одамлар орасидаги ижтимоий алоқаларнинг мустаҳкамлиги миянинг тез қаришини олдини олувчи воситаларидан бири эканлигини уқтиради.



Албатта, қариш жараёнини тўхтатиб бўлмайди. Тиббиётда “соғлом қариш” деган тушунча мавжуд. Соғлом қаришда янги нейронлар юзага келишига жавобгар бўлган нейрогенез жараёнининг аҳамияти юқори экан. Олиманинг таъкидлашича, ҳаётимизда янгиликлар — ҳаракатлар, одамлар, жой ва ҳиссиётлар қанчалик кўп бўлса, нейрогенез жараёнини шунчалик жадаллаштиришга муваффақ бўламиз. Нейрогенезга ижобий таъсир кўрсатадиган воситалардан бири ўзаро ижтимоий алоқа (социализация – ижтимоийлашиш) ҳисобланади. Демак, танҳоликни ёқтирадиган, одамовий кишилар ҳаёт тарзини ўзгартиришни ўйлаб кўришига тўғри келади.  
 
Бизнинг Боғимайдон маҳалласида ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида амалга ошираётган ишларимиз ўзаро меҳр-оқибатни кучайтириш билан бирга соғлигимизга ижобий таъсир қилишидан хабардор бўлдик. Биз шу вақтгача маҳалла марказидаги суҳбатларимиз ва тўй-маъракалардаги учрашувларимиз қаторида биргаликда бажараётган фойдали меҳнатимиз жараёнида ўзаро ижтимоий алоқада бўлиб турган эдик. Демак, бу йўналишдаги фаолиятимизни янада кучайтиришимиз соғлом қаришимизга ижобий таъсир қилар экан.

 
Бундан аввал маҳалламиз марказини ободлиги йўлида қилган биринчи ҳашаримизга фақат пенсия ёшидагилар қатнашганлигини, эртаси куни ота-боболаридан ибрат олган беш-олти нафар ёшлар ҳам бизга қўшилганини ёзган эдим. Куни кеча эса 18 тонналик машина келтирган тупроқни маҳалла маркази ҳовлисига ташиш учун қарийб 20 киши йиғилди. Уч соат деганда шунча тупроқни ичкарига олиб кирдик. Иш давомида ва ундан кейинги паловхўрлик вақтида ўзаро ҳазил-мутойибалар, дилдан кулишлар табиийки, жисмоний ҳаракат билан қўшилиб, саломатлигимизга ижобий таъсир кўрсатди. Ҳам иш битди, ҳам кайфиятимиз кўтарилди.

Шундай экан, барчамиз ўзаро ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаб боришга эътибор қаратайлик. Бу ҳам меҳр-оқибат, ҳам соғлик дегани экан!

Тара Сварт мақоласи билан бу ерда танишиш мумкин. Ўзбек тилида:



Тошпўлат Раҳматуллаев



Комментариев нет:

Отправить комментарий