среда, 5 февраля 2020 г.

Инсофинг борми, йўлсоз?





Афросиёб кўчасида иш бошланганига бешинчи ой кетмоқда. Қишда асфальт ётқизилмайди, деб масъулиятни бўйнидан соқит қилмоқчи бўлган йўлсозга “инсофинг борми?” деган саволни бемалол бериш мумкин. Чунки озгина инсофу диёнати бўлса, масъулиятни сезса, ишни бундай чала қолдириб, ҳамма ёқни расво қилиб кетмасди.

Эй, йўлчининг каттаси, қулоқ сол! Нега чуқур ва хандакларингни қолдириб, кўммасдан кетиб қолдинг? Ҳовлисининг олдида қазилган икки қатор хандак уруш киноларидаги икки қатордан иборат мудофаа окопларини эслатади. Окоп ҳимоя қилган, сенинг чуқурларинг аксинча одамни “ютиши” мумкин. Уйлардан кексалар, онахонлар чиқади. Улар кўчага қандай ўтишини ўйламадингми? Ўзингни уйинг бўлганда, у ердан онанг кириб-чиққанини билганингда, кўчани шу аҳволда ташлаб кетармидинг?
 
Пиёдалар йўлагининг чала-чулпа ташлаб кетилганлиги оқибатида деворлар нам тортмоқда. 80дан ошган, уйида эркаги бўлмаган Хосмон ая Собирова “деворим қулаб кетса нима қилиман” деган хавотирда. Унинг қўшниси Кимё ая Раҳимқулова йўлсоз ва унинг деворини таъмирлаши керак бўлган ҳомийни кутиб, нима қилишин билмасдан сарсон. Ўтган кузда биринчи ёмғирдан сўнг ҳомий чала қолдирган томидан чакки ўтгач, унинг қизи ижтимоий тармоқлар орқали дод солгандан кейин ҳомий этиб тайинланган ташкилот вакиллари уйни таъмирлагандек бўлишди. Кимё аянинг айтишича, ярим метр тунука етмагини учун том ҳам чала қолдирилган эди. Қиши билан ёмғир ва қор сувлари девордан оқиб тушаверган.
 
Йўлсоз, асфальт ётқизма, лекин ҳеч бўлмаса пиёдалар йўлагини тартибга келтир, чуқурларингни кўмиб ташла.
 
Бу ерда фақат Афросиёб кўчасининг озгина дардини гапирдим. Гулобод кўчасида яшайдиган аҳоли номидан 20дан ортиқ фуқаро имзо қўйган шикоят ҳам бор қўлимда. Уни ўрганишнинг ҳожати бўлмаса керак. Ҳаммаси шундай ҳам маълум. Уларга мутасаддилар нима деб жавоб беришар?

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий