понедельник, 31 января 2022 г.

Замонавийлашаётган маҳалла аҳолига яқинлашмоқдами ёки..?

Бешинчи мақола



“Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида” Президент фармони лойиҳасида маҳалланинг “фаол” моделини жорий этиш, уни аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш ҳамда ҳудудни ривожлантириш учун зарур ресурс ва имкониятлар билан таъминлаш мақсадида 2022 йилда қатор вазифаларни ҳаётга тадбиқ этиш белгиланган.

Қачон маҳалла нуфузи ортади, раиснинг гапи тош босади?

Фармон лойиҳасида барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз йўналиши бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши тартиби жорий этилиши ҳада маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизими яратилиб, давлат ва ижтимоий хизматларнинг бевосита маҳаллада кўрсатиш тизимини жорий этиш кўзда тутилган. Амалга ошириладиган ишлар орқали маҳаллаларнинг халқ олдидаги нуфузи ошириш зарурлиги таъкидланган.


 Маҳалла ва унинг раисининг обрў-эътибори юксалиши учун асосий муаммолар маҳалланинг ўзида ҳал бўлмоғига эришмоқ даркор. Давлатимиз раҳбари бундан бир йил аввал, 2021 йилнинг январь ойида Бухоро вилоятига қилган сафари чоғида шундай деган эди: “Маҳалла раиси қачон обрўли бўлади? Халқ дардини раҳбарларга лўнда қилиб қўйса. Ҳамма масала аввало маҳаллада ҳал бўлсагина, одамлар рози бўлади”.

 Бунинг учун, яъни барча масала маҳаллада ҳал бўлиши учун давлат идоралари маҳалла раислари кўтарган масалага жиддий ёндошиб, уни тезроқ ҳал этишга киришиши лозим. Шу сабаб давлат идоралари ишига баҳо беришда уларнинг маҳалла мурожаатларига бўлган эътибори бош мезонлардан бирига айланиши зарур. Чунки аҳоли аввал маҳаллага мурожаат қилади. Агар муаммоси ҳал бўлса, юқорида турувчи идорагача бормайди. Бу ҳам фуқаролар вақти ва маблағини тежайди ҳамда давлат идораларига мурожаат қилувчилар сонини кескин камайиши орқали уларга ўз вақтини бошқа ишларга сарф қилиши учун имкон яратади.

 Аслида маҳалла раисининг ўз ҳудудидаги эзгу ишлари, одамларга беғараз ёрдам бериши орқали орттирган обрў-эътиборидан бошқа таъсир этиш кучи йўқ! У корхона ё давлат идораси раҳбари эмас ва  унда улар каби қўл остидаги ходимларни жазолаши ёки рағбатлантиришининг имкони йўқ. Агар маҳалла раиси ўзи раҳбарлик қилаётган ҳудудда амалга оширадиган ишларга бош-қош бўлиб, ижобий томонга ўзгариш қила олса, кўмак сўраб келганлар муаммосини ечишга киришса, бир сўз билан айтганда, одамларни рози қилсагина аҳоли ўртасида нуфузи ортади. Шундагина маҳалла раисининг гапи тош босадиган бўлади ва бу, ўз навбатида, маҳаллада барча ишларни самарали ташкил этишга ёрдам беради. 

 

 Маҳалламиз тажрибаси

 Маҳалламизда ушбу йўналиш бўйича маълум ишлар амалга оширилмоқда. Тажриба  алмашиш мақсадида шу ҳақда қисқача  тўхталиб ўтмоқчиман.

 Маҳалла аҳли ҳар қандай ҳолатда, пайдо бўлган муаммо бўйича маҳалла идорасига келади. Ҳар бир кишининг дардини, билдирган фикрини тинглаб, унга ёрдам беришга интиламиз. Кимдир газ, сув ёки электр таъминотидаги узилишлар борасида, кимдир нореал қарздорлик масаласида, яна биров уй-жойини кадастр ҳужжатлари тайёрлашда қийналаётганлиги хусусида мурожаат қилади. Оиласи бузилган ёш оналар алимент ундиролмасдан овора бўлаётганлиги ва моддий жиҳатдан қийнаётганли ҳақида шикоят қилади.

 Ҳар бир вазият бўйича муаммони таҳлил этган ҳолда, тегишли идора раҳбарларига қўнғироқ қилиб, масала моҳиятини баён қиламиз ва уни ижобий ҳал этишга ёрдам беришини сўраймиз. Аксарият ҳолларда саволга ўрин қолмайди, муаммо ечилади. 

 

Кўп ҳолларда фуқаронинг маҳалла марказига келиши ҳам шарт эмас. Раисга, яъни каминага телефон орқали муаммони баён қилиши кифоя. Ёки телеграм мессенжерида маҳалламиз гуруҳини тузганмиз. Унда маҳалла ҳаётига оид янгиликлар жойлаштирилади ҳамда аҳоли ўз қувончу ташвишлари билан ўртоқлашади.

 Маҳалла ҳудудида рўй бераётган ўзгаришлар билан мунтазам хабардор бўлиб туриш мақсадида ҳар куни бир-иккита кўчани айланиб чиқаман. Йўлда учратган маҳалладошлар билан ҳол-аҳвол сўрашамиз, қисқача суҳбат қиламиз. Шу йўл орқали одамларнинг кайфиятидан, уларни қизиқтираётган масалалар ёки қийнаётган муаммолардан хабардор бўламан. 

 Муаммоси жойида ҳал бўлаётганлигига ишонч ҳосил қилгач, одамлар оддий бир ҳолатда ҳам ариза кўтариб турли идораларга бормайди. Бу маҳаллада ўзаро ишонч туйғусини кучайтиради ва барча йўналишдаги ишларни самарали ташкил этишга ёрдам беради.

 Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлиги ўзаро меҳру оқибатни кучайтиришга, барча ишларни енгил ва муроса билан ҳал этишга имкон яратади. Бу эса, ўз навбатида, одамлар орасида ортиқча гап-сўзларни юзага келишининг олдини олади ва маҳаллада  осойишталикни таъминлаш омили бўлиб хизмат қилади.

 

Ана шундай ишонч орқали маҳалламизда икки ярим йил ичида кейинги 30 йилда бўлмаган қурилиш ва бунёдкорлик ишларини бажардик. Қисқа вақт ичида катта зал ва иккита айвон қурилганлиги, маҳалла марказида улкан ҳажмда ободончилик ишлари амалга оширилганлиги маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигидан далолатдир. Ўзаро елкадошлик ҳисси кучайганлиги боис унутилиб бораётган ҳашар удумини тикладик. Бирор юмуш чиқиб қолса, ёшу қари бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилади. Ўз меҳнатининг натижасини кўрган маҳалладошларимиз хурсандлигининг чеки йўқ.

Маҳалламизда осойишталини сақлаш йўлида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Профилактика инспектори билан бирга доимо мавжуд вазиятдар хабардор бўлиб туришга ҳаракат қиламиз. Оилаларда муаммо вужудга келса, уни жойида ечишга интиламиз. Кейинги тўрт йил ичида маҳалламизда жиноят содир этилмаган эди. Фақат ўтган йили оилавий жанжал судгача олиб борилди. Аммо судда томонлар – эр-хотиннинг ўзаро келишуви туфайли ҳеч ким жазо олмади.

 Қанийди, барча маҳаллалар обод бўлса-ю, уларда осойишталик ҳукм сурса. Шунда шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун мамлакат тинч, обод ва фаровон бўларди!

Навбатчи нотиқлару маддоҳлар – таназзул омили

 Маҳалламиз ҳақида ёзганларимни ўқиб, кимдир “Йўғ-е, бунчалик эмасдир-ов” деса, бошқа бировда “ажойиб, маҳаллангиз тажрибасини ўрганса, кенг ёйса бўларкан. Тепадан эътибор катта бўлса керак?” деган савол хаёлига келган бўлиши мумкин. Ёзганларимга ишонмаганлар маҳалламизга келиб, бор вазият билан танишишларини, бундан уч йил аввалги ҳолатни ўрганиб, у билан солиштиришларини ва дуч келган маҳалладошимиз фикри билан қизиқиб кўришларини таклиф қилган бўлардим.

Тепадан, яъни юқорида турувчи манфаатдор ташкилотлар томонидан “нима қиляпсизлар, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилини тўлақонли ва самарали жорий этиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш соҳасидаги ишларингизни ўргансак, мақбулларини кенг жорий этсак” деган таклиф бўлган эмас. Кўплаб йиғилишу учрашувлар бўлади, уларда кимлардир чиқиш қилади, фикр билдиради, таклифлар киритади. Афсуски, мутасиддиларнинг навбатчи нотиқлари, яъни доим сўзга чиқадиган “хос” одамлари бор.

 Ўзингиз мулоҳаза қилиб кўринг. Давлатимиз раҳбари вилоятларларга, жумладан Самарқандга ташрифи пайтида уюштириладиган учрашувларда кимлар сўзга чиқади? Булар – йиллар давомида минбардан тушмай келаётганлиги туфайли кўпчилик учун таниш бўлиб қолган чеҳралар. Учрашувларда кенг жамоатчилик номидан “чиройли” гапирадиган маҳалла раиси сўзга чиқади. Вилоят ҳокими номзоди тасдиқланадиган навбатдан ташқари сессияларда деярли доим икки-уч нафар навбатчи нотиқлар гапиради ва номзодни мақтайди. Бироз вақт ўтиб, ўша ҳоким ишдан олинадиган сессияда яна ўшалар чиқиб, “адашибман”, “кўр эканман” деган сўзлар билан ўзининг аввалги маддоҳлиги учун узр сўрагандек бўлади.

 Ачинарлиси шундаки, айнан ана шу сўзамоллар ордену медаллар олади, юксак унвонлар билан тақдирланади. Албатта, маҳалла, демакки, бутун юрт ривожи, эл осойишталиги йўлида хизмат қилаётганлар мукофот ҳақида ўйламайди. Аммо шундай ёнганасидаги тилли буррою дилида нима борлиги номаълум маддоҳ тақдирлангандан сўнг ҳар қандай шахс ҳам ноҳақликдан эзилади.

 Буюк Саъдийнинг бир тўртлиги “ишонмагил маддоҳ сўзамолларга” деган мисра билан бошланади. Жалолиддин Румий “мадҳ этиш – энг буюк пора” деган эди. Маддоҳлик ташкилотни, соҳани, мамлакатни таназзулга олиб бориши хусусида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бу мақолада бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтишнинг ҳожати йўқ деб ўйлайман. Ватан равнақи учун, мамлакатни таназзулдан сақлаб қолиш учун маддоҳлар эмас, халқ дардига дармон бўладиганлар, фидойилик кўрсатишга қодир инсонлар керак. Ана шуларни ҳақиқий ватанпарвар деб аташ мумкин. 

Шундай экан, маҳалла тизимини том маънода ривожлантириш, халққа яқинлаштирриш учун жонкуяр маҳалла ходимларини тинглаш ва уларга таяниш лозим. Маҳалла муаммоларини тўғри кўтариб чиқиш орқали биз бу йўналишда навбатчи нотиқларга, сўзга чечан маддоҳларга йўл бермаслигимиз лозим. Ахир, маддоҳлар тарихда қолиб кетиши учун нимадир қилиш, ҳаракатни нимадандир бошлаш керак-ку!

 Тошпўлат Раҳматуллаев 

Комментариев нет:

Отправить комментарий