четверг, 29 марта 2018 г.

Биз ўзгара бошладик: жамият ҳам, ОАВ ҳам!


Кейинги кунларда рўй берган воқеаларни кузатиб, жамиятимизда ҳам, ОАВда ҳам ижобий ўзгаришлар бўлаётганлигини англаш мумкин. Бу, биринчи навбатда, ёзувчи ва журналист Каримберди Тўрамуродов мақоласи ва унинг шахси атрофида бўлган гап-сўзларга юртдошларимиз ва ОАВда, аниқроғи, интернет тармоғида билдирилган муносабатда яққол намоён бўлди.


Журналистга қилинган таҳдидни биринчи марта кўпчилик ўзига яқин олиб, унинг ҳимоясига тайёр эканлигини билдирилишининг гувоҳи бўлдим. Биринчи марта журналист ишлайдиган ОАВ ва бошқа сайтлар ҳам уни ёқлаб чиқишди. Xabar.uz, Kun.uz ва бир қатор бошқа интернет нашрлардан тортиб Президентнинг матбуот котибигача Каримберди Тўрамуродовга қилинган таҳдид ва унинг аторофида носоғлом муҳит яратишга бўлган ҳаракатларга ўз муносабатларини билдиришгани, Парламент депутатининг мажбурий меҳнат муаммосини Олий Мажлис муҳокамасига киритишга ваъда берганлиги таҳсинга лойиқ.  

Билдирилан юзлаб фикрлардан фақат биттасини келтирмоқчиман: “30 йиллик ура-урачилик, сафсатабозлик, ўз ўзини мақташу ўз ўзига маҳлиё бўлиш билан ўтган давр учун, жар ёқасига келиб қолган маорифу медицина учун тавба килишимиз, айбдорларни номма ном айтиб, маънавий тозаланишга киришишимиз керак”.

Буларнинг ҳаммаси жамиятимизда, юртдошларимиз онгу шуурида катта ижобий ўзгаришлар бўлаётганлигининг ажойиб мисолидир. Бундай дейишимга асос бор, чунки аввалги йилларда жамият манфаатини ёқлаб чиқиб, амалдорларнинг ножўя ишларини танқид остига олган журналист яккаланиб қолганлигининг кўп марта гувоҳи бўлганман. Атрофдагилар, ҳатто касбдошлар ҳам “тепадагилар” ёқтирмайдиган журналистдан узоқроқ юришга ҳаракат қилишарди. Ўзим билан юз берган воқеаларни ёзиб ўтирмайман. Бу ҳақда ўз вақтида бир неча марта ёзган эдим.

Жамиятимиз ва интернет нашрлардаги ўзгаришлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати билан, ошкоралик, шаффофлик барча ишларнинг асосий мезони бўлиши лозимлиги ҳақидаги талаблари билан бевосита боғлиқ десам, айтганларим тилёғламалик сифатида талқин қилинмаса керак.

Айнан ана шу сиёсат туфайли Каримберди Тўрамуродовга бўлган муносабатда ўзгариш юз берди ва у кеча Бош прокуратура томонидан унга ҳеч ким ёки ҳеч нарса таҳдид қилмаётганлиги, агар шундай ҳолат юз берган бўлса, айбдорлар тегишли жазосини олиши маълум қилинди.

Бу илғор фикрли юртдошларимизнинг катта ғалабаси. Эзгулик йўлидаги ҳаракатларимизни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватласак, бир-биримизга елкадош бўлсак, жамиятимиз ҳам, давлатимиз ҳам барча жабҳаларда ривожланиб бораверади.

Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ

Комментариев нет:

Отправить комментарий