понедельник, 17 февраля 2020 г.

Ҳақоратми ёки мақтов? Одамларнингг энергетика ходимларини қандай эслаши кимга боғлиқ?


Электр энергияси таъминотидаги узилишлар ҳақида гапирмаган, ана шу соҳа ходимларини гўрдан олиб гўрга солмаган одам топилмаса керак. Буни соҳа раҳбарлари ҳам яхши билар экан. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раиси Улуғбек Мустафоев 14 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шундай дебди:  “Мен ўзим ҳам қишлоқда яшаганман, аҳволдан бохабарман, ҳар «свет» ўчишида бизни қандай эслашларини жуда яхши биламан”.


Одамларимиз танти, кечиримли. Иложи бўлмаган ишни бажара олмасангиз, эркаги сизни сўкмайди, аёли – қарғамайди. Аммо соатлаб ёки кунлаб светсиз ўтирсангизу соҳа мутахассислари пинагини бузмаса, асабингиз адою тамом бўлмайдими? Электрсиз ҳозир ҳеч нарса қила олмайсиз. Ҳозир усиз ҳатто уй телефонларимиз ҳам ишламайди. Шундай экан, соҳа ходимларини ўзаро суҳбатларда қандай эслашимиз керак?

15 февраль шанба куни Боғимайдон маҳалласи ҳудудидаги 1277-ТП хизмат кўрсатадиган ҳовлиларнинг бир қисмида свет бўлмади. Бу ҳақда 233-12-12 телефон рақами орқали соат 11-30ларда шаҳар электр тармоқлари идорасига хабар етказдик. Яхшиямки навбатчи телефон гўшагини кўтарди. Бундан хурсанд бўлдик. Аммо вақт ўтаверди, усталардан дарак бўлмади.

Соҳа раҳбарларини билганлигим учун уларга қўнғироқ қилдим. Шаҳар электр тармоқлари идораси бош муҳандиси Холбой Холматовнинг қўл телефони ўчирилган эди. Вилоят электр тармоқлари идораси бош муҳандиси Комил Оқилов жаноблари қўнғироқларга умуман жавоб қайтармади. Унинг раҳбарига мурожаат қилай десам, у ҳали янги одам бўлганлиги учун барибир бошқаларга ўхшаб жавоб бермаса керак деб, безовта қилиб ўтирмадим.

Бу орада кеч тушди, усталардан эса дарак бўлмади. Соат 17га яқин яна Комил Оқилов рақамини тердим. Яна ўша аҳвол: жавоб беришни ор санадими, билмадим... Шундан сўнг уларнинг матбуот котиби Гулзухра Сайдалиевага қўнғироқ қилдим. Ишонасизми, бир сафар у жавоб қайтарди. Ҳа, катталаридан дурустроқ экан деб, унга дардимни тўкиб солдим. У ҳурматимни жойига қўйиб, “устоз” деганича диспетчерга мурожаат қилишимни маслаҳат берди. Бундай зўр маслаҳатдан “қувониб”, яна 233-12-12 рақамини тердим. Бир неча марта тердим. Яна ўша касал: жавоб бўлмади.

Бошқа телефон рақами топдим. Фақат ана шу  233-01-33 рақамидаги ходим жавоб қайтариб, бу вилоят идораси эканлигини, шаҳарга мурожаат этиш лозимлигини тушунтира бошлади. Мен “шаҳар адо бўлганми, ҳеч ким йўқ-ку” деганимда, у ўзи керакли одам билан улаб беришини айди. Аммо улаган одами нима деганини тушунмадим. Телефон жуда ёмон ишлади.

Вазият билан таништириш учун яна Гулзухра Сайдалиевани безовта қилмоқчи бўлдим. Ана сизга бўлмаса! Энди унинг телефони ўчирилган эди. Шунда шаҳар электр тармоқлари идораси раҳбари Алишер Муталибовга қўнғироқ қилиб кўрайчи дедим ўзимча. Дастлаб у ҳам жавоб қайтармади. Аммо соат 17-22да қилган қўнғироғимга жавоб бўлди. У усталарни юборишини айтди. Бир-икки соат ичида свет ўлгур ёнар деб кутганлар яна армонда қолди. Усталар фақат эртаси куни келиб ТПдаги узилишни тузатишди. 10 дақиқада муаммо ҳал бўлди.

Мана аҳвол. Соҳани танқид қилсангиз, “биз ишлаяпмиз, авария кўп, кучимиз етмаяпти, бизни ҳам тушунинглар” каби ўта норози оҳангда айтилган гапларни эшитасиз. Электр тармоғи ходимлари, кеч қолганингиз сабабини тушунтирсангиз, қўнғироққа жавоб қайтарсангиз бўлмайдими? Шунда одамлар дардингизга шерик бўлиб, ёмон сўзлар билан эсламайди. Демак, одамларнинг сизларни қандай эслаб туриши ўзларингга боғлиқ.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий