Самарқанддаги Хўжа Исоқи Вали жоме масжидида Қуръон мусобақасининг
иккинчи – вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда мусобақа биринчи босқичининг 25 нафар
ғолиби иштирок этди. Улардан 16 нафари эркаклар ва 9 нафари хотин-қизлардир.
Мусобақа аввалида сўзга чиққан вилоят бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов
мамлакатимизда виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик тамойилларига катта
эътибор қаратилаётганлигини ҳақида сўз юритди. Бунинг исботи сифатида мамлакат
бўйлаб ўтказилаётган уч босқичдан иборат Қуръон мусобақасини мисол қилиб
келтирди.
Мусобақанинг биринчи босқичи Пайариқ, Пастдарғом, Ургут ва Самарқанд
туманларида бўлиб ўтди. Вилоятнинг туман ва шаҳарлари тўрт ҳудудга бўлиниб,
улардан келган қори ва қориялар икки йўналиш – ҳифз ва тиловат йўналишлари
бўйича ўзаро баҳслашдилар. Биринчи босқич ғолиблари мусобақанинг вилоят
босқичига қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.
Қуръон мусобақасини самарқандликлар катта қизиқиш ва эътибор билан
кузатдилар. Хўжа Исоқи Вали жоме масжидида эрталабдан одамлар билан лиқ тўлди. Кузатувчи
ҳакамлар ҳайъати ва баҳолаш ҳакамлар ҳайъати аъзолари ўз жойларини эгаллагач,
мусобақа бошланди.
Мусобақа якунига кўра унда қуйидаги қори ва қориялар ғолиб деб
топилдилар.
Ҳифз йўналиши бўйича 18-25 ёшлилар ўртасида
биринчи ўринни Ғайбуллаев Абдужаббор,
иккинчи ўринни Темиров Ҳамзахон ва учинчи ўринни Хушвақтов Аҳмаджон қўлга
киритди. Ана шу йўналиш бўйича 26-40 ёшлилар
ўртасида Ҳошимхонов Авазхонга биринчи ўрин, Ғаниев Муҳаммаджонга иккинчи
ва Турсунов Асқарга учинчи ўрин насиб этди.
Тиловат йўналиши бўйича эса натижалар
қуйидагича бўлди. 18-25 ёшлилар ўртасида Бобохонов Бобохон биринчи, Очилов Меҳрожиддин иккинчи ва Қувондиқов
Исмоил учинчи ўринни эгаллади. 26-40 ёшлилар
ўртасида эса биринчи ўрин Ҳамдамов Фирдавсга, иккинчи ўрин Файзиев Ғолибга
ва учинчи ўрин Баҳодиров Дониёрга насиб этди.
Хотин-қизлар ўртасида ўтказилган Қуръон мусобақасида ҳифз йўналиши
бўйича 26-40 ёшлилар ўртасида Зоирова Нафиса биринчи ўринни қўлга киритди.
Тиловат йўналиши бўйича 18-25 ёшлилар ўртасида Нуриддинова Заҳрохон, 26-40
ёшлилар ўртасида Имомова Моҳигул ғолиб бўлишди.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар
томонидан диплом ва совғалар тақдим этилди.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ
Муаллиф туширган суратлар
“Новости Узбекистана” сайти, “Менинг Ўзбекистоним” бўлими, 21.02.2018
Комментариев нет:
Отправить комментарий