среда, 28 февраля 2018 г.

Ҳалокатга етакловчи дабдабали тўйларни тартибга келтиришда Тожикистон тажрибасини ўргансак бўлмайдими?


Тўй-маъракаларимизнинг тобора бамазалик касб этиб бораётганилиги, ортиқча сарф-харажатлар айтиб бўлмас даражага етганлигини ҳаммамиз биламиз, жараённи кузатаяпмиз, унинг шоҳиди бўлиб турибмиз. Бу ҳақда кўп гапирилмоқда, лекин ижобий томонга ўзгариш бўлмаяпти. Балки қўшни давлат, анъаналарию маросимлари бизга жуда яқин бўлган Тожикистон тажрибасини ўрганиш асқотар?


Сохта обрў орттиришга бўлган интилиш, ўзимиз учун эмас, атрофдагилар фикри билан яшаш, “одамлар, қўни-қўшни нима деркин” деган ибтидоий тассаввур доирасидан чиқа олмаслигимиз 3-4 соатлик тўй кечасини деб ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам пул топишга мажбур қилмоқда. Оилалар бошига тушаётган қатор кулфатларнинг, жумладан Ақтўбе фожиасининг сабабларидан бири ҳам ана шундай ортиқча орзу ҳавасга берилишимиздир десак, хато қилмаган бўламиз.

Ҳозир бу ҳақда тўхталмоқчи эмасман. Чунки тўй-маъракаларимизнинг рисоладагидек бўлиши зарурлиги ҳақида жуда кўп гапирилмоқда, қарорлар қабул қилинган, фатволар эълон қилинган. Аммо аҳвол ижобий томонга ўзгариш ўрнига тобора ёмонлашиб бормоқда. Агар аҳвол шундай давом этаверса, халқимизнинг бири ҳеч қачон икки бўлмайди, тараққий этиш ўрнига таназзул томон бораверамиз.

Олдимизда яна ўша савол, яъни ўтиш даврларида, кескин чора кўриш зарур бўлган вақтда бериладиган “Нима қилмоқ керак?” деган савол турибди. Қабул қилинган “жонсиз” қарору фатволар сонини кўпайтирмасдан битта ишлайдиган қонун қабул қилинсаю, унинг ҳаётга татбиқ этиш механизми ишлаб чиқилса, айни муддао бўларди. Бунинг учун кўп бош қотириб, қандай қиламиз, нима ишларни бажарамиз, вазифани кимга юклатамиз деб ўйлаб, яна кўп вақт сарфламаслик учун қўшни Тожикистоннинг 11 йил давомида тўплаган тажрибасини ўрганишни ва унга ижодий ёндашган ҳолда ўзимизга жорий этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.

Ўтган ҳафта Самарқандга Тожикистондан акасининг жанозасига синфдош дўстим келган эди. У ўрта мактабни тугатгадан сўнг Душанбе шаҳрига бориб институтга ўқишга кирган ва уни битиргач, ўша ерда ишга қолган эди. Самарқандда акаси, кўплаб яқин қариндошлари борлиги сабабли ўзи туғилиб ўсган шаҳарга ҳар замонда келиб турарди, тўй-маъракаларда иштирок этарди.

Бу сафар акасининг жанозасига келган дўстим “худойи” маросимини кўриб, олдинда “йигирма”, “қирқ”, “йил” борлигини эшитиб, Тожикистонда Ислом динимизга умуман алоқаси бўлмаган бундай маросимларнинг баҳридан ўтилганлигини таъкидлади. Дўстимнинг сўзлари ва интернет тармоғидан топган маълумотларим асосида қўшни давлатда бизни қизиқтираётган муаммо қандай ҳал этилганлигини қоғозга туширишга қарор қилдим. Зора қўшнилар тажрибаси бизга асқотса.

2007 йилда Тожикистон Республикасида анъана, тўй ва маросимларни тартибга келтириш тўғрисида қонун қабул қилинган эди. 2017 йилда ушбу қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Ўрнатилган тартибга кўра никоҳ тўйидан олдин ва кейин ўтказиладиган маросимлар тугатилди. Тўй оқшоми бўладиган базмга 150 кишигача меҳмон таклиф этиш мумкин. Тўй тантанаси уч соатгача давом этиши ва соат 22-00да тугаши керак. Никоҳни қайд этиш маросимида 4тадан ортиқ енгил мошинанинг қатнашиши мумкин эмас.

Суннат тўйи фақат оила даврасида, уйда санъаткорлар иштирокисиз бола туғилгандан кейинги 20 кун ичида ўтказилади. Ақиқа маросими тақиқланади. Болани бешикка боғлаш, чилласи чиқиши, сочини олдириш билан боғлиқ тадбирлар ҳам оила даврасида ўтказилади.

Майит чиққан хонадонга фақат уч кун мобайнида келиб, таъзия изҳор қилинади. Бунда дастурхон тузилмайди, шунингдек бошқа маъракалар ҳам ўтказилмайди, қўй сўйилмайди.

Қонун қабул қилинганлигининг 10 йиллигига бағишлаб 2017 йилда ўтказилган тантанали йиғилишда қонун азалий қадриятлар ва миллий маданиятни ҳимоя қилишда, диний ва халқ анъаналарини тартибга солишда, ортиқча дабдабабозлик ва харажатларнинг олдини олишда, тадбирлар ўтказишнинг ягона тизимини ўрнатишда муҳим омил бўлиб хизмат қилганлиги уқтирилган эди.

Маълумотларга қараганда, қонун амал қилганлиги туфайли аввалги 70та номдаги анъана ва маросимларнинг 55таси қисқариб, айни пайтда 15таси қолган ва тартибли, камхаражатли ўтказилмоқда. Унгача ҳар йили тўй ва маъракаларга 15 млрд. сомонидан кўпроқ маблағ харажат қилинган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 4 млрд. сомонига тушган (солиштириш учун – 1 АҚШ доллари 8,8 сомони). Яъни аҳоли ортиқча харажатлардан қутилиб, тежалган маблағни ўз оиласига, рўзғорига сарфлаш имконига эга бўлди.

Ўрнатилган тартибни бузганларнинг қаттиқ жазога торилиши қонун ижросини таъминлаган омиллардан бири саналади. Маълум бўлишича, қонун талабларини асосан амалдорлар, давлат хизматчилари, тадбиркорлар ва руҳонийлар бузган. Амалдаги талабга кўра тўй ёки маърака ўтказганда тартибга риоя қилмаган амалдор эгаллаб турган вазифасидан озод этилади. Қонун талабига бўйсинмаганлар 25 минг сомонидан 35 минг сомонигача (қарийб 4000 долларгача) жаримага тортилади. Тўй соҳиблари билан бирга ресторан ва тўйхона эгалари ҳам жазога олади.  

Бизда шу вақтгача қабул қилинган қарору фармонлар фақат аҳолининг онглилигига таянган ҳолда тарғибот ва ташвиқот орқали тўй-маъракаларни тартибга келтиришга қаратилган эди. Аммо бу йўл ҳозирги кунда самара бермаслиги кўриниб турибди. Мана, Самарқанддаги аҳвол. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан 2015 йилнинг 21 июлида тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш, ортиқча дабдабабозликларга чек қўйишга қаратилган қарор қабул қилинган эди. Икки йилдан сўнг вилоят Кенгаши яна битта шундай қарор қабул қилди. Шаҳар ҳокимлиги ҳам ўтган йили кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида юқоридаги масала муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши ўтказди, унда аҳолига мурожаатнома қабул қилинди. Аммо ҳеч нарса ўзгармади.  

Самарқандда аҳвол ўта аянчли тус олган. Фотиҳа тўйига 200-300 киши, тўй базмига 400 дан 700гача, айрим ҳолларда ундан кўпроқ меҳмон таклиф этилмоқда. Наҳор оши ҳам юзлаб юзлаб киши иштирокида ўтмоқда. Биздаги энг бемаъни одат – раққосага пул қистириш бўлиб, охирги йилларда унга келин-куёв тўйхонага кириб келаётганда ёки рақсга тушаётганда устидан пул сочиш ҳам қўшилди.  

Аза маросимларида тортиладиган дастурхон тўйникидан деярли фарқ қилмай қолди. Улар имом хатиблар иштирокида, катта жамоа билан ўтказилмоқда.

Буларни ҳаммамиз кўриб, билиб, ана шундай тўй-маъаракаларда қатнашиб юрибмиз. Бундай йўл татаётганлигимиз нотўғри эканлигини кўп гапирамиз, аммо ўзимизга келганда, кўпдан қолмайлик деб “эл қатори” иш тутамиз. Демак, гап-сўзнинг фойдаси йўқ экан, фақат ташвиқот билан аҳволни яхши томонга ўзгартириб бўлмас экан. Амалий ишга ўтайлик. Бу йўлда бизга қўшни мамлакат тажрибаси асқотиши мумкин.   

Келинг, буюк ватандошимизнинг бундан юз йил аввал айтган ва ҳозиргача ўз долзарблигини йўқотмаган сўзларини эслайлик:

“...Яҳудийлар баъзан ўлукларини оқшом элтиб кўмарлар. На учун? Кундузи ишдан қоларлар. Биз бўлсак, ўлук ва тўй учун ҳафталар, ҳатто ойлар ила ишдан қолурмиз. Холбуки, шореъи аъзам, пайғамбари акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазратлари ўлганни тез кўмуб ва кўмгандан сўнгра тез тарқалиб, ишга кетмоқға ва ўлукхона халқини уч кундан зиёда таъзия тутмасға, қаро киймасға, кир, фалокат бўлмасға амр этарлар!
Эй халқ! Эй мусулмонлар! Биз на учун Худо ва расулни сўзиға ва ўзимизни нафъимизға амал қилмаймиз? Биз девонами?” (Маҳмудхўжа Беҳбудий. "Бизни кемиргувчи иллатлар").


Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

“Новости Узбекистана” сайти, “Жамоатчилик”бўлими, 28.02.2018

Комментариев нет:

Отправить комментарий