Жамиятимизнинг энг муҳим ва таянч бўғини ҳисобланмиш маҳалла тизимида туб бурилишлар бўлишини кутаётган эдик. Чунки Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бу хусусда сўз юритиб, маҳалла тизимини ўзгартириш, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини жорий этиш зарурлиги тўғрисида фикр билдирган эди.
Маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари Президентимиз раислигида 12 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳокама этилди.
Президентимиз маҳалла тизимидан халқ ҳам, давлат ҳам тўла рози эмаслигини, бу соҳада камчилик ва долзарб масалалар кўплигини таъкидлар экан, бундан кейин раҳбарлар ишини баҳолашда иқтисодий кўрсаткичлар билан бир қаторда маҳаллалардаги маънавий-маърифий ишлар қандай йўлга қўйилганлиги ҳам инобатга олинишини уқтириб ўтди. Жамиятдаги мавжуд оғриқли ҳолатларни камайтириш учун маҳалла катта ижтимоий куч сифатида майдонга чиқиши кераклигини таъкидлади.
Йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғинлари ишининг самарадорлигини юксалтириш мақсадида улар фаолиятига хос бўлмаган 50 дан ортиқ вазифа бекор қилиниши қайд этилди. Эндиликда маҳалла фуқаролар йиғинлари “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини амалиётга жорий этиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва осойишталикни таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш, ер участкаларини ноқонуний эгаллашнинг олдини олиш, ҳудудни ободонлаштириш каби масалалар билан шуғулланадиган бўлади.
“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини амалиётга жорий этиш мақсадида маҳалла раиси мавқеи ва обрўсини ошириш чоралари кўрилади ва профилактика инспекторлари фаолиятини баҳолашнинг ягона мезони ишлаб чиқилади ва самарадорлик рейтинги жорий қилинади.
Албатта, профилактика инспекторининг МФЙ раиси ўринбосари сифатида фаолият юргизиши, ҳар бир маҳалланинг ўз инспектори бўлиши маҳалладаги ҳолатни барқарорлаштириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Масалан, маҳалламиз профилактика инспектори қўшни маҳалла учун ҳам масъул саналади. Агар бошқа бир маҳалла инспектори таътилга чиқса, унга учинчи маҳалла ҳам беркитилади. Бундай шароитда, унинг ишида қандай самарадорлик бўлиши мумкин? Боз устига профилактика инспекторлари шаҳар ички ишлар бошқармаси ва ўзи бевосита фаолият юргизадиган бўлинма раҳбарлариниг топшириқларини бажариши керак, бўлинмада тунги навбатчиликка жалб этилади. У ҳам инсон-ку, кечаси билан хизматда бўлиб, эртасига қандай қилиб маҳалла ишини тўлақонли бажариши мумкин? Энди бундай ҳолатларга чек қўйилади.
Президентимиз йиғилиш давомида маҳалла тизими ходимларини улар вазифасига кирмайдиган ишларга жалб қилган раҳбарлар қаттиқ жазоланишини бир неча марта таъкидлаб ўтди.
Ташкил этиладиган Маҳалла ва оила масалалари вазирлиги таркибида “Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш” жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси “Маҳалла” жамғармаси билан бир тизим сифатида фаолият юргизади ва бу жамият ва давлатнинг энг пастги бўғинида кучларни бирлаштириш ва ягона мақсад сари йўналтириш имкониятини беради.
Фақат шуни унутмаслигимиз лозимки, амалга ошириладиган ишлар маҳалла тизимини мустаҳкамлаш, унинг мавқеини янада юксалтириш билан бир қаторда тизим ходимларига катта вазифалар юклайди ва масъулиятини бир неча маротиба оширади. Биз шунга тайёрмизми? Ҳаммамизни қўлимиздан янгича фикрлаб, янгича ишлаш келадими?
Комментариев нет:
Отправить комментарий