Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидаги камчиликлар ҳақида кўп йиллар
давомида гапирилмоқда. Улар фаолиятини тартибга солишга қаратилган биринчи
қонун 1999 йилда, иккинчиси 2006 йилда қабул қилинган эди. Аммо муаммо ва камчиликлар
кўпайса кўпайдики, асло камаймади. Шу сабабли мамлакатимизда кечаётган туб
ислоҳотлар талабидан келиб чиққан ҳолда ўтган йилнинг 7 ноябрида янги ҳужжат – «Кўп
квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонун Президент томонидан имзоланди.
Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларидаги мавжуд аҳволнинг айрим
жиҳатларини аниқ бир мисол асосида кўриб чиқсак, 2020 йилнинг 1 августида кучга
кирадиган қонун қанчалик муҳим эканлиги янада ойдинлашади.
“Боқий Мароқанд сервис” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (ХУМШ)
аъзолари ширкат таркибидан чиқиб, мустақил бошқарув тизимини йўлга қўйишларини
эшитишим биланоқ жойида вазият билан танишиш мақсадида Бўстонсарой кўчаси
40-уйга бордим. Чунки ширкатлар ишида каттагина камчилик ва муаммолар бўлишига
қарамасдан, ундан мустақил бўлиб чиқишга интилиш доим ҳам содир бўлиб турмайди.
Хўш, юқорида тилга олинган ширкат мулкдорлари нимадан норози?
“Нима учун пул тўлаймиз?”
Ширкат аъзоларининг сўзларига қараганда, ҳар бир мулкдор бир ойда
ширкатга турар жойининг бир метр квадратига 900 сўмдан тўлаши керак экан. Аммо
мулкдорлар ҳайрон. Улар “ширкат бизга ҳеч нарса қилмаса-ю, нега биз унга пул
тўлашимиз керак?”, деган ҳақли саволни ўртага ташламоқда. Улардан бири Собиржон
Раҳимовнинг гапларига қулоқ тутайлик: “Мен 2013 йилдан бошлаб йўқ хизмат учун ҳар
йили айтилган суммани тўлаб келардим. Ўтган йил тўламадим. Нега беришим керак? Мендан
талаб қилинаётган 1 миллион 400 минг сўмни “Меҳрибонлик” уйига ёки бошқа бир
савобли ишга берсам, яхши эмасми? Каттароқ ишларни қўйиб туринг, ҳатто
чиқиндилар вақтида олиб кетилмайди”. Дарҳақиқат, ушбу кўп қаватли уй атрофидаги
таъмирталаб йўлаклар, очиқ қудуқлар аҳвол қандайлигидан далолат бериб турибди.
Яна бир мулкдор Икром Раҳматов “Боқий Мароқанд сервис” ХУМШ раиси Ҳасан
Турдиев билан келишилган ҳолда оиласи яшайдиган подъездни тўласинча таъмирлаш
ва тартибга келтириш учун 36 миллион сўм маблағ сарфлаган экан. Ширкат раиси бу
маблағ эвазига И.Раҳматовни 2022 йилгача квартира тўловидан озод қилган. Аммо эндиликда
ундан бу йил учун тўловни амалга ошириши кераклиги талаб қилинмоқда.
Суҳбатимиз давомида 40-кўп квартирали уйнинг мулкдорлари “Боқий
Мароқанд сервис” ХУМШ қачон ва қандай тузилганлигини билмасликларини, уларни
ширкатга ким аъзо қилиб қўйганлигидан бехабарликларини, бирор марта ширкат
йиғилиши бўлмаганлигини уқтиришди. Бунга жавобан Ҳ.Турдиев ширкат тузилганлиги
ҳақида мажлис баёни борлигини, ҳаммаси мавжуд тартиб-тамоил асосида амалга
оширилганлигини қайд этди.
Ушбу ширкат мулкдорлари ширкатга бирлашмасдан ҳам уйни, унинг атрофини
кўнгилдагидек сақлаш, керак бўлган пайтда биргалашиб барча юмушларни бажариш
мумкинлигига гувоҳ бўлишаётган экан. Улар ўзларига қўшни бўлган 40 “А” кўп
квартирали уй мустақил равишда, унда турувчилар томонидан сайланган раис раҳбарлигида
ўзаро маслаҳат асосида бошқарилаётганлигини ҳавас билан таъкидлаб ўтишди. Улар ҳам
ширкатдан чиқиб, бевосита мулкдорлар томонидан бошқариш усулига ўтиш яхши
самара беришига ишонч билдиришмоқда.
Иссиқлик йўқ. Қарздорлик қаердан?
40-уй мулкдорларининг яна бир катта муаммоси “Иссиқлик манбаи” ДУКдан
қарздорлик масаласидир. Аксарият хонадонлар марказий иссиқлик тизимига
уланмаган ва квартирани иситиш муаммосини хусусий тарзда ҳал этган бўлишига
қарамасдан, уларга отнинг калласидек қарз ёзиб қўйилган. Масалан, Собиржон Раҳимовнинг
айтишича, у квартирасини ўзи иситади. Бунга “Иссиқлик манбаи” ДУКнинг ҳеч
қандай алоқаси йўқ. Шунга қарамасдан, ушбу корхона уни 3 миллион 700 минг сўм
қарздор қилиб қўйган.
Икром Раҳматов ҳам “Иссиқлик манбаи” ДУК хизматидан фойдаланмаслигига
қарамасдан, нима учун у 9 миллион сўм қарздор қилинганлигини тушунтириб берилишини
хоҳлайди.
17 январда 13, 14, 15, 16, 17 ва 18-квартира эгалари “Иссиқлик манбаи”
ДУК раҳбариятига хат билан мурожаат қилиб, улар иситиш муаммосини хусусий
тарзда ҳал этганликларини инобатга олиб, квартираларини корхона ҳисобидан
чиқарилишини сўраган. Бунга жавобан “Иссиқлик манбаи” ДУК бош муҳандиси вазифасини
бажарувчи А.Жалилов бошчилигида комиссия жойида аҳволни ўрганиб, далолатнома тузади.
Унда ёзилишича, уй ва квартираларнинг ички иссиқлик тизимини кўздан кечириш мақсадиди
таклиф қилинган маҳалла раиси Ҳ.Турдиев бу таклифни инобатга олмаган. Далолатнома
охирида қуйидаги хулоса битилган: “13, 14, 15, 16, 17 ва 18-квартираларнинг
ички иситиш тизимидаги носозлик туфайли уларга иссиқлик етиб бормаяпти”.
Ушбу далолатнома асосида “Иссиқлик манбаи” ДУК директори Я.Қурбонов аризачиларга
юборган жавобида уларнинг квартирасига иссиқлик етиб бормаётганлигига корхона
айбдор эмаслигини, хонадон эгаларидан иссиқлик учун тўлов белгиланган тартибда
ундирилишини уқтириб ўтган.
Уйларни иситиш билан боғлиқ яна бир ҳолат ҳақида. Мулкдорларни буғхона
ва уни табиий газ билан таъминлаб турган газ тақсимлаш нуқтаси кўп қаватли
уйнинг ёнгинасида жойлашганлиги ва атрофи ўраб олинмагинлиги қаттиқ хавотирга
солмоқда.
Буёғи нима бўлади?
Бўстонсарой кўчаси 40-уйнинг хонадон соҳиблари умумий мажлис ўтказиб, “Боқий
Мароқанд сервис” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатидан чиқишга қарор қилган.. Мулкдорлар
ширкатдан чиқиб, бошқаришнинг янги тартибини ўрнатмоқчи. Бунинг учун қонунчилик
жиҳатидан ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас. Айниқса, 1 августда кучга кирадиган «Кўп
квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонун бунга кенг йўл очади.
Қонунга мувофиқ кўп квартирали уйни бошқариш усули ундаги мулкдорлар
томонидан танланади ва умумий йиғилшида белгиланади. Кўп квартирали уйларни
бошқаришнинг асосий принциплари бошқариш усулини танлаш эркинлиги, ўзини ўзи
бошқариш, коллегиаллик, очиқлик ва ошкоралик, ташкилий ва молиявий жиҳатдан
мустақиллик, жойларнинг мулкдорлари олдида мунтазам ҳисобдорлик ҳисобланади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий