понедельник, 31 января 2022 г.

 

Замонавийлашаётган маҳалла аҳолига яқинлашмоқдами ёки..?

 Тўртинчи мақола



Мақоламизнинг ўтган қисмининг охирида уқтирилганидек, тўртинчи мақолада анъаналар, урф-одатлар, қадриятларни сақлаб қолиш нима учун муҳимлиги ҳамда маҳаллалар номларини “замонага мос” бўлишига интилиш доим ҳам ўзини оқламаслиги ҳақида сўз юритилади.

 Йириклашган маҳаллаларда анъналар ўз ўрнини йўқотмадими?

Маҳаллани юқори пардаларда тараннум этадиган шоиру ёзувчи ҳамда журналистлар шундай сифатларни ишлатадики, сўз бойлигаю маҳоратига қойил қолмасликнинг иложи бўлмайди. Маҳалла удум, урф-одат  ва анъаналар шаклланган ва ривожланган, қадриятлар янада такомиллашиб, сайқаллашиб бораётган маскан сифатида кўкларга кўтарилади.


Албатта, маҳаллаларда, айниқса, катта кентларнинг эски шаҳр қисмидагиларида, ҳозиргача ижтимоий хулқни мўътадил ушлаб туришда жамоатчилик фикри ҳисобга олинаётганлигини инкор қилиб бўлмайди. Маҳалланинг урф-одатлар орқали жамиятдаги бошқарув роли мавжудлиги ҳам айни ҳақиқат. Шунингдек, удум ва анаъаналар йиллар, асрлар давомида жамланиб, сайқалланган жамоат тажрибасини шахсга етказувчи, уни ижтимоийлашига хизмат қилувчи муҳим омил ҳисобланади. Аммо...

Бундай бир дўппини олиб қўйган ҳолда таҳлил қилиб, янги давр, янги шароит, маҳалла фуқаролар йиғинига янгича ёндошув, унинг зиммасига давлат идоралари бажарган ўнлаб вазифаларнинг юклатилиши  маҳалла анъанавийлигини қанчалик сақлаб қолди, деган саволни ўзимизга бериб кўрайлик-чи!

Биргина тўй-маъракаларнинг ҳовлилардан тўйхоналарга кўчиши, маҳалладошлар ичида ижтимоий ҳамкорлик ва беғараз ёрдам шакли бўлган ҳашар удумининг тарихга айланаётганлиги, глобаллашув шароитида шахснинг индивидуаллашувининг кучайиб бораётганлиги анъаналаримиз ва азалий қадриятларимизга салбий таъсир ўтказмоқда десак, муболаға бўлмайди.

Булардан ташқари, анъаналаримизга  ножўя таъсир қилган яна бир омил бу маҳаллаларни йириклаштириш мақсадида узоқ тарихга эга маҳаллаларнинг бирлаштирилиши бўлди. Масалан, Самарқанднинг Эски шаҳар қисмида 70-80 тадан 150 тагача оилани бирлаштирган маҳалла – гузарлар мавжуд бўлиб,  аҳолиси бир-биридан хабардор, ҳар ишда елкадош эди. Кимнидир қилган ножўя ҳаракати, жамоат қабул қилган одатга риоя қилмаслиги ўша заҳотиёқ ошкор бўларди. Шу туфайли ҳар қандай одам, у қайси лавозимда бўлишидан қатъий назар, маҳалла ва унда шаклланган урф-одат ва удумлар билан ҳисоблашарди. Акс ҳолда, у яккаланиб қолиши, жамиятга қўшилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин эди.

Самарқандлик ёзувчи Адаш Истад ўзи яшаётган маҳаллани мисол келтириб, шундай дейди:

Тўртта – Лабиғор, Аллофи, Боғибаланд ва Регистон гузарларини бирлаштириб, битта Регистон маҳалласи ташкил этилди. Йириклашган маҳаллада ахлоқу одоб, тўй-маъракалар назоратдан чиқиб кетди. Анъанавий гузарларда барча аҳоли яхши қўшничилик шароитида яшарди. Регистон кўчасидаги кўпқаватли уйлар маҳалламиз таркибига қўшилган. Аммо уларда ким яшашини билмаймиз, қўшнилар ҳам бир-бирини танимайди. Шундай экан, маҳаллаларни йириклаштириб, ижобий анъаналаримизни, маҳалланинг тарбия ўчоғи сифатидаги ролини сусайтириш керакмиди?.

Жамиятда кечаётган жараёнларга лоқайд бўлмаган Адаш ака яна гузарда яшашнинг ўз қонуниятлари борлигини, кимдир беномуслик қилса, маросимлардан четлаштирилган, ҳатто маҳалладан чиқариб юборилганлигини уқтиради. Бугун кенгайган маҳаллаларда ким нима билан шуғуллаётганлигини, кимнинг нони ҳалолу кимники ҳаромлигини ҳеч ким, ҳатто маҳалла раиси ҳам билмаслигини куюнчаклик билан таъкидлайди.

 Маҳалла номи ҳам тарихий ёдгорлик

Маҳаллаларни йириклаштириш оқибатида юзага келган яна бир ҳолатдан кўз юмиб бўлмайди. Маҳаллаларнинг қўшилиши туфайли Самарқанддаги бир қатор тарихий гузарлар номи йўқолиб бормоқда.

Жой номлари – топонимлар тарихий ёдгорлик сифатида катта аҳамиятга эга. Масалан,  Самарқанд гузар-маҳаллалари номларини ўрганиш натижасида шаҳарнинг турли ҳудудлари қандай ривожланиб борганлиги билиб олиш мумкин. Гузарлар номи уларнинг аҳолиси қайси касб эгаси эканлигини ё қаердан кўчиб келганлигини, гузар қайси сув манбаи ёки тепалик яқинида пайдо бўлганлигини билдиради.

Маҳаллалар йириклашиб бораётган шароитда тарихимизнинг ажралмас қисми бўлган топонимларни қандай сақлаб қолиш мумкинлиги ҳақида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти доценти Зоҳир Ҳайдаров қуйидаги таклифларни билдирди.

Маҳалла ходимларига маош тўлаш тизимига ўтилиши муносабати билан маҳаллалар бирлаштирилди. Маҳалламиз мисолида буни шарҳлашга ҳаракат қиламан. Мулло Қаландар, Чармгари ва Зингарон гузарининг бир қисми  Чақар гузари таркибига киритилди. Уларнинг ҳар бирининг масжиди, чойхонаси, ҳовузи, нонвойхонаси бор эди. Бирлаштириш натижасида нафақат номлари унутила бошланди, балки одамлар орасидаги меҳр-оқибатга дарз кетди, маҳаллада нима содир бўлаётганлигидан, кимлар келиб кимлар кетаётганлигидан ҳамма бехабар  қоладиган бўлди. 

Маҳаллани сақлаш маблағ билан боғлиқлиги боис энди уларни яна бўлиб, асл ҳолатига қайтаришга уринишнинг фойдаси йўқ. Эски маҳаллалар номини сақлаб қолиш, одамлар орасидаги ҳамжиҳатликни кучайтириш учун бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Ҳозир маҳаллаларда кўчабошилар мавжуд. Бирлаштириш натижасида вужудга келган катта  маҳаллаларда уларни гузарбоши деб аташга ўтилса демоқчиман. Масалан, Чармгари гузар бошиси ёки Мулло Қаландар гузар бошиси деб атасак, ҳужжатларга бу ном киради, одамлар уни тилга ола бошлайди ва маҳалланинг эски номи йўқолиб кетмайди.

Топонимлар – маҳалла номлари ҳақида сўз юритар эканмиз, кейинги йилларда улардан айримлари янгилари билан алмаштирилганлигини таъкидлаш жоиз. Маънан эскирган, ватанга ва халққа хизмати синмаган шахслар номи билан аталган жой номларининг алмаштирилганлиги зарурат эди. Аммо кўп ҳолларда томонимка соҳаси экспертлари, тарихчилар, этнографлар, тилшунослар қолиб кетиб, жой номларини алмаштириш билан ҳаваскорлар, ўзини “маънавият йўналишида зўр мутахассис” деб ҳисоблаганлар шуғулланганлиги нохуш оқибатларга олиб келди. 

Топонимларини чуқур таҳлил қила олмаслик, уларнинг этимологияси – келиб чиқиши асл сабабини англамасдан айримларини “эски", “замонга мос эмас" ёки “хунук” деган даъволар билан янгисига, “чиройли” ва “замонавийроғи”га алмаштиришга интилиш кучайди. Натижада “Нурафшон", “Гулистон”, “Янги ҳаёт”, “Ҳумо”, “Бўстон”, “Зиёлилар”, “Гулзор” каби номлар урчиб кетди. 

Масалан, Самарқандда Чақар гузарининг номи Устозлар деб алмаштирилди. Бу жой номи маъносини, унинг тарихини билмаслик оқибати эди. Чақар номи билан аталадиган маҳалла қатор шаҳарларда, жумладан Тошкентда ҳам мавжуд. Мутахассисларнинг фикрича, бу ном “чокар” сўзидан келиб чиққан ва “жангчи”, “қуролли гуруҳ аъзоси” маъносини билдиради. 

“Дарҳақиқат, маҳалламиз Чақар деб аталишида катта маъно бор. Бу ерда бир вақтлар чокарлар турадиган истеҳком, қалъа бўлганлигига ишоралар яқин вақтларгача мавжуд эди, – эслайди З.Ҳайдаров. – Болалигимизда биз яшаётган ҳудудни “қалъа” ундан пастроқда жойлашган катта майдонни “ҳаёт” деб аташарди.  Бу ерда ҳарбий машқлар бажариш қулай эди. Бир неча йил давомида тегишли ташкилотларга мурожаатимиз туфайли мақсадга эришдик: маҳалламиз номи қайта тикланди, яъни Устозлар яни Чақарга алмаштирилди".

 Ушбу мисол маҳалла номини, умуман барча жой номларини алмаштиришда жуда эҳтиёт бўлишлик лозимлигини кўрсатиб турибди.

 (Давоми бор)

 

Тошпўлат Раҳматуллаев

Комментариев нет:

Отправить комментарий